ЎзА Ўзбек

22.06.2015 20:11 Янги қонунларга шарҳлар

Биронта ҳам мурожаат эътибордан четда қолмайди

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнида ҳар бир инсонни қадрлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2014 йил 3 декабрда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши ва самарали ҳимоя қилинишини тартибга солишда муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.

Мазкур қонун мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш, идора ва ташкилотларда мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида жойларда кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари комплекси таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар масъул ходимлари иштирокида бўлиб ўтган семинар ушбу масалага бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи И.Жасимов ва бошқалар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш олий қадрият эканини, амалга оширилаётган барча ислоҳот ва янгиланишлар шу мақсадга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Мурожаат қилиш ҳуқуқининг қонун асосида мустаҳкамлангани фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини яратди.

Қонунда мурожаатларнинг шакллари, уларга қўйиладиган талаблар аниқ баён этилган. Жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби, муддатлари, мурожаатларни кўрмай қолдириш асослари, мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда давлат органларининг мажбуриятлари, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликка оид қоидалар ўз ифодасини топган.

Қонун талабларини самарали қўллашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги “Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Иштирокчиларга низом талаблари ва уни амалиётда қўллаш тартиби батафсил тушунтирилди.

Семинарда идора ва ташкилотларда мурожаатлар билан ишлаш механизми шаклланаётгани мурожаат этувчиларнинг манфаатлари таъминланишига хизмат қилаётгани қайд этилди. Бу тизим мурожаатларнинг камайишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Анжуманда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар, амалиётда учраётган масалалар юзасидан мутасаддилардан жавоб олди.

Дилшод Каримов, ЎзА