ЎзА Ўзбек

06.10.2014 14:49 Янги қонунларга шарҳлар

Қасддан банкротлик учун жавобгарлик белгиланди

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда бозор иқтисодиётининг асоси бўлган хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлайдиган қонунчилик базаси шакллантирилди. Бу иқтисодиётимизнинг барқарор юксалиб боришида муҳим ўрин тутаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишига, аҳоли бандлиги таъминланиши ва даромадлари ошишига кенг йўл очди.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, бу йўналишдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, хусусан, қасддан банкротликка олиб келиш ҳолатларини аниқлаш бўйича ҳуқуқий чораларни кучайтиришга эътибор қаратилмоқда.

2014 йил 5 сентябрда матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ана шундай ҳолатларга барҳам беришга хизмат қилади.

Қонунчиликка мувофиқ, қарздор пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ёки мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаса бундай корхона банкрот, деб эътироф этилади.

Афсуски корхонанинг банкрот деб эътироф этилиши натижасида ушбу корхона билан шартномавий муносабатларга киришган бир қатор хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий манфаатлари ва молиявий хўжалик фаолиятига жиддий зарар етади. Шу боис мазкур қонуннинг асосий мақсади банкрот деб эълон қилинган корхона билан муносабатларга киришган кредиторларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Қонун билан корхонанинг ўзини банкрот, деб эътироф этишга оид судга мурожаатларини қанчалик ҳақиқий эканлигини аниқлаш лозимлиги ҳақидаги ҳамда банкротликка қасддан олиб келган шахсларга жавобгарлик белгилаш орқали бошқа тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишининг олдини олишга оид нормалар белгиланди.

Таҳлиллар натижасида айрим корхоналар бозор иқтисодиёти шароитидаги рақобот муҳитига бардош беролмаётгани боис банкротлик ҳолатига тушган бўлса, баъзан банкротликка сунъий равишда йўл қўйилаётгани аён бўлди. Бунга “Банкротлик тўғрисида”ги қонунда суд бошқарувчилари зиммасига мансабдор шахсларнинг ва қарздор мол-мулк эгаларининг ҳаракатларида қасддан банкротликка олиб келиш ёки олдиндан ўйлаб содир этилган банкротлик аломатлари бор-йўқлигини ўрганиш вазифасини юкловчи қоидаларнинг йўқлиги сабаб бўлаётган эди.

Ушбу соҳада юзага келаётган бўшлиқларни тўлдириш мақсадида қабул қилинган янги қонун билан “Банкротлик тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Унда суд бошқарувчиларига қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш вазифасини юкловчи қоида ўз ифодасини топган. Хўжалик суди кредиторнинг аризасига кўра банкротликка оид ишни кўриб чиқиш чоғида қасддан банкротликка олиб келиш ёки сохта банкротлик ҳолатларининг бор-йўқлиги юзасидан экспертиза тайинлаш ҳуқуқига эга бўлди. Эндиликда ишда иштирок этувчи шахслар ҳам хўжалик судига ана шундай экспертиза тайинлаш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин.

Кредиторларга зарар етказиш мақсадини кўзлаган ҳолда қасддан банкротликка олиб келиш ғайриқонуний ҳаракат, деб баҳоланади. Зеро, давлатимиз раҳбарининг 1998 йил 4 мартдаги “Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги ва шартнома мажбуриятларининг бажарилиши учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш тўғрисида”ги фармонида хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари корхоналарни банкрот бўлиш даражасигача етказгани учун жавобгарликка, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши қайд этилган.

Бу борада жавобгарликни ошириш мақсадида Жиноят кодексига ҳам қўшимча киритилди. Унга кўра, қасддан банкротликка олиб келиш жиноий ҳаракат сифатида баҳоланади.

Мулкдор томонидан шахсий манфаатларини ёки бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб содир этилган қасддан банкротликка олиб келиш энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шу ўринда қасддан банкротликка олиб келиш аломатларига тўхталсак. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 14 августдаги қарори билан тасдиқланган “Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш қоидалари”да яққол ифода этилган. Унга кўра, пул маблағларидан ва бошқа мол-мулкдан қарздорга қасддан зиён ёки зарар етказган ҳолда жиноий тарзда фойдаланиш, тўлов интизомини бузиш ва шартнома мажбуриятларини бажармаслик, мол-мулкни баланс қийматидан паст нархда сотиш ёки уни текин бериш каби ҳаракатларнинг амалга оширилиши қасддан банкротликка олиб келиш аломатларига киради.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мазкур ҳаракатлар кредиторларга кўп миқдорда, яъни энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган миқдорда зарар етказилишига олиб келган тақдирда жиноят ҳисобланади. Қонунда рағбатлантирувчи нормалар ҳам назарда тутилган, яъни, қасддан банкротликка олиб келган шахс етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган тақдирда, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги мумкин.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қасддан банкротликка олиб келиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи янги модда киритилган. Кредиторларга етказилган зарар миқдори белгиланган кўп миқдордан кам бўлса, маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Бундай ҳолатда жавобгарга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солинади.

Бундай чора-тадбирлар пул маблағлари ва бошқа мол-мулкдан оқилона фойдаланишга, корпоратив бошқарув сифатини яхшилашга, корхона иқтисодий салоҳиятини кўтариш ва иш ўринларини сақлашда корхона раҳбари ва мол-мулк эгаларининг масъулиятини оширишга кўмаклашади. Бундан ташқари, кредиторлик қарз миқдорини камайтириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш шартнома мажбуриятларини бажаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бу солиқларни тўлашдан бўйин товлашни бартараф этиш, бир кунлик фирмалар пайдо бўлишининг олдини олиш, нақд пулнинг банкдан ташқари айланмасини қисқартиришга ижобий таъсир кўрсатиб, иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлайди.

Мардонбек Бобожонов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари
мониторинги институти етакчи илмий ходими. 

ЎзА