Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.04.2014 11:42 Янги қонунларга шарҳлар

Аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш тизими янада мустаҳкамланмоқда

Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида амалга оширилаётган тадрижий ислоҳотлар халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатининг ортиб боришида, иқтисодиётимизнинг барқарор суръатлар билан ўсиши ва юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора юксалишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу жараёнда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият бўлган, қонун устуворлигини таъминлайдиган жамият асослари янада мустаҳкамланмоқда. Халқимиз манфаатларига мос бундай амалий ишларни рўёбга чиқаришда мамлакатимиз умумий юрисдикция судлари ҳам изчил фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бўритош Мустафоев билан ЎзА мухбирининг суҳбати мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида бўлди.

– Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципи ҳаётда ўз ифодасини топмоқда, – дейди Б.Мустафоев. – Энг муҳими, улар ўртасидаги муносабатларда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлайдиган самарали тизим барпо этилди.

Бунда давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси муҳим аҳамият касб этмоқда.

Концепцияга мувофиқ ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги қонуннинг қабул қилингани давлат ҳокимияти тизимини янада демократлаштириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди. Зеро, ушбу қонунда ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларининг мустақиллигини, ваколатлари мутаносиблигини, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини сақлаш тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга оид муҳим янги меъёрлар белгиланган.

Қонун мамлакатимиз тараққиётининг муҳим мезони бўлган “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини амалга оширишни бундан буён ҳам изчил давом эттиришдек эзгу мақсадга йўналтирилган.

Конституцияга киритилган тузатишларнинг суд фаолиятига оид қисмига тўхталадиган бўлсак, бу авваламбор, фуқароларнинг давлат бошқаруви органлари билан муносабатида иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини ишончли тарзда ҳимоя этиши лозим бўлган фуқаролик, маъмурий суд ишларини юритишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиради. Янги таҳрирдаги "Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳам маъқуллангани судьялик лавозимига номзодларни танлаш, тайёрлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари тизимини янада мукаммаллаштиради. Барча даражалардаги судьяларнинг малака коллегиялари фаолиятини самарали ташкил этиш суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

– Концепцияга мувофиқ суд-ҳуқуқ тизимининг янада ислоҳ этилгани судлар фаолиятига қандай ўзгаришлар киритди? Қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашда уларнинг аҳамияти қандай бўлмоқда?

– Дарҳақиқат, кейинги тўрт йилда мамлакатимиз суд тизимида замонавий демократик талаблар асосида амалий чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди. Бунинг натижасида соҳада ўзига хос янги босқич бошланди, десак муболаға бўлмайди. Жумладан, жиноят ишини юритишда суд назоратини мустаҳкамлаш, ҳимоя ва айблов тортишувини таъминлаш тизими ва механизмларини такомиллаштириш мақсадида “Хабеас корпус” институти қўлланилиши кенгайтирилди. Жиноят-процессуал қонунчиликдан суднинг жиноят ишини қўзғатиш, жиноят иши бўйича айблов хулосаларини эълон қилиш ваколатлари соқит қилинди. Судгача иш юритиш босқичида тергов устидан суд назорати кучайтирилди. Шахсни лавозимидан четлаштириш ва тиббиёт муассасасига жойлаштириш каби процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ваколатлари судларга берилди.

Президентимизнинг суд тизими ходимларининг ижтимоий ҳимоясини тубдан яхшилашга оид фармонининг қабул қилингани суд ҳокимияти нуфузини мустаҳкамлаш, бугунги кун талабларига жавоб берадиган суд кадрларини танлаш ва тайинлашнинг самарали тизимини яратди. Бу меъёрларни ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамлаш мақсадида 2014 йил 20 январда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва Солиқ кодексларига, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”, “Судлар тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги қонунларга ва бошқа меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

“Судлар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишга кўра, эндиликда судья бўлаётган шахс ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлиши талаб этилади. Чунки бу тизимда етарли даражада ишлаш давомида ходим ўз билим ва малакасини ҳар жиҳатдан ошириш, суд-ҳуқуқ тизимидаги давлат сиёсатининг моҳиятини чуқур англаш билан бирга ўзига хос ҳаётий тажрибага ҳам эга бўлади.

Судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахслар белгиланган тартибда ўқиши ва стажировка ўташи шарт. Бу тартиб-қоидалар соҳага ҳар томонлама етук кадрларни, хусусан, муайян иш тажрибасига эга шахсларни жалб этиш орқали суд ишлари самарадорлигини ошириш, энг муҳими, инсон ҳаёти ва тақдири билан боғлиқ масалаларни адолатли ҳал этишга замин яратди.

Қонун асосида судьяларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш билан боғлиқ масалаларга ҳам ойдинлик киритилди. Жумладан, судьялик лавозимига сайланганлиги ёки тайинланганлиги туфайли ишдан озод қилинган шахсларга уларнинг ваколатлари тугаганидан кейин аввал эгаллаб турган иши (лавозими), бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) бериладиган бўлди. Бу уларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаб, Бош Қомусимизда мустаҳкамланган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларининг амалий ифодаси ҳамдир.

Судьяларнинг ваколат муддати тугагандан сўнг уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи янги ваколат муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш учун ҳужжатлари кўриб чиқиладиган даврда ёхуд янги иш жойига жойлаштирилгунга қадар, кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.

Мазкур ўзгаришлар ҳокимиятнинг алоҳида тармоғи бўлмиш суд ҳокимиятининг жамиятдаги обрўсини янада кўтаришга, судьялар ҳаётининг моддий-маиший шароитларини сезиларли даражада яхшилашга хизмат қилмоқда. Ўз навбатида, бу одил судловни сифатли амалга ошириш, фуқароларнинг конституциявий асосда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини янада кенгроқ таъминлашга йўл очмоқда.

2013 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 173 мингдан ортиқ иш кўриб чиқилди. Судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари сони 2012 йилга нисбатан 1,5 фоизга камайди. Айрим жиноят турлари, хусусан, ўғирлик, гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш, қасддан баданга шикаст етказиш, талончилик каби жиноятлари учун судланганлик кўрсаткичлари камайди. Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 12 минг нафардан ортиқ, мазкур институт амалиётга жорий қилинганидан буён эса 150 мингдан зиёд шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

– Президентимизнинг 2013 йил 4 октябрдаги “Туман ва шаҳар умумий юрисдикция судлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан қандай ишлар амалга оширилди?

– Таъкидлаш жоизки, сўнгги беш йил ичида фақат фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилган ишлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари уч-тўрт баробар кўпайди. Бу фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданияти, судларга бўлган ишончи, иш кўламининг ошиб бораётганидан далолатдир. Бу ишларни малакали ва сифатли кўриб чиқишни янада яхшилаш, шу билан бирга, туман судлари тузилмасини, ҳудудий жойлашуви ва судьялар сонини кўпайтириш лозимлигини кўрсатди.

Президентимиз фармони фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим омил бўлди. Чунки шу асосда қўшимча равишда фуқаролик ишлари бўйича 12 туманлараро (туман) суди тузилиб, судларнинг янгиланган тузилмаси (юрисдикция ҳудуди) тасдиқланди. 2014 йил давомида фуқаролик ишлари бўйича Фориш, Бойсун, Нуробод, Амударё, Учқудуқ туманлари судлари, Пайариқ, Касби, Қуйи Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Пешку, Яккабоғ, Ғаллаорол туманлараро судлари фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш режалаштирилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида Жиззах вилоятининг Фориш, Самарқанд вилоятининг Пайариқ, Қашқадарё вилоятининг Касби, Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманлараро судлари иш бошлади. Бу мазкур ҳудудларда яшовчи аҳолига катта қулайлик яратди. Уларнинг юзлаб чақирим узоқликда жойлашган судларга бориши, мурожаат этиши билан боғлиқ кўплаб муаммоларни бартараф этди.

Шуни ҳам айтиш керакки, фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида Судлар ташкилий фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил этилди. Мазкур тузилма судьялар мустақиллиги ҳамда уларнинг фақат қонунга бўйсуниши тамойилига қатъий риоя этган ҳолда, судларнинг ижро интизоми билан боғлиқ ишларини назорат қилмоқда.

Бошқарма томонидан “Умумий юрисдикция судлари ташкилий фаолиятини текшириш бўйича йўриқнома”, “Умумий юрисдикция судлари аппарати ходимларининг юриш-туриш қоидалари”, “Умумий юрисдикция судлари биноларида фуқароларнинг юриш-туриш қоидалари”, “Умумий юрисдикция судлари аппарати кадрларини танлаш, жой-жойига қўйиш ва малакасини ошириш тартиби тўғрисида”ги ва “Умумий юрисдикция судлари учун ички меҳнат тартиби қоидалари” тўғрисидаги низомлар ҳамда бошқа йўриқномалар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда.

Суд амалиётини умумлаштириш бўлими негизида ахборот-таҳлил бўлими тузилди. Унинг ходимлари суд амалиётини умумлаштириш натижаларига оид таҳлилий материаллар тайёрлаш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, амалдаги қонун ҳужжатларининг суд амалиётида бир хилда ва тўғри татбиқ этилиши юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш каби вазифаларни бажармоқда.

Бу каби ишларнинг тизимли равишда ўрганилиб, таҳлил этиб борилиши, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш чораларининг кўрилиши суд ишлари самарадорлиги ошиши ва, албатта, ягона суд амалиёти юритилишига хизмат қилмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2008 йилда Олий суд ҳузурида Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази тузилди. Унга юклатилган вазифалар ижроси бугунги кунда қандай таъминланаётгани хусусида ҳам тўхталсангиз.

– Ушбу марказнинг ташкил этилгани суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий ва узвий давоми бўлди. Бу ерда қонунчилик базасини таҳлил қилиш ва умумлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш борасида ҳуқуқни қўллаш, суд амалиётини ўрганиш ва умумлаштириш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Марказда соҳага оид ислоҳотлар, қабул қилинган барча қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзида акс эттирган ҳамда суд қонунчилигини янада либераллаштириш ва демократлаштиришга қаратилган маълумотлар базаси шакллантирилди.

Тадқиқот маркази ҳуқуқни қўллаш амалиёти тўғри ва бир хилда қўлланилишини ўрганиш мақсадида судлар фаолиятини бевосита ўрганиш орқали мониторинг ишларини амалга ошираётир. Бундай таҳлиллар қонунчилик базаси, статистик маълумот, суд амалиётини ўрганиш орқали умумлаштириш, аксарият ҳолларда судья ва суд ходимлари ўртасида ижтимоий сўров олиб бориш йўли билан ўтказилмоқда.

Тизимли таҳлил ва мониторинглар натижаси юзасидан қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тайёрлаш амалиёти тўла шаклланди. Бунинг натижасида кўплаб янги қонунлар қабул қилиниши билан бирга, айрим қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилишига марказ ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Суд фаолияти соҳасида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларини чуқур ўрганиш ҳамда миллий қонунчиликка татбиқ этиш, одил судловни амалга ошириш соҳасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда суд-ҳуқуқ соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш, экспертларни жалб қилган ҳолда конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказиш, халқаро-ҳуқуқий тадқиқотларни амалга ошириш ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ишлари изчиллик билан давом эттирилмоқда. 2013 йилда бу йўналишда қирққа яқин ўрганиш олиб борилди.

Ривожланган мамлакатларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва амалиётини ўрганиш ва улар билан тажриба алмашиш мақсадида бевосита АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Польша, Сингапур, Гонконг ва Озарбайжон каби мамлакатлар билан изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган.

– Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш қандай самара бермоқда?

– Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш аввало ишларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартиради. Бу фуқароларнинг вақти, маблағи тежалиши, ҳуқуқлари ўз вақтида тикланишига кенг йўл очмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида “Фуқаролик судловни такомиллаштириш: самарали суд бошқаруви” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳозир ушбу лойиҳа амалиётга татбиқ этилиб, шу асосда “E-Sud” электрон судлов миллий ахборот тизими ишлаб чиқилди.

Мазкур ахборот тизими судларда электрон ҳужжат алмашинувини жорий этиш, тарафларга суд хабарномаларини ва ҳужжатларини ахборот-коммуникация технологиялари воситалари орқали жўнатиш, суд ҳужжатларини ишлаб чиқилган намуналар асосида тайёрлаш, суд мажлисларининг ягона тақвимини жорий этиш, суд ҳужжатлари сақланадиган ягона маълумотлар базаси ва суд ҳисоботларини тузишни автоматлаштириш каби вазифаларни ўз ичига олади.

2013 йил ноябрь ойидан бошлаб “E-Sud” ахборот тизими фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судида синовдан ўтказилмоқда. Бугунги кунга келиб мазкур тизим орқали тўрт мингдан ортиқ суд буйруғи бериш ҳақидаги ариза келиб тушди. Улар судья ва суд ходимлари томонидан ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда кўриб чиқилди.

Лойиҳа доирасида электрон судлов ахборот тизимининг даъво ва шикоят тартибида иш кўришга мўлжалланган қисмлари яқинда синовдан ўтказилади. Бундан ташқари, 2014 йилнинг охирига қадар мазкур тизимнинг апелляция, кассация ва назорат тартибида ишларни қайта кўришга мўлжалланган қисмларини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Келажакда суд жараёнларини аудио ва видео воситалари орқали ёзиб олиш, суд жараёнида масофадан иштирок этиш каби қўшимча тизимларни жорий этиш ҳам кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар умумий юрисдикция судлари фаолиятини янада такомиллаштириш, одил судловни сифатли амалга ошириш, фуқароларнинг конституциявий асосда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлиги, ижтимоий адолат, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини янада кенгроқ ва тўлароқ таъминлашга хизмат қилмоқда.


ЎзА, Норгул Абдураимова