Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.10.2015 17:25 Янги қонунларга шарҳлар

Аҳоли саломатлиги ва осойишталиги йўлида

Миллий матбуот марказида мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашнинг қонунчилик тизими, тўпланган тажриба ва устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Л.Тўйчиев, Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори Б.Алматов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббиёт тизимини модернизациялаш, санитария-эпидемиология соҳасини ислоҳ этишга қаратилаётган доимий эътибор юқумли касалликлар бўйича барқарорликни таъминлаш, соғлом муҳит яратиш ва инсон саломатлигини асрашда юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимизда бу йўналишдаги ишларни ташкил этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий ва амалий механизми яратилган. Замонавий андозаларга тўла мос келадиган санитария-эпидемиология хизмати ташкил этилиб, соҳанинг моддий-техник базаси йилдан-йилга такомиллашмоқда. Эмлаш орқали юқумли касалликларга қарши курашнинг самарали тизими яратилган ва бу борада қабул қилинган миллий эмлаш тақвими янги вакциналар билан бойитилмоқда.

Ичимлик сувининг сифати устидан мониторинг юритиш, бозорлар, овқатланиш шохобчалари, жамоат жойларида санитария ҳолатини яхшилаш, чиқиндиларнинг инсон саломатлигига салбий таъсирининг олдини олиш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш масаласи доимий эътиборда.

Бу йўналишдаги тизимли ишлар натижасида мамлакатимизда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлашга эришилмоқда. Ушбу соҳада аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича ишончли тизим яратилгани самарасида илгарилари инсон ҳаёти ва саломатлигига жиддий таъсир этган кўпгина юқумли касалликлар, жумладан, гепатит В, полиомиелит, дифтерия, қизамиқнинг олдини олишга эришилмоқда.

Глобаллашув жараёни чуқурлашаётгани, ижтимоий-иқтисодий муносабатлардаги янгиланишлар ушбу соҳада ҳуқуқий механизмларни тубдан ислоҳ этишни, инсон саломатлигини асраш, экологик барқарорликни таъминлашга оид чора-тадбирларни кенгайтиришни тақозо этаётир.

2015 йил 27 августда эълон қилинган “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бу борадаги устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Қонунда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги, давлат санитария назорати, инсоннинг яшаш муҳити, санитария-эпидемиологик вазият, юқумли ва паразитар касалликлар каби тушунчалар моҳияти очиб берилган. Санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ чора-тадбирларни ташкил этишнинг аниқ механизмлари белгиланган.

– Янги қонунда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари аниқ белгиланган, – дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди етакчи мутахассиси Наргис Азаматова. – Унга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари соҳага оид давлат дастурлари, ҳудудий ва бошқа дастурларнинг бажарилишида иштирок этади. Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги борасидаги тадбирларни, ҳовли ва уйлар атрофидаги ҳудудларда қурилишлар қилиш, уларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Бу чора-тадбирлар соғлом муҳит барпо этиш, аҳоли саломатлигини асрашга йўналтирилган ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим омилдир.

Тадбирда мамлакатимизда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари ва бажарилаётган чора-тадбирлар юзасидан маърузалар тингланди. Янги қонунда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда давлат, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада кенгайтириш билан боғлиқ вазифалар белгилаб олинди.

Баҳор Хидирова, ЎзА