ЎзА Ўзбек

11.09.2015 17:17 Янги қонунларга шарҳлар

Аҳоли саломатлиги ва осойишталиги йўлида

Президентимиз раҳнамолигида халқимизга муносиб турмуш шароити яратиш, тинч-фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, айниқса, саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз навбатида, тиббий хизматнинг сифатини яхшилаш учун тизимли равишда ташкилий, иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш изчил давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 1996 йилда қабул қилинган “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунида фуқароларнинг соғлиқни сақлашга доир ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланиши мустаҳкамланган. Шу билан бирга, унда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги фаолияти ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинган.

1998 йилда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури қабул қилинди. Унда юқумли ва вирусли касалликларнинг олдини олиш бўйича санитария-эпидемиология тизимини тубдан яхшилашга алоҳида эътибор қаратилган. Шу асосда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида алоҳида ўта хавфли юқумли касалликларнинг юртимизга четдан кириб келишининг олди олинаётир.

2015 йил 27 августда эълон қилинган “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган мазкур қонуннинг қабул қилиниши билан 1992 йилдаги “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги қонун ўз кучини йўқотди.

Янги қонун аввалгисидан ўзининг мазмун-моҳияти, кўзлаган мақсадлари билан мутлақо фарқ қилади. Агар аввалги қонун давлат томонидан олиб бориладиган санитария назоратига йўналтирилган бўлса, янги қонунни ишлаб чиқишда конституциявий нормаларга таянилган. Жумладан, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланишидан келиб чиқиб, асосий мақсад назорат эмас, балки аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш эканлигига алоҳида урғу берилди.

Қонунда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги, давлат санитария назорати, инсоннинг яшаш муҳити, санитария-эпидемиологик вазият, юқумли ва паразитар касалликлар каби тушунчаларнинг моҳияти очиб берилган.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мазкур соҳада ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди. Давлат дастурларини тасдиқлаш ва амалга ошириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ушбу соҳадаги давлат дастурларини амалга оширишда ўз ваколатлари доирасида иштирок этади. Ҳудудий дастурларни тасдиқлаш ва амалга ошириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари тегишли ҳудудий бўлинмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, ҳудудларнинг санитария-эпидемиологик ҳолатини яхшилаш, аҳолининг санитария маданияти даражасини оширишга доир чора-тадбирларни амалга оширади.

Давлат санитария назорати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳамда шаҳарлар давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан амалга оширилади. Айрим ҳарбийлашган вазирлик ва идораларда эса уларнинг тегишли таркибий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Қонунда давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатиб ўтилган. Хусусан, соҳага оид қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш, аниқланган хавфлар тўғрисида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш, санитария-эпидемиологик вазият ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида юридик ва жисмоний шахсларни хабардор қилиш шартлиги кабилар давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг мажбурияти сифатида белгиланган.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда иштирок этишининг қонуний асослари мустаҳкамланди. Унга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари соҳага оид давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади. Тегишли ҳудудда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги тадбирларнинг амалга оширилиши, ҳовли ва уйлар атрофидаги ҳудудларда қурилишлар ҳамда ҳовли ва уйларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Қонунда юридик ва жисмоний шахсларнинг соҳага оид ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар фуқаролар, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши оқибатида, шунингдек, санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш пайтида ўзларининг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда қопланиши, давлат санитария назоратини амалга оширувчи органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органларга ёки мансабдор шахсларга ёхуд судга белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.

Фуқароларнинг қулай яшаш муҳити, соҳага оид ахборот олиш, таклифлар киритиш, қонун ҳужжатлари бузилишлари оқибатида ўз соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқлари билан бир қаторда мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш ҳамда бошқа фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ва қулай яшаш муҳитига бўлган ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлувчи ҳаракатларга йўл қўймаслиги шартлиги каби мажбуриятларга ҳам эгалиги қайд этилган.

Қонунда санитария-гигиена тадбирларини ва эпидемияга қарши кураш тадбирларни ташкил этиш ҳамда ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари белгиланган. Жумладан, санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси, юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида ўтказиладиган чора-тадбирлар, профилактик эмлашлар ўтказиш, дезинфекция тадбирлари, мажбурий тиббий кўриклар, фуқароларни гигиеник ўқитиш ва тарбиялашни ўз ичига олади. Қайд этиш жоизки, аввалги қонунда бундай мазмундаги норма мавжуд эмас эди.

Юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишлича Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар бош давлат санитария врачларининг, улар ўринбосарларининг тақдимномасига кўра тегишли ҳудудларда ёки объектларда белгиланган тартибда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиши мумкин.

Аввалги қонунда белгиланмаган қоидалардан яна бири бу – юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида ўтказиладиган профилактик эмлашлардир. Бу жараён Профилактик эмлашлар миллий тақвимига мувофиқ, шунингдек, эпидемик кўрсаткичлар бўйича ўтказилади.

Қонундаги яна бир янгилик – бу фуқароларни гигиеник ўқитиш ва тарбиялаш бўлиб, мазкур тадбир уларнинг гигиенага, соғлом турмуш тарзига, соғлиқни сақлашга доир билим ва кўникмага эга бўлиши, малакаси ошишига қаратилади ва касалликларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилади.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун инсон ҳаёт фаолияти учун қулай шарт-шароитлар таъминланишига, касалликларнинг олди олинишига, аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга, санитария нормалари ва қоидаларини қатъий бажаришга хизмат қилади.

Миравзал Миракулов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти
бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди.

ЎзА