ЎзА Ўзбек

22.01.2015 14:31 Янги қонунларга шарҳлар

Иқтисодий ўсиш суръати янада ошади

Жамиятимизда тадбиркорлик муҳити тобора мустаҳкамланиб бораётгани юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга замин яратмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида ҳам бу алоҳида эътироф этилди.

Таъкидланганидек, ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 2000 йилдан буён 31 фоиздан 56 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 12,9 фоиздан 31,1 фоизга ўсди.

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар бундан буён ҳам мамлакатимиз иқтисодий ўсиш суръатларига ўз ижобий таъсирини кўрсатади. Жумладан, 2014 йил 12 декабрда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида тадбиркорларга янада кенг қулайликлар яратишни назарда тутувчи қоидалар амалиётга киритилди.

– Мамлакатимизда тадбиркорларнинг фаолият юритиши учун қулай шароит яратиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг очиқлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бош илмий ходими, юридик фанлар номзоди Зафар Рўзиев. – Бу қулай ишбилармонлик муҳити вужудга келишига замин яратди. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлди.

Янги қонун мазкур фармонларга асосан қабул қилинган бўлиб, унга кўра қонун ҳужжатларига киритилган янгиликлар тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунига киритилган ўзгартиш билан табиий монополия субъектлари фаолияти устидан самарали давлат назоратини амалга ошириш белгиланди. Эндиликда табиий монополия субъектлари фаолияти устидан давлат назорати монополияга қарши давлат органи томонидан амалга оширилади. Бу жараёнда товарлар нархини белгилаш ҳамда нарх ва тарифларни қўллаш тартибига риоя этилиши доимий эътиборда бўлади. Бу, албатта, истеъмолчилар манфаатлари таъминланишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунига киритилган қўшимчага кўра кичик тадбиркорлик субъектлари доираси кенгайтирилди. Эндиликда енгил саноат, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари соҳасида фаолият юритаётган корхоналарда ходимлар ўртача йиллик сони кўпи билан икки юз киши бўлса, металлга ишлов бериш, мебель саноати каби соҳаларда ходимларнинг ўртача йиллик сони кўпи билан юз киши бўлса ана шундай мақомга эга бўлади. Улар қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлардан бемалол фойдаланади.

Қонуннинг “Тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун ноқулай бўлган қонун ҳужжатларидаги ўзгартишлардан кафолатлар” деган янги модда билан тўлдирилгани муҳим янгиликдир. Унга кўра, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган қонун ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга киради.

Қонунга киритилган янгиликка биноан бундан буён вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши шарт. Эълон қилинмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг талабларини бузганлик учун тадбиркорлик фаолияти субъектларига нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмайди.

Янги қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонунига ҳам тегишли ўзгартишлар киритилди. Қонун “Фаолиятнинг айрим турларини “бир дарча” принципи бўйича лицензиялаш” деб номланган янги модда билан тўлдирилди. Бундай тартиб тадбиркорлик субъектларига лицензия олишда катта қулайлик яратиб, уларнинг ортиқча вақт ва маблағи сарфланишининг олдини олади.

Кучга кирган қонун мамлакатимизда бизнесни юритиш шароитларини эркин бозор иқтисодиёти талаблари ва тамойилларига, умум қабул қилинган халқаро нормаларга тўлиқ жавоб беришига ҳуқуқий асос бўлди. Тадбиркорлик фаолиятини ортиқча тартибга солиш ҳолатлари бартараф этилиб, давлат органлари билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро муносабатларнинг очиқлиги учун шароит яратилди. Бу тадбиркорлар эркинлигига кенг йўл очиб, уларнинг самарали фаолият юритишига замин яратади.

Норгул Абдураимова, ЎзА