Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

28.05.2015 18:41 Янги қонунлар

Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

Қонунчилик палатаси томонидан 2015 йил 26 мартда қабул қилинган
Сенат томонидан 2015 йил 15 майда маъқулланган


1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

          Ушбу Қонуннинг мақсади ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

          Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

          Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

          жабрланувчи – соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказилган, суғурта товони олиш ҳуқуқига эга бўлган йўловчи;

          йўловчи – ташувчининг хизматларидан фойдаланувчи жисмоний шахс;

          йўловчининг мол-мулки – багаж ва йўловчининг ўзи билан бирга ташиётган қўл юки;

          наф олувчи – йўловчи суғурта ҳодисаси туфайли вафот этган тақдирда, суғурта товонини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс;

          суғурталовчи – тижорат ташкилоти бўлган, мажбурий суғурта қилишни амалга оширишга ҳақли юридик шахс;

          суғурта пули – бу шундай суммаки, суғурталовчи суғурта ҳодисаси содир бўлганда йўловчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини ушбу сумма доирасида қоплаш мажбуриятини олади;

          суғурта ҳодисаси – ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси амал қилиши даврида йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказилганлиги учун ташувчининг фуқаролик жавобгарлиги юзага келганлигининг белгиланган тартибда тасдиқланган факти;

          ташувчи – шаҳар йўловчилар транспортида, темир йўл, ҳаво, автомобиль, дарё транспортида ва бошқа транспортда йўловчиларни ҳамда уларнинг мол-мулкини тижорат асосида ташиш бўйича хизматлар кўрсатувчи ва бунинг учун махсус рухсатномага (лицензияга) эга бўлган юридик шахс.

4-модда. Ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш мажбурияти

          Ташувчи йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказганлик учун ўз фуқаролик жавобгарлигини ташиш бўйича хизматлар кўрсатиш бошлангунига қадар, ушбу Қонунда белгиланган шартлар асосида ва тартибда суғурталаши шарт.

          Агар ташувчиларнинг фуқаролик жавобгарлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари талабларига мувофиқ ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш юзасидан белгиланган суғурта пулидан кам бўлмаган миқдорда суғурталанган бўлса, уларга нисбатан ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш мажбурияти татбиқ этилмайди.

2-боб. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни амалга ошириш шартлари ва тартиби

5-модда. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш объекти ва субъектлари

          Ташувчининг йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича фуқаролик жавобгарлиги юзага келган чоғдаги мулкий манфаатлари ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш объектидир.

          Ташувчи, суғурталовчи, йўловчи, жабрланувчи ва наф олувчи ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш субъектларидир.

6-модда. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси оммавий шартномадир. 
 
          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасига кўра, суғурталовчи суғурта ҳодисаси содир бўлганда жабрланувчига ёки наф олувчига ёхуд ташувчига йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини мазкур шартнома бўйича шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига суғурта пули доирасида қоплаш мажбуриятини олади. 

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси ташувчи ва суғурталовчи ўртасида тузилади. Мазкур шартномани тузиш учун ташувчининг ёзма шаклдаги аризаси асос бўлади. 

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасида кўрсатилиши лозим бўлган шартларнинг тўлиқ эмаслиги учун жавобгарлик суғурталовчининг зиммасида бўлади.

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бир йил муддатга тузилади.

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси шартлари ва уни тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Бунда ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

шартнома предмети;

суғурта пули ва суғурта мукофоти;

шартноманинг кучга кириш санаси ва амал қилиш муддати;

тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

тарафларнинг жавобгарлиги;

низоларни ҳал этиш тартиби;

          шартномани ўзгартириш, бекор қилиш ва муддатидан олдин тугатиш тартиби.

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар ҳам бўлиши мумкин.

7-модда. Ташувчининг суғурта ҳодисаси ҳисобланмайдиган фуқаролик жавобгарлигининг юзага келиши

          Қуйидагилар оқибатида ташувчи фуқаролик жавобгарлигининг юзага келиши ушбу Қонунга мувофиқ суғурта ҳодисаси бўлмайди:

          маънавий зарар етказилганлиги ва (ёки) бой берилган фойданинг ўрнини қоплаш мажбурияти юзага келганлиги;

          нодир ва бошқа ноёб буюмларга, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлардан ва металлардан ишланган буюмларга, диний қадриятга эга буюмларга, санъат асарларига, қўлёзмаларга, ноёб аудиовизуал асарларга ҳамда интеллектуал фаолиятнинг бошқа натижаларига, қимматли қоғозларга, нақд пулларга, шу жумладан чет эл валютасига шикаст етказилганлиги ёки уларнинг йўқ қилинганлиги;

          йўловчининг суғурта ҳодисасини юзага келтиришга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлари натижасида унинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказилганлиги.

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлиги ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолларда юзага келган тақдирда, етказилган зарарнинг ўрни ташувчи томонидан қопланиши ва (ёки) у ушбу зарарни компенсация қилиши керак.

8-модда. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси 

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси тузилганда суғурталовчи ҳисоблаб чиқарилган суғурта мукофоти ташувчи томонидан тўланганидан кейин унга ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлган суғурта полисини беради. 

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси (бундан буён матнда суғурта полиси деб юритилади) тегишли бланкада расмийлаштирилади. Суғурта полиси бланкаси қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат бўлиб, ҳисобга олиш сериясига, рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлиши керак.

          Суғурта полисида қуйидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак:

суғурталовчи тўғрисидаги;

ташувчининг номи ва жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги;

          суғурталовчининг, унинг барча филиалларининг номи, жойлашган ери (почта манзили), улар билан алоқа боғлаш воситалари ҳамда уларнинг иш вақти тўғрисидаги;

          ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасининг амал қилиш даври тўғрисидаги;

суғурта мукофоти тўғрисидаги;

суғурта пули тўғрисидаги;

          ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасининг бошқа муҳим шартлари тўғрисидаги.

          Суғурта полиси бланкасининг намунаси ва уни тайёрлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

          Суғурта полиси йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда ташувчи унинг дубликатини олиш ҳуқуқига эга.

          Дубликат ташувчи мурожаат қилган ва у дубликатни тайёрлаш харажатларини қонун ҳужжатларида белгиланган, ўзи мурожаат қилган санадаги энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг кўпи билан 10 фоизи миқдорида тўлаган кундан эътиборан икки иш куни ичида суғурталовчи томонидан берилади.

9-модда. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта пули

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта пули Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

          Агар ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасининг амал қилиши даврида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта товони (бундан буён матнда суғурта товони деб юритилади) суғурталовчи томонидан тўланса, суғурта пули тўланган суғурта товони суммаси миқдорида камайтирилади. Бунда суғурта пулини тиклаш учун ташувчи тўланган суғурта товони суммасига ҳамда мазкур шартноманинг қолган амал қилиш муддатига мутаносиб суғурта мукофотини суғурталовчининг тегишли билдиришномаси олинганидан кейин етти иш куни ичида қўшимча равишда тўлаши шарт.

10-модда. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифлари 

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифлари, уларнинг энг юқори даражалари, суғурта тарифларининг тузилиши ва уларнинг суғурталовчи томонидан қўлланилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. 

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича белгиланган суғурта тарифларининг амал қилиш муддати бир йилдан кам бўлиши мумкин эмас. Суғурта тарифларининг ўзгариши ташувчи тўлаш санасида амалда бўлган суғурта тарифларига кўра тўлаган суғурта мукофоти миқдори ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасининг амал қилиш муддати ичида ўзгаришига олиб келмайди.

11-модда. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта мукофоти 

           Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта мукофоти суғурта пулини суғурта тарифига кўпайтириш орқали ҳисоблаб чиқарилади.
 
          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта мукофоти бир йўла тўланади. 

          Пул маблағлари суғурталовчининг ёки суғурта агентининг банк ҳисобварағига келиб тушган сана ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта мукофоти тўланган сана ҳисобланади.

3-боб. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта товонини тўлаш

12-модда. Суғурта товони 

           Суғурта товони йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарар миқдорида, лекин суғурта пули миқдоридан кўп бўлмаган миқдорда тўланади. 

          Йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарар миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда аниқланади. 

          Суғурталовчи йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарни бартараф қилиш ва (ёки) камайтириш юзасидан ташувчининг ташаббусига ёки суғурталовчининг талабига кўра кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши муносабати билан ташувчининг юзага келган барча билдирилган ва исботланадиган харажатлари ўрнини ҳатто бу чоралар муваффақиятсиз бўлган ҳолларда ҳам қоплайди. Бунда суғурта товонининг ва ташувчи мазкур харажатларининг умумий суммаси суғурта пули миқдоридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

          Суғурта товони суд харажатларининг, шунингдек жарималар ва бошқа шу каби тўловларнинг ўрнини қопламайди.

13-модда. Суғурта товонини олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар

          Суғурта ҳодисаси содир бўлганда ташувчи суғурта товонини тўлаш талаби кўрсатилган ёзма шаклдаги ариза билан қуйидагиларнинг аслини ёки кўчирма нусхаларини илова қилган ҳолда, суғурталовчига мурожаат этади:

          жабрланувчининг ёки наф олувчининг етказилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабини ўз ичига олган, ташувчи номига ёзилган талабномасининг;

          зарар етказилганлиги фактини ва етказилган зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (ваколатли органнинг ташиш чоғидаги ҳодиса тўғрисидаги хулосаси ёки қарори, тиббиёт муассасасидан олинган маълумотнома ёхуд йўловчининг ҳаётига ёки соғлиғига зарар етказилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар);

          йўловчининг мол-мулкига зарар етказилганлиги фактини ва етказилган зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (багаж паттаси – мавжуд бўлган тақдирда; ташиш чоғида шикаст етказилган ёки йўқотилган мол-мулкнинг тахминий вазни кўрсатилган, йўловчи томонидан ихтиёрий равишда тузилган рўйхати; йўқотилган мол-мулк қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар – мавжуд бўлган тақдирда ва ҳоказо);

          ташувчининг етказилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги қарорининг;
          
          агар иш суд томонидан кўрилган бўлса, етказилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги суд қарорининг;

          жабрланувчи ёки наф олувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг;

          агар суғурта товони йўловчининг меросхўрларига тўланиши керак бўлса, мерос ҳуқуқи олинганлигини, шунингдек меросхўрлар шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг.

          Ушбу моддада назарда тутилмаган ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилиш тақиқланади.

14-модда. Суғурта товонини тўлаш тартиби

          Суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш ҳақидаги ёки тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарори ташувчига у суғурта товонини тўлаш талаби кўрсатилган ёзма шаклдаги ариза билан мурожаат этганидан кейин ўн беш кундан кечиктирмай хабар қилиниши керак. Суғурталовчининг суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарорида рад этишнинг асослантирилган сабаблари кўрсатилган бўлиши лозим.

          Суғурта товони суғурталовчи суғурта товонини тўлаш тўғрисида қарор қабул қилган кундан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай бевосита жабрланувчига ёки наф олувчига тўланади.

          Агар суғурта товонини тўлаш ушбу моддада белгиланган муддатда амалга оширилмаган бўлса, суғурталовчи суғурта товонини тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасидан келиб чиққан ҳолда жабрланувчига ёки наф олувчига суғурта товонига қўшимча равишда пеня тўлайди.

          Агар ташувчи йўловчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини суғурталовчининг ёзма розилигига кўра ўз ҳисобидан қопласа, суғурталовчи ташувчига суғурта товонини мазкур зарарнинг ўрнини қоплаш тартибида ташувчи амалга оширган тўловларни тасдиқловчи ҳужжатлар ташувчи томонидан тақдим этилганидан кейин тўлайди.

          Агар ташувчи йўловчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини суғурталовчининг ёзма розилигисиз ҳар қандай усулда қоплаган бўлса ёки етказилган зарарнинг ўрнини қоплашни ваъда қилган бўлса, ташувчининг бу ҳаракатлари суғурталовчи учун мажбуриятларни келтириб чиқармайди.

          Йўловчининг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобига бошқа манбалардан жабрланувчи ёки наф олувчи томонидан олинган тўловлар суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш бўйича мажбуриятларини камайтирмайди.

          Агар ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш объекти бир вақтнинг ўзида ихтиёрий суғурта бўйича ҳам суғурталанган бўлса, ихтиёрий суғурта бўйича суғурта товони мажбурий суғурта бўйича суғурта товонини тўлаш шартларидан қатъи назар тўланади.

          Йўловчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган, ўрни қопланиши лозим бўлган зарар миқдори тўлиқ аниқлангунига қадар, суғурталовчи суғурта товонининг мазкур зарарнинг амалда аниқланган қисмига мувофиқ бўлган қисмини ташувчининг аризасига кўра тўлашга ҳақли.

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси амал қилиши даврида жабрланувчининг ёки наф олувчининг юзага келган зарарлари ўрни, агар жабрланувчи ёки наф олувчи мазкур шартноманинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин уч йил ичида судга зарарларни ундириш тўғрисидаги даъво билан мурожаат этган бўлса, суғурталовчи томонидан қопланади.

15-модда. Суғурталовчининг регресс талаби қўйиш ҳуқуқи

          Суғурталовчи ташувчига ўзи тўлаган суғурта товони миқдорида қуйидаги ҳолларда регресс талаби қўйиш ҳуқуқига эга, агар зарар:

          йўловчиларни белгиланган тартибда тасдиқланмаган йўналиш бўйича ташиш оқибатида етказилган бўлса, бундан йўловчиларни йўналишсиз таксида ташиш мустасно;

          ташувчининг транспорт воситасини бошқарган шахс йўловчиларни ушбу транспорт воситасини бошқариш учун тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган ҳолда ташиши оқибатида етказилган бўлса;

          носозликлари мавжудлиги ёки муайян шароитлар туфайли транспорт воситасидан фойдаланиш қонун ҳужжатларида тақиқланган транспорт воситасида йўловчиларни ташиш оқибатида етказилган бўлса;

         ташувчи ходимларининг ёки вакилининг суғурта ҳодисаси содир бўлишига қаратилган ёхуд унинг содир бўлишига кўмаклашадиган қасддан қилинган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида етказилган бўлса;

         ташувчининг транспорт воситасини бошқарган шахс йўловчиларни алкоголли ичимликдан мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёхуд шахснинг ақл-иродасига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида ташиши оқибатида етказилган бўлса;

          ташувчининг транспорт воситасини бошқарган шахснинг меҳнат ва дам олиш режими ташувчи томонидан бузилганлиги оқибатида етказилган бўлса.

4-боб. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

16-модда. Ташувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

          Ташувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

          ушбу Қонунга мувофиқ ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини тузиш учун суғурталовчини танлаш;

          суғурталовчидан ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси шартларини тушунтириб беришни талаб қилиш;

          суғурталовчининг суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилиш.
Ташувчи:

          ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта мукофотини қонун ҳужжатларида белгиланган шартлар асосида ва тартибда тўлаши;

          ташувчининг транспорт воситаларини бошқарувчи шахсларни ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси шартлари билан таништириши, шу жумладан мазкур шартнома бўйича тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;

          ташиш кунида амалда бўлган суғурта полисининг ўзи тасдиқлаган кўчирма нусхасини ўзи фойдаланаётган барча транспорт воситаларига ва (ёки) ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштириши;

          жабрланувчи ёки наф олувчи етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни ўз ичига олган талабнома билан мурожаат этган пайтдан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай суғурталовчини ташиш чоғидаги ҳодиса ҳақида ёзма шаклда хабардор қилиши;

          агар суғурта товони жабрланувчи ёки наф олувчи томонидан ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки бошқача тарзда алдаш оқибатида асоссиз равишда ортиқча тўланган бўлса, бу ҳақда суғурталовчига маълум қилиши ва ортиқча тўланган маблағларни суғурталовчига қайтариш юзасидан зарур чораларни кўриши шарт.

          Ташувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.

17-модда. Суғурталовчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

          Суғурталовчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

          жабрланувчининг ёки наф олувчининг талабномасини ташувчи томонидан кўриб чиқишда иштирок этиш, зарур бўлган ҳолларда эса тегишли экспертларни жалб этиш;

          суғурта ҳодисалари юзага келишининг олдини олиш бўйича тавсиялар бериш;

          ташувчига ушбу Қонуннинг 15-моддасида белгиланган ҳолларда регресс талаби қўйиш.

          Суғурталовчи:

          ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси шартлари билан ташувчини таништириши, шу жумладан унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;

          ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган ташувчи ва жабрланувчи ёки наф олувчи тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши;

          ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни амалга оширишга ҳақли бўлган суғурталовчилар ўртасида суғурта шерикчилигини тузиш ҳақида биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома тузиши шарт.

          Суғурталовчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.

18-модда. Йўловчининг, жабрланувчининг ва наф олувчининг ҳуқуқлари

           Йўловчи, жабрланувчи ва наф олувчи ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси шартлари тўғрисидаги ахборотни ҳамда суғурталовчи ҳақидаги зарур маълумотларни ташувчидан бепул олиш ҳуқуқига эга.

          Жабрланувчи ва наф олувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳуқуқлардан ташқари қуйидаги ҳуқуқларга ҳам эга:

          етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни ўз ичига олган талабнома билан ташувчига ёки суғурталовчига мурожаат этиш;

          қонун ҳужжатларида белгиланган шартлар асосида ва тартибда суғурта товони олиш.

5-боб. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурталовчи фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари

19-модда. Суғурталовчига қўйиладиган талаблар

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни амалга ошириш учун суғурталовчи мажбурий суғурта бўйича суғурта фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тегишли лицензияга эга бўлиши керак.

          Суғурталовчи Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини тузишга, ташувчилар, жабрланувчилар ва наф олувчиларнинг суғурта товони ҳақидаги талабларини кўриб чиқишга ҳамда суғурта товонини амалга оширишга ваколатли ўз филиалларига эга бўлиши керак.

          Мажбурий суғурта қилишни амалга оширишда рақобатни чеклашга ёки бартараф этишга, айрим суғурталовчиларга бошқаларига нисбатан асоссиз афзалликлар беришга ёки айрим суғурталовчиларнинг бошқаларига нисбатан асоссиз афзалликлар олишига, ташувчилар, жабрланувчилар ва наф олувчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини камситишга қаратилган фаолиятни амалга оширишга йўл қўйилмайди.

20-модда. Суғурта шерикчилиги 

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта операцияларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида суғурталовчилар томонидан суғурталовчилар ўртасидаги биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома асосида ташкил этилган суғурталовчиларнинг касбий бирлашмаси бўлган суғурта шерикчилиги тузилади.

          Суғурта шерикчилигининг иш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Суғурта шерикчилиги томонидан ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишдан бошқа суғурта турлари бўйича хавфлар қабул қилинишига йўл қўйилмайди.

21-модда. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта захирасини шакллантириш

          Агар ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни амалга оширишда мазкур суғурта тури бўйича суғурталовчининг даромадлари ва харажатлари орасидаги фарқ бир йилда мазкур даромадларнинг беш фоизидан ортиқ бўлса, суғурталовчи ортиқ суммани ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта захирасини шакллантириш учун йўналтиради.

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта захирасини шакллантириш ҳамда ундан фойдаланиш тартиби суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишни амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

22-модда. Ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича мажбурияти бажарилишини назорат қилишни амалга оширувчи давлат органлари 

          Ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича мажбурияти бажарилишини назорат қилиш транспорт соҳасидаги қуйидаги давлат органлари томонидан амалга оширилади:

          Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси;

          Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси;

          Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги.

          Ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича мажбурияти бажарилишини назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли ваколатга эга бўлган бошқа давлат органлари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.

23-модда. Низоларни ҳал этиш

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

24-модда. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

          Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

25-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

          Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

          ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

          давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

26-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

          Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.


Ўзбекистон Республикасининг  Президенти                                   И. КАРИМОВ

Тошкент шаҳри,
2015 йил 26 май