ЎзА Ўзбек

13.04.2016 11:04 Янги қонунлар

Парламент назорати тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 10 мартда
қабул қилинган 
Сенат томонидан 2016 йил 31 мартда
маъқулланган

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади 

          Ушбу Қонуннинг мақсади парламент назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Парламент назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари 

          Парламент назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

3-модда. Парламент назорати субъектлари 

          Парламент назорати субъектлари қуйидагилардан иборат:
          Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади);
          Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади);
          Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари, комиссиялари;
          Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳлари (бундан буён матнда фракциялар, депутатлар гуруҳлари деб юритилади);
          Қонунчилик палатаси депутатлари;
          Сенат аъзолари;
          Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман).

4-модда. Парламент назорати объекти 

          Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг (бундан буён матнда Олий Мажлис палаталари деб юритилади) ва улар органларининг қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш бўйича фаолияти парламент назорати объектидир.
          Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг, суриштирув ва тергов органларининг, судларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларни, шунингдек ижро иши юритиш ҳамда нотариал иш юритишнинг муайян материалларини кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолият парламент назоратининг объекти бўлиши мумкин эмас.

5-модда. Парламент назорати шакллари 

          Парламент назорати шакллари қуйидагилардан иборат:
          навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетларини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини (бундан буён матнда Давлат бюджети деб юритилади) қабул қилиш, шунингдек Давлат бюджети ижросининг боришини кўриб чиқиш;
          Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг (бундан буён матнда Вазирлар Маҳкамаси деб юритилади) мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш;
          Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг (бундан буён матнда Бош вазир деб юритилади) мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиш;
          Қонунчилик палатаси, Сенат мажлисларида ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш;
          Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг (бундан буён матнда Ҳисоб палатаси деб юритилади) ҳисоботини эшитиш;
          Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини эшитиш;
          Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини эшитиш;
          Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботини эшитиш;
          парламент сўрови;
          Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўрови;
          Қонунчилик палатаси, Сенат қўмиталари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш;
          қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари томонидан ўрганиш ва қонун ости ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан улар томонидан мониторингни амалга ошириш;
          парламент текшируви.
          Парламент назорати қонунга мувофиқ бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

6-модда. Давлат бюджетини қабул қилиш

          Давлат бюджети лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай Ҳисоб палатасининг хулосаси билан бирга Олий Мажлис палаталарига киритилади.
          Давлат бюджети лойиҳаси фракцияларда, депутатлар гуруҳларида, Қонунчилик палатасининг қўмиталарида дастлабки тарзда муҳокама қилинади, улар Давлат бюджети лойиҳаси бўйича фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади.
          Давлат бюджети лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш чоғида фракциялар, депутатлар гуруҳлари ва Қонунчилик палатасининг қўмиталари Давлат бюджети лойиҳаси параметрлари билан боғлиқ қўшимча ахборотни тегишли органлардан талаб қилиб олиши мумкин.
          Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси фракциялардан, депутатлар гуруҳларидан, Қонунчилик палатаси қўмиталаридан келиб тушган фикрлар ва таклифларни умумлаштиради ҳамда Давлат бюджети лойиҳасини Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқиш масаласи бўйича хулоса тайёрлайди.
          Қонунчилик палатаси Давлат бюджети лойиҳасини, қоида тариқасида, уч ўқишда кўриб чиқади.
          Фракцияларнинг, депутатлар гуруҳларининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг Давлат бюджети лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари Қонунчилик палатасининг мажлисида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим.
          Давлат бюджети лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилаётганда у фракцияларнинг, депутатлар гуруҳларининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг келиб тушган мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда маромига етказиш учун Вазирлар Маҳкамасига юборилиши мумкин.
          Вазирлар Маҳкамаси Давлат бюджети лойиҳасини маромига етказади ва уни Қонунчилик палатаси қайта кўриб чиқиши учун киритади.
          Давлат бюджетининг лойиҳаси бўйича қарор Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 15 ноябридан кечиктирмай қабул қилиниши керак.
          Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Давлат бюджети кўриб чиқиш учун Сенатга юборилади.
          Сенатга келиб тушган Давлат бюджети Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилади.
          Давлат бюджети юзасидан қарор Сенат томонидан жорий йилнинг 15 декабридан кечиктирмай қабул қилиниши керак.

7-модда. Давлат бюджети ижросининг боришини кўриб чиқиш

          Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ижроси устидан назоратни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги йилнинг ҳар чорагида Қонунчилик палатасига Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги ахборотни ва зарур материалларни юборади.
          Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг йилнинг ҳар чорагидаги ижросининг боришини кўриб чиқади. Уни кўриб чиқиш чоғида Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, фракцияларнинг, депутатлар гуруҳларининг фикрлари ва таклифлари, масъул қўмитанинг хулосаси эшитилади, муҳокама ўтказилади ва тегишли қарор қабул қилинади.
          Вазирлар Маҳкамаси Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 майидан кечиктирмай Ҳисоб палатасининг хулосаси билан бирга Қонунчилик палатасига тақдим этади.
          Қонунчилик палатаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни фракциялар, депутатлар гуруҳлари ва Қонунчилик палатасининг қўмиталарида дастлабки тарзда муҳокама қилиш асосида кўриб чиқади.
          Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги масалани дастлабки тарзда муҳокама қилиш давомида фракциялар, депутатлар гуруҳлари ва Қонунчилик палатасининг қўмиталари Давлат бюджетининг даромад қисми ижроси хусусида, ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиш ҳолати тўғрисида тегишли органлардан қўшимча ахборотни, шунингдек уларнинг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланилиши ҳақидаги маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин. Бунда фракциялар, депутатлар гуруҳлари жойларда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланилиши масалаларини Қонунчилик палатасининг тегишли қўмиталари томонидан ўрганиш ташаббуси билан чиқиши мумкин.
          Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот фракциялар, депутатлар гуруҳлари ва Қонунчилик палатасининг қўмиталарида муҳокама этилганидан кейин Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилади ҳамда Қонунчилик палатасининг қарори билан тасдиқланади.

8-модда. Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш 

          Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва навбатдаги йил учун назарда тутилган асосий устуворликлар тўғрисидаги ҳар йилги маърузаси Бош вазир томонидан Олий Мажлис палаталарига тақдим этилади.
          Фракциялар, депутатлар гуруҳлари, Олий Мажлис палаталарининг қўмиталари Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади, фикрлар ва таклифлар Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг мажлисида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши керак.
          Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси, Сенат қарор қабул қилади, унда ҳукуматнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим масалаларини ҳал этишга доир фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши мумкин.
          Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қарори Вазирлар Маҳкамасига юборилади.

9-модда. Бош вазирнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиш 

          Қонунчилик палатаси, Сенат зарур бўлган ҳолларда ўз мажлисларида Бош вазирнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиши мумкин.
          Бош вазирнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи қонунга мувофиқ парламент сўрови тартибида эшитилади.
          Фракциялар, депутатлар гуруҳлари, Олий Мажлис палаталарининг қўмиталари Бош вазирнинг ҳисоботини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади, фикрлар ва таклифлар Қонунчилик палатаси, Сенат мажлисида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши керак.
           Бош вазирнинг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси, Сенат қарор қабул қилади, унда ҳукуматнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалаларига доир фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши мумкин.
          Бош вазирнинг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қарори Вазирлар Маҳкамасига юборилади.

10-модда. Қонунчилик палатаси, Сенат мажлисларида ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш

          Қонунчилик палатаси, Сенат зарур бўлган ҳолларда ўз мажлисларида ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиши мумкин.
          Ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш масаласи Қонунчилик палатаси томонидан фракциялар, депутатлар гуруҳларининг ташаббусига кўра, Сенат томонидан эса, қўмиталарнинг ташаббусига кўра кўриб чиқилади.
          Ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш тўғрисида Қонунчилик палатаси, Сенат қарор қабул қилади, қарор Вазирлар Маҳкамасига олдиндан юборилади.
          Ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси, Сенат қарор қабул қилади, унда ҳукумат аъзоларининг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши, шунингдек уларнинг ишига баҳо берилиши мумкин.
          Ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қарори Вазирлар Маҳкамасига юборилади.

11-модда. Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитиш

          Қонунчилик палатаси ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 майидан кечиктирмай ўз мажлисида Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитади.
          Ҳисоб палатасининг ҳисоботи дастлабки тарзда фракциялар, депутатлар гуруҳлари, шунингдек Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.
          Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ҳисоб палатасига ва Сенатга юборилади.
          Сенат ҳар йили ўз мажлисида Ҳисоб палатасининг ҳисоботини мазкур масала юзасидан Қонунчилик палатасининг қарори Сенатга келиб тушганидан кейин эшитади.
          Ҳисоб палатасининг ҳисоботи дастлабки тарзда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.
          Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ҳисоб палатасига ва Қонунчилик палатасига юборилади.

12-модда. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини эшитиш

          Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Сенатга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этилган ҳар йилги ҳисоботи Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.
          Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботи дастлабки тарзда Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.
          Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига юборилади.

13-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботини эшитиш

          Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Сенатга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этилган ҳар йилги ҳисоботи Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.
          Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботи дастлабки тарзда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.
          Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига юборилади.

14-модда. Парламент сўрови

          Қонунчилик палатаси, Сенат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан парламент сўрови юборишга ҳақли.
          Парламент сўровини юбориш тўғрисидаги таклиф Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қўмиталар, фракциялар, депутатлар гуруҳлари томонидан, шунингдек Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида бешдан бир қисми томонидан, Сенат кўриб чиқиши учун эса, қўмиталар томонидан, шунингдек Сенат аъзолари умумий сонининг камида бешдан бир қисми томонидан киритилади.
          Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига оғзаки жавобни тегишинча Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг мажлисида палаталар белгилаган муддатда беради.
          Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига ёзма жавобни, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозим.
          Парламент сўровига ёзма жавоб Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг мажлисида раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади. Ёзма жавобнинг нусхалари тегишли палатанинг мажлисида ўқиб эшиттирилгунига қадар олдиндан Қонунчилик палатаси депутатларига, Сенат аъзоларига юборилади.
          Парламент сўровига жавоб тегишинча Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг мажлисида муҳокама қилиниши мумкин. Қонунчилик палатаси, Сенат парламент сўрови муҳокамаси якунлари бўйича қарор қабул қилади.

15-модда. Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўрови

          Қонунчилик палатаси депутати давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ёки Ўзбекистон экологик ҳаракатининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан, Сенат аъзоси эса, тегишли ҳудудларнинг манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан сўров юборишга ҳақли.
          Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўровига, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ёзма жавоб юборади.

16-модда. Қонунчилик палатаси, Сенат қўмиталари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш

          Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари иш режаларига, Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг ҳамда улар кенгашларининг қарорларига мувофиқ ўз мажлисларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг улар томонидан қонунларга риоя этилиши, Қонунчилик палатаси, Сенат, уларнинг кенгашлари ва қўмиталари қарорларининг бажарилиши тўғрисидаги ахборотини эшитиши мумкин.
          Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари қарорлар қабул қилади, қарорлар тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органига юборилади.

17-модда. Қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари томонидан ўрганиш ва қонун ости ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан улар томонидан мониторингни амалга ошириш

          Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари ўз иш режаларига мувофиқ вақти-вақти билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонунларнинг, Қонунчилик палатаси ва Сенат қарорларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини жойларга чиқиб ўрганади. Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари, шунингдек Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари ўрганиш давомида давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатларни, эксперт хулосаларини, статистика маълумотларини ва бошқа маълумотларни сўраб олиши мумкин.
          Қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш якунлари бўйича Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари ўз мажлисларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиши, шунингдек ўрганиш натижаларини Қонунчилик палатаси, Сенат кўриб чиқиши учун киритиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
          Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари янги қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш учун қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга оширади. Мониторингни амалга ошириш якунлари Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари мажлисларида кўриб чиқилиши мумкин.

18-модда. Парламент текшируви 

          Жамият ва давлатнинг энг муҳим манфаатларига дахл қилувчи, мамлакат хавфсизлиги асосларига, унинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муайян фактларни ёки воқеаларни ўрганиш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан парламент текширувлари ўтказилиши мумкин.
          Қонунчилик палатаси ва Сенат парламент текширувини ўтказиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан комиссия тузади.
          Комиссия парламент текширувини ўтказишда қуйидагиларга ҳақли:
          давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг вакилларини, мутахассислар, экспертлар ва олимларни комиссия ишига жалб этиш;
          давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан, бошқа ташкилотлардан, шунингдек фуқаролардан зарур маълумотларни сўраб олиш;
          давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини, шунингдек фуқароларни тушунтиришлар бериш учун таклиф қилиш.
          Комиссия Олий Мажлис палаталарининг қарорига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
          Комиссия бажарилган иш тўғрисида Олий Мажлис палаталари томонидан белгиланган муддатда уларни хабардор қилади.

19-модда. Прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш

          Прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, мамлакатда қонун устуворлиги ва қонунийликни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича улар ишининг самарадорлигини ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталари томонидан Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тузилади.
          Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан белгиланади.
          Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ҳар йили Сенатга ҳисобот тақдим этади, ҳисобот Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.
          Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботи дастлабки тарзда Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси билан биргаликда кўриб чиқилади.
          Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилади.

20-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан парламент назоратини амалга ошириш

          Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) парламент назоратини «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширади.

21-модда. Парламент назорати натижалари 

          Парламент назорати субъектлари ўз ваколатлари доирасида парламент назорати натижалари бўйича:
          ҳукумат аъзосини истеъфога чиқариш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти кўриб чиқиши учун таклиф киритиши;
          тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига қонун ҳужжатларининг, давлат дастурларининг ижроси, ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларнинг амалга оширилиши самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўриш юзасидан таклифлар ва тавсиялар киритиши;
          давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан киритилган маърузаларни, ҳисоботларни, ахборотни ҳамда бошқа материалларни улар юзасидан мулоҳазалар ва таклифларни кўрсатган ҳолда ушбу органларга маромига етказиш учун белгиланган тартибда қайтариб юбориши;
          парламент назорати материалларини ваколатли давлат органларига ўз ваколатларига мувофиқ кўриб чиқиш учун юбориши;
          фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонун ҳужжатларини бузишнинг бошқа ҳоллари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга дарҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат қилиши;
          мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш, уларни лавозимидан озод этиш тўғрисида тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига таклифлар ва тавсиялар киритиши;
          янги қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш ёки амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқиши;
          парламент назорати натижаларини эълон қилиши мумкин.

22-модда. Парламент назорати натижалари бўйича қабул қилинган қарорларни кўриб чиқиш ва ижро этиш

          Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз ваколатлари доирасида:
          парламент назорати субъектлари томонидан қабул қилинган қарорларнинг кўриб чиқилиши ва ижро этилишини таъминлайди;
          парламент назорати натижалари бўйича ишлаб чиқилган таклифлар ва тавсияларни амалга оширишга қаратилган зарур тадбирларни ишлаб чиқади ва (ёки) қарорлар қабул қилади;
          таклифлар ва тавсияларни кўриб чиқиш натижалари ҳамда улар бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида парламент назорати субъектларига хабар қилади;
          қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўради.

23-модда. Парламент назорати субъектларининг мажбуриятлари 

          Парламент назоратини амалга оширишда парламент назорати субъектлари:
          давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини ҳамда уларнинг мансабдор шахсларини парламент назоратини ўтказиш билан боғлиқ зарур ҳужжатлар билан таништириши;
          давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга ошираётган фаолиятига аралашмаслиги;
          давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, бошқа ташкилотларнинг фаолият кўрсатиши учун тўсиқларни юзага келтирмаслиги;
          давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши шарт.
          Парламент назорати субъектларининг зиммасида қонунга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

24-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг мажбуриятлари 

          Парламент назорати субъектлари парламент назоратини амалга ошираётганда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари:
          парламент назорати амалга оширилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиши;
          парламент назорати субъектларининг қонуний талабларини бажариши, шунингдек уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги;
          парламент назорати субъектларига парламент назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиши, шунингдек уларнинг ишончлилиги ва холислигини таъминлаши шарт.
          Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари парламент назорати субъектларининг парламент назорати натижалари бўйича қабул қилинган қарорларини кўриб чиқиши ва кўриб чиқиш натижалари ҳамда кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида уларни белгиланган муддатда хабардор қилиши шарт.
          Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг зиммасида қонунга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

25-модда. Парламент назорати натижаларини кўриб чиқишнинг очиқлиги ва ошкоралиги

          Парламент назорати натижаларини кўриб чиқиш бўйича Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг ҳамда улар органларининг мажлислари очиқ ва ошкора ўтказилади. Мажлисларга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф этилиши мумкин.
          Зарурат бўлганда, Қонунчилик палатаси, Сенат ва уларнинг органлари ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
          Парламент назорати натижалари оммавий ахборот воситаларида ва Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши мумкин.

26-модда. Парламент назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

          Парламент назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

27-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

          Вазирлар Маҳкамаси:
          ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
          давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

28-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

         Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


Ўзбекистон Республикасининг
Президенти                                                            И.Каримов


Тошкент шаҳри,
2016 йил 11 апрель
№ ЎРҚ - 403