ЎзА Ўзбек

10.01.2018 10:01 Янги қонунлар

Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 14 декабрда 
қабул қилинган
Сенат томонидан 2017 йил 20 декабрда
 маъқулланган

          1-боб. Умумий қоидалар

          1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари


Ушбу Қонуннинг мақсади маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

          Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборатдир.

2-модда. Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонун ҳужжатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштирмаслиги керак.

          Маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишга доир у ёки бу муносабатлар махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган ҳолларда ушбу Қонун нормалари қўлланилади.

          Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси

          Ушбу Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади.

          Ушбу Қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, жиноий мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият, суд ишини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш соҳасида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

          Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳасига кирувчи муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

4-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
          манфаатдор шахс — қабул қилинаётган маъмурий ҳужжат ёки маъмурий ҳаракат қаратилган шахс, шунингдек ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари маъмурий ҳужжатга ёки маъмурий ҳаракатга дахлдор бўлган ёхуд дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахс;
          маъмурий иш юритиш — маъмурий тартиб-таомил орқали тартибга солинган маъмурий ишни кўриб чиқиш, маъмурий ҳужжатни қабул қилиш, уни маъмурий шикоят бўйича қайта кўриш, шунингдек маъмурий ҳужжатни ижро этиш жараёни;
          маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) — маъмурий органнинг қонун ҳужжатлари доирасида йўл қўйилган чоралардан бирини қонунийликка ва мақсадга мувофиқликка ўзи баҳо бериши асосида ўз ихтиёрига кўра қўллаш ёки тегишли чорани қўллашдан воз кечиш ҳуқуқи;
          маъмурий органлар — маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар;
          маъмурий тартиб-таомил — маъмурий органларнинг маъмурий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга солувчи процессуал қоидалар;
          маъмурий ҳаракатлар — маъмурий органнинг жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида амалга оширилган, маъмурий ёки процессуал ҳужжат бўлмаган, юридик аҳамиятга эга ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги);
          маъмурий ҳужжат — маъмурий органнинг оммавий ҳуқуқий муносабатларни юзага келтиришга, ўзгартиришга ёки тугатишга қаратилган ҳамда айрим жисмоний ёки юридик шахслар учун ёхуд муайян хусусий белгиларига кўра ажратиладиган шахслар гуруҳи учун муайян ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарувчи таъсир чораси;
          маъмурий-ҳуқуқий фаолият — айрим жисмоний ёки юридик шахсларга ёхуд муайян хусусий белгиларига кўра ажратиладиган шахслар гуруҳига таъсир кўрсатувчи бошқарув фаолияти;
          процессуал ҳужжат — маъмурий орган томонидан маъмурий иш юритиш давомида қабул қилинадиган, маъмурий ишни мазмунан ҳал этмайдиган ҳужжат.

5-модда. Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари

          Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

мутаносиблик;

ишончлилик;

тингланиш имкониятининг мавжудлиги;

маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги;

манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги;

бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги;

мазмунан қамраб олиш;

маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши;

тенг ҳуқуқлилик;

ишончнинг ҳимоя қилиниши;

маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги;

текшириш.

6-модда. Қонунийлик принципи

Маъмурий тартиб-таомиллар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.

7-модда. Мутаносиблик принципи

          Маъмурий иш юритиш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган таъсир чоралари маъмурий орган томонидан кўзланган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керак.

8-модда. Ишончлилик принципи

          Маъмурий иш юритиш давомида манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган ҳақиқий ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотлар акси исботланмагунига қадар ишончли ҳисобланади.
          Манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг ҳақиқийлигига шубҳа пайдо бўлган тақдирда, маъмурий орган уларнинг ишончлилигини мустақил равишда ва ўз ҳисобидан текшириш учун чоралар кўради.
          Маъмурий иш юритиш давомида манфаатдор шахслардан улар тақдим этган ҳужжатларнинг ёки маълумотларнинг ишончлилигини тасдиқловчи қўшимча материаллар талаб қилиш, агар қонунда бундай талаб белгиланмаган бўлса, тақиқланади.

9-модда. Тингланиш имкониятининг мавжудлиги принципи

          Маъмурий орган манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини бериши шарт.

10-модда. Маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги принципи

Маъмурий тартиб-таомиллар очиқ, шаффоф ва манфаатдор шахслар учун тушунарли бўлиши лозим.
          Маъмурий органлар маъмурий тартиб-таомиллар ҳақидаги ахборотдан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган усуллар орқали эркин фойдаланилишини таъминлаши шарт.

11-модда. Манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги принципи

          Маъмурий иш юритиш давомида юзага келадиган, қонун ҳужжатларининг бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлари ва ноаниқликлари манфаатдор шахслар ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу манфаатдор шахслар фойдасига талқин қилинади.

12-модда. Бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги принципи

          Манфаатдор шахсларга мажбуриятлар орқали қийинчилик туғдириш, фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш маъмурий органларга тақиқланади.
          Агар манфаатдор шахс виждонан ҳаракат қилган, ўз мажбуриятларини мазмунан бажарган бўлса ҳамда расмий қоидалар ва талабларнинг йўл қўйилган бузилишлари маъмурий ишни мазмунан тўғри ҳал қилишга тўсқинлик қилмаса, манфаатдор шахс томонидан расмий қоидалар ва талабларга риоя этилмаганлиги номувофиқ маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қила олмайди.

13-модда. Мазмунан қамраб олиш принципи

          Маъмурий органлар манфаатдор шахсларга илгари ушбу шахслар томонидан бошқа ҳаракатлар доирасида бажарилган талабларни қўйишга ҳақли эмас.
          Агар маъмурий органга тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар маъносига кўра бошқа зарур ҳужжатлар мазмунини ўз ичига олса, ушбу ҳужжатлар қўшимча ёки алоҳида тарзда талаб қилиниши мумкин эмас.
          Агар амалга оширилган маъмурий тартиб-таомил маъносига кўра бошқа маъмурий тартиб-таомилларни ўз ичига олса, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда улар ҳам амалга оширилган деб ҳисобланади.

14-модда. Маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши принципи

          Маъмурий органга маъмурий тартиб-таомилни амалга ошириш учун бошқа маъмурий органлардан ҳамда ўзга органлардан ҳужжатлар ва маълумотлар олиш талаб этилган ҳолларда, маъмурий иш юритиш «бир дарча» принципи бўйича амалга оширилиб, бунда маъмурий орган зарур ҳужжатлар ва маълумотларни мустақил равишда, манфаатдор шахсларнинг иштирокисиз, идоралараро ўзаро ҳамкорлик воситасида олади, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

15-модда. Тенг ҳуқуқлилик принципи

          Маъмурий органларга бир хилдаги ҳақиқий ҳолатларга эга маъмурий ишларни ҳал этишда тенг бўлмаган ёндашувни намоён этиш тақиқланади.
          Ҳақиқий ҳолатлари бўйича жиддий фарқланадиган маъмурий ишларни бир хил тарзда ҳал этишга йўл қўйилмайди.
          Маъмурий орган маъмурий ихтиёрийликни (дискрецион ваколатни) бир хил усулда амалга ошириши шарт. Ушбу қоида маъмурий ихтиёрийликни (дискрецион ваколатни) амалга ошириш билан боғлиқ бўлган, шаклланган маъмурий амалиёт ўзгартирилишини истисно этмайди.

16-модда. Ишончнинг ҳимоя қилиниши принципи

          Виждонан ҳаракат қилувчи манфаатдор шахсларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан қўриқланади.
          Маъмурий органлар манфаатдор шахсларнинг юзага келган маъмурий амалиёт билан боғлиқ қонуний кутилган натижаларини ҳурмат қилиши шарт. Юзага келган маъмурий амалиётнинг ўзгартирилиши жамоат манфаатлари билан оқланган бўлиши, умумий хусусиятга эга ва барқарор бўлиши керак.

17-модда. Маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги принципи

          Маъмурий орган маъмурий ихтиёрийликни (дискрецион ваколатни) қонун ҳужжатларида белгиланган доирада амалга ошириши шарт.
          Маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) асосида қабул қилинган маъмурий ҳужжатлар ва амалга оширилган маъмурий ҳаракатлар ушбу ваколатнинг мақсадига мос келиши керак.

18-модда. Текшириш принципи

          Маъмурий орган маъмурий ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириши шарт.
          Зарурат бўлганда, маъмурий орган манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган далиллар билан чекланмасдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз ташаббуси билан қўшимча далиллар йиғишга ҳақли.

19-модда. Маъмурий тартиб-таомиллар принципларининг қўлланилиши

          Маъмурий ҳужжатлар ва маъмурий ҳаракатлар маъмурий тартиб-таомилларнинг принципларига мувофиқ бўлиши керак.
          Маъмурий тартиб-таомиллар принципларига номувофиқлик маъмурий ҳужжатларнинг ва маъмурий ҳаракатларнинг бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келади.

2-боб. Маъмурий тартиб-таомилларнинг умумий қоидалари

20-модда. Маъмурий ишларнинг тааллуқлилиги

          Маъмурий органлар маъмурий иш юритишни қонун ҳужжатларида ўз ваколатига киритилган масалалар юзасидан амалга оширади.
          Маъмурий ишларнинг тааллуқлилиги тўғрисидаги низолар маъмурий органлар учун юқори турувчи ҳисобланган орган ёки махсус ваколатли орган томонидан ҳал этилади.

21-модда. Идоралараро ҳамкорлик

          Идоралараро ҳамкорлик маъмурий органнинг кўмаклашиш тўғрисидаги сўрови асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бўйсунув муносабатларида бўлган маъмурий органлар ўртасидаги муносабатлар идоралараро ҳамкорлик ҳисобланмайди.
          Маъмурий органнинг кўмаклашиш тўғрисидаги сўрови самаралироқ тарзда тегишли ёрдам кўрсата оладиган ваколатли маъмурий органга йўлланиши керак.
          Маъмурий органнинг кўмаклашиш тўғрисидаги сўровига жавоб берилмаганлиги маъмурий ишнинг ҳал этилишига тўсқинлик қилмаслиги керак.

22-модда. Маъмурий иш юритиш иштирокчилари

          Маъмурий иш юритиш иштирокчилари қуйидагилардан иборат:
          маъмурий орган;
          қабул қилинаётган маъмурий ҳужжат ёки амалга оширилаётган маъмурий ҳаракат ўзига қаратилган шахс (бундан буён матнда адресат деб юритилади);
          ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига маъмурий ҳужжат ёки маъмурий ҳаракат дахлдор бўлган ёхуд дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахс (бундан буён матнда учинчи шахс деб юритилади).
          Маъмурий орган учинчи шахсларни маъмурий иш юритишда иштирок этишга ўз ташаббусига ёки манфаатдор шахснинг илтимосномасига кўра жалб қилиши мумкин.
          Қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда учинчи шахслар маъмурий иш юритишда иштирок этишга мажбурий тартибда жалб этилади.

23-модда. Маъмурий иш юритишда вакиллик

          Юридик шахслар маъмурий иш юритишда қонун ҳужжатларида, таъсис ҳужжатларида ёки қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада белгиланган ваколатлари доирасида ҳаракат қилувчи ўз вакиллари орқали иштирок этади.
          Жисмоний шахслар маъмурий иш юритишда бевосита ёки ўз вакиллари орқали иштирок этиши мумкин, бундан қонун ҳужжатларида уларнинг шахсан иштирок этиши зарурлиги назарда тутилган ҳоллар мустасно. Вакилнинг иштирок этиши жисмоний шахсни маъмурий иш юритишда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда вакилнинг ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада баён этилиши керак.
          Манфаатдор шахснинг вакили маъмурий иш юритишга тааллуқли барча ҳаракатларни ўзи вакиллик қилаётган шахс номидан бажаришга ваколатлидир, шунингдек, агар қонунда ёки унинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий иш юритишнинг ўзи вакиллик қилаётган иштирокчиси эга бўлган барча ҳуқуқлардан фойдаланади.

24-модда. Манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

          Манфаатдор шахслар маъмурий иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусха кўчириш, рад қилиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, маъмурий иш юритишда иштирок этувчи бошқа шахсларга саволлар бериш, маъмурий иш юритиш бўйича арз қилиш, илтимосномалар бериш, маъмурий органга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, маъмурий иш юритиш давомида келиб чиқадиган барча масалалар бўйича ўз важларини баён этиш, бошқа манфаатдор шахсларнинг аризалари, илтимосномалари ва важларига қарши эътироз билдириш, маъмурий ва процессуал ҳужжатлар, шунингдек маъмурий ҳаракатлар устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
          Манфаатдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
          Манфаатдор шахслар ўзига берилган процессуал ҳуқуқлардан виждонан фойдаланиши ва қонун ҳужжатларида ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариши керак.

25-модда. Маъмурий иш юритиш олиб бориладиган тил

          Маъмурий органда маъмурий иш юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.
          Маъмурий иш юритиш иштирокчилари маъмурий иш юритишда иштирок этиш ва маъмурий иш материаллари билан танишиш чоғида, зарурат бўлганда, таржимон хизматидан фойдаланиши мумкин, шунингдек улар ўз она тилида сўзлаш ҳуқуқига эга.

26-модда. Маъмурий иш юритишда ҳуқуқий ворислик

          Манфаатдор шахслардан бири маъмурий иш юритишдан маъмурий ҳужжат қабул қилингунига қадар чиқиб кетган тақдирда, мазкур шахсни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштиришга, агар бундай ҳуқуқий ворислик қонун ҳужжатларига мувофиқ мумкин бўлса, йўл қўйилади.
          Маъмурий орган ўзгартирилган, тугатилган ёки унинг номи ўзгартирилган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳуқуқий ворисликка йўл қўйилади.
          Ҳуқуқий ворис маъмурий ишга киришгунига қадар маъмурий иш юритиш давомида амалга оширилган барча ҳаракатлар ўрнини бўшатиб берган манфаатдор шахсга қай даражада мажбурий бўлган бўлса, ҳуқуқий ворис учун ҳам шу даражада мажбурийдир.

27-модда. Маъмурий ишни ҳал қилишга кўмаклашувчи шахслар

          Маъмурий ишни ҳал қилишга кўмаклашувчи шахслар (гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва бошқалар) маъмурий иш юритишга ихтиёрийлик ёки шартнома асосида маъмурий орган томонидан ўз ташаббусига ёки манфаатдор шахсларнинг илтимосномасига кўра, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда жалб қилинади.
          Маъмурий орган гувоҳ, эксперт ва таржимонни била туриб ёлғон кўрсатувлар, нотўғри эксперт хулосалари берганлик ҳамда нотўғри таржима қилганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириши шарт.

28-модда. Маъмурий иш юритишда гувоҳ

          Маъмурий ҳужжатни қабул қилишда аҳамиятга эга бўлган маълумотларни баён этиш ёки маъмурий органнинг мансабдор шахси томонидан муайян ҳаракатларнинг амалга оширилиши фактини гувоҳлантириш учун гувоҳ маъмурий иш юритишга, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ихтиёрий тартибда жалб қилиниши мумкин.
          Гувоҳ ўз хоҳишига кўра оғзаки ёки ёзма кўрсатувлар беради. Гувоҳнинг оғзаки кўрсатувлари маъмурий орган томонидан тегишли баённомада баён этилади.

29-модда. Маъмурий иш юритишда эксперт

          Маъмурий орган фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимлар талаб этиладиган масалалар юзасидан хулоса бериш учун экспертиза тайинлаши мумкин.
          Экспертлар тайинлаш ва экспертлар томонидан тушунтирилиши керак бўлган масалалар доирасини аниқлаш чоғида маъмурий иш юритишнинг барча иштирокчилари фикри инобатга олинади.
          Эксперт экспертиза предметига тааллуқли маъмурий иш материаллари билан танишиш, улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш ёки кўчирма нусхалар олиш, маъмурий иш юритишда иштирок этувчи шахсларга ва гувоҳларга саволлар бериш, жойида кўздан кечиришда, аттестация-имтиҳон тадбирларида ҳамда эксперт баҳолашидан ўтказишга қаратилган бошқа ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Эксперт, агар унга тақдим этилган материаллар экспертиза ўтказиш учун етарли бўлмаса ёки эксперт ўз зиммасига юклатилган мажбуриятни бажариш учун зарур билимларга эга бўлмаса, хулоса беришни рад этиши мумкин.
          Эксперт ўз текширишларининг натижалари бўйича эксперт хулосасини тақдим этади. Маъмурий органнинг ёки маъмурий иш юритишдаги бошқа иштирокчиларнинг талабига кўра эксперт ўз хулосаси юзасидан қўшимча тушунтиришлар бериши керак.

30-модда. Маъмурий иш юритишда мутахассис ва таржимон

          Мутахассис далилларни аниқлаш ва мустаҳкамлашда маъмурий органга кўмаклашиш ёки фикр шаклида тушунтиришлар бериш учун маъмурий иш юритишга жалб қилинади. Мутахассис, агар у зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмаса, маъмурий иш юритишда иштирок этишдан бош тортишга ҳақли.
          Таржима қилиш учун зарур бўлган тилларни, шу жумладан кар-соқовларнинг имо-ишораларини биладиган шахс таржимондир.

31-модда. Маъмурий иш юритишда иштирок этиш имкониятини истисно қилувчи ҳолатлар

          Маъмурий органнинг мансабдор шахси маъмурий орган номидан маъмурий иш юритишда иштирок этишга қуйидаги ҳолларда ҳақли эмас, агар у:
          мазкур маъмурий иш юритишда манфаатдор шахс бўлса;
          маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахслардан бири билан қариндошлик ёки қайин-бўйинчилик ва қуда-андачилик муносабатида бўлса (бўлган бўлса);
          маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахслардан бирининг вакили бўлса ёки илгари унинг вакили сифатида айни шу маъмурий иш юритишда иштирок этган бўлса;
          мазкур маъмурий ишни юритишда маъмурий ишни ҳал этишга кўмаклашувчи шахс сифатида иштирок этаётган бўлса ёки илгари иштирок этган бўлса;
          бошқача тарзда шахсан, бевосита ёки билвосита маъмурий ишни ҳал этиш натижасидан манфаатдор бўлса ёки унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.
          Маъмурий ишни ҳал этишга кўмаклашувчи шахсларни рад қилиш тўғрисида ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи, учинчи, тўртинчи ва олтинчи хатбошиларига мувофиқ, шунингдек ушбу шахсларнинг мазкур маъмурий иш ҳолатлари бўйича илгари хулоса берганлиги ёки уларнинг маъмурий ишни кўриб чиқаётган маъмурий органнинг мансабдор шахсига, маъмурий иш юритишнинг бошқа иштирокчиларига ёки уларнинг вакилларига хизмат юзасидан ёхуд бошқача тарзда тобе бўлганлиги асосида арз қилиниши мумкин.

          32-модда. Рад қилиш

          Маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахслар ушбу Қонуннинг 31-моддасида назарда тутилган асослардан бири мавжуд бўлган тақдирда, маъмурий органнинг мансабдор шахси ва маъмурий ишни ҳал этишга кўмаклашаётган шахсларни рад қилиш тўғрисида ёзма шаклда ариза беришга ҳақли.
          Рад қилиш асослантирилган бўлиши ва бу ҳақда маъмурий ҳужжат қабул қилингунига қадар маъмурий иш юритишнинг исталган босқичида ариза берилиши мумкин.
          Маъмурий органнинг мансабдор шахсини рад қилиш тўғрисидаги ариза рад қилиш билдирилаётган мансабдор шахсга ёхуд маъмурий иш юритиш коллегиал орган томонидан амалга оширилаётган бўлса, коллегиал органнинг раисига берилади. Рад қилиш тўғрисидаги аризани қабул қилган маъмурий органнинг мансабдор шахси бир иш куни ичида маъмурий ишни кўриб чиқишни тўхтатиши ва рад қилиш тўғрисидаги аризани рад қилиш ҳақида қарор қабул қилишга ваколатли бўлган шахсга кўриб чиқиш учун бериши керак.
          Рад қилиш тўғрисидаги ариза бўйича қарорни ўзига нисбатан рад қилиниши ҳақида арз қилинган мансабдор шахснинг бевосита раҳбари, агар рад қилиш маъмурий органнинг мансабдор шахсига нисбатан арз қилинган бўлса, юқори турувчи орган ёки бошқа ваколатли орган қабул қилади.
          Маъмурий иш юритиш коллегиал орган томонидан амалга оширилаётган бўлса, рад қилиш тўғрисидаги ариза бўйича қарор ушбу орган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Рад қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш юзасидан овоз беришда коллегиал органнинг ўзига нисбатан рад қилиш тўғрисида ариза берилган аъзоси иштирок этмайди. Агар рад қилиш коллегиал органнинг бутун таркибига нисбатан арз қилинган бўлса, рад қилиш тўғрисидаги қарор худди шу орган томонидан тўлиқ таркибда оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
          Маъмурий ишни ҳал этишга кўмаклашаётган шахсларни рад қилиш тўғрисидаги ариза маъмурий иш юритишни амалга ошираётган ҳамда ушбу ариза бўйича тегишли қарор қабул қиладиган маъмурий органнинг мансабдор шахсига берилади.
          Рад қилиш тўғрисидаги қарор рад қилиш ҳақида ариза берилган пайтдан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмасдан қабул қилиниши керак.
          Маъмурий ишни кўриб чиқаётган маъмурий органнинг мансабдор шахсини, коллегиал орган аъзосини ёки коллегиал органнинг бутун таркибини рад қилиш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, бир вақтнинг ўзида ушбу маъмурий ишни кўриб чиқишга ваколатли бўлган шахс (коллегиал орган) тайинланади.
Ушбу Қонуннинг 31-моддасида назарда тутилган асослардан бири мавжуд бўлса, маъмурий органнинг мансабдор шахси, шунингдек маъмурий ишни ҳал этишга кўмаклашаётган шахслар ўзини ўзи рад қилиш тўғрисида дарҳол арз қилиши шарт.

33-модда. Тегишли тарзда хабардор қилиш

          Хабарномани топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юбориш ёки тилхат олиб топшириш ёхуд хабардор қилинганлиги факти қайд этилишини таъминлайдиган ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилиш маъмурий иш юритишда тегишли тарзда хабардор қилиш ҳисобланади. Тегишли хабарнома манфаатдор шахс томонидан олинган пайт хабардор қилиш вақтидир.

          Манфаатдор шахслар ўз манзили ўзгарганлиги тўғрисида маъмурий органга маъмурий ишни юритиш вақтида маълум қилиши шарт. Бундай маълумот мавжуд бўлмаган тақдирда, хабарлар маъмурий органга маълум бўлган охирги манзилга юборилади ҳамда етказиб берилган деб ҳисобланади.
          Агар манфаатдор шахслар ўз телефонлари ва факслари рақамларини, электрон манзилини маъмурий органга маълум қилган бўлса, улар бу маълумотлар ўзгарганлиги тўғрисида маъмурий органни маъмурий иш юритиш вақтида ёзма шаклда ёки ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилиши керак.

          Хабарномани манфаатдор шахсга тилхат олиб шахсан топширишнинг имкони бўлмаган тақдирда, хабарнома у билан бирга яшайдиган вояга етган оила аъзоларидан бирига ёки бундай шахслар бўлмаса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ёки манфаатдор шахснинг иш берувчисига (таълим муассасаси маъмуриятига) тилхат олиб топширилиши мумкин. Хабарномани қабул қилган шахс имконият бўлиши билан уни кечиктирмасдан манфаатдор шахсга топшириши шарт.
          Хабарномани қабул қилишни рад этган манфаатдор шахс тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади. Рад этиш хабарномага белги қўйиш орқали расмийлаштирилади ва хабарнома маъмурий органга қайтарилади. Манфаатдор шахснинг хабарномани қабул қилишни рад этганлиги тўғрисидаги белги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки манфаатдор шахснинг иш берувчиси (таълим муассасаси маъмуриятининг мансабдор шахси) томонидан ёхуд иккитадан кам бўлмаган фуқаронинг имзоси билан тасдиқланади.
          Тегишли тарзда хабардор қилиш фактини исботлаш мажбурияти маъмурий органнинг зиммасида бўлади.

34-модда. Маъмурий иш юритишда далиллар

          Маъмурий иш юритишда далиллар маъмурий ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳақиқий ҳолатлар тўғрисидаги ҳар қандай маълумотлардан иборатдир.
          Маъмурий органнинг маъмурий ишни кўриб чиқаётган мансабдор шахси мазкур ишни холисона, ҳар томонлама ва тўғри кўриб чиқиш учун зарур бўлган далилларни йиғишни амалга оширади.
          Маъмурий орган маъмурий иш юритишнинг иштирокчилари томонидан далил сифатида тақдим этиладиган ҳужжатларнинг шаклига нисбатан талаблар қўйишга ҳақли эмас, бундан ҳужжатларнинг шакли қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно.

35-модда. Далилларни баҳолаш

          Маъмурий орган фақат маъмурий ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган далилларни кўриб чиқишга қабул қилади.
          Маъмурий орган ҳар бир далилни ишончлилик, дахлдорлик ва мақбуллик нуқтаи назаридан ҳамда далилларнинг ҳаммасини етарли даражада тўпланганлиги бўйича баҳолайди.
          Қонун бўйича муайян исботлаш воситалари билан тасдиқланиши керак бўлган ҳолатларни бошқа ҳеч қандай воситалар билан тасдиқлаш мумкин эмас.

36-модда. Маъмурий иш юритиш муддатлари

          Агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий орган мумкин қадар қисқа муддатларда, аммо ариза маъмурий органда рўйхатга олинган кундан эътиборан, маъмурий ҳужжат маъмурий орган ташаббуси билан қабул қилинадиган тақдирда эса, адресат маъмурий иш юритиш бошланганлиги тўғрисида тегишли тарзда хабардор килинган кундан эътиборан ўттиз иш кунидан кечиктирмай маъмурий ишни кўриб чиқади ва маъмурий ҳужжатни қабул қилади.
          Маъмурий органларнинг ташаббуси билан маъмурий ҳужжатларни қабул қилишнинг энг кўп муддатлари қонун ҳужжатларида белгиланади.
          Маъмурий иш юритиш муддати қонунда назарда тутилган ҳолларда маъмурий орган томонидан узайтирилиши мумкин.
          Маъмурий иш юритиш муддатининг ўтиши ариза маъмурий органда рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади, маъмурий ҳужжатни маъмурий органнинг ташаббусига кўра қабул қилиш учун эса ушбу муддатнинг ўтиши адресат маъмурий иш юритиш бошланганлиги ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган кундан эътиборан бошланади.
          Агар ариза тааллуқлилиги бўйича ваколатли маъмурий органга қайта юборилган бўлса, маъмурий иш юритиш муддатининг ўтиши маъмурий иш тегишли ваколатли органга келиб тушиб, рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади.
          Маъмурий иш юритиш муддатлари кунлар, ойлар ва йиллар билан ҳисобланади.
          Агар маъмурий иш юритиш муддати дам олиш (байрам) кунида тугаса, шу кундан кейинги иш куни муддатнинг тугаш куни ҳисобланади.

37-модда. Маъмурий иш юритишни тўхтатиб туриш

          Маъмурий орган маъмурий иш юритишни қуйидаги ҳолларда тўхтатиб туришга ҳақли:
          фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ёки жиноят суд ишларини юритиш тартибида кўрилаётган иш юзасидан суднинг ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар маъмурий ишни кўриш мумкин бўлмаганда;
          маъмурий иш юритишда иштирок этаётган жисмоний шахс вафот этганда, агар ҳуқуқий ворисликка йўл қўйилган тақдирда ёки маъмурий иш юритишда иштирок этаётган юридик шахс қайта ташкил этилганда;
          хатоларни тўғрилаш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш имконияти берилганда;
          манфаатдор шахсларнинг узрли сабабларга кўра келмаганлиги, агар уларнинг иштироки маъмурий иш юритишни тамомлаш учун зарур бўлганда;
          манфаатдор шахснинг талабига кўра маъмурий орган томонидан экспертиза тайинланганда.
          Маъмурий иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги хабар манфаатдор шахсларга бир иш куни ичида юборилади. Маъмурий иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги хабар процессуал ҳужжат ҳисобланади.
          Маъмурий иш юритишни тўхтатиб туриш маъмурий иш юритиш муддатлари ўтишининг тўхташига олиб келади.

38-модда. Маъмурий иш юритишни тиклаш

          Маъмурий иш юритишни тўхтатиб туришга асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгач, маъмурий ишни юритиш тикланади. Маъмурий иш юритишни тиклаш тўғрисидаги хабарнома манфаатдор шахсларга бир иш куни ичида юборилади.
          Маъмурий иш юритиш тикланган кундан эътиборан маъмурий иш юритиш муддатларининг ўтиши давом этади.

39-модда. Маъмурий иш юритишни тугатиш

          Маъмурий орган қуйидаги ҳолларда маъмурий иш юритишни тугатиши шарт:
          маъмурий иш маъмурий органда кўриш учун тегишли бўлмаса;
          маъмурий иш юритишнинг айни бир иштирокчилари иштирокидаги, айни бир предмет ва айни бир асослар бўйича маъмурий иш юқори турувчи маъмурий органнинг ёки суднинг иш юритувида бўлса;
          маъмурий иш ваколатли маъмурий органга қайта юборилган бўлса ёки маъмурий иш юритишнинг айни бир иштирокчилари иштирокидаги, айни бир предмет ва айни бир асослар бўйича маъмурий иш мазкур ишни ҳал қилишга ваколатли бўлган бошқа маъмурий органнинг иш юритувида бўлса;
          ушбу маъмурий органда маъмурий иш юзасидан маъмурий иш юритишнинг айни бир иштирокчилари билан, айни бир предмет ва айни бир асослар бўйича маъмурий ҳужжат қабул қилинган бўлса;
          ариза ёки маъмурий шикоят уни тақдим этган шахс томонидан чақириб олинса;
          маъмурий иш юритиш иштирокчисининг ҳуқуқий мақоми (ҳуқуқий ҳолати) ўзгариши натижасида маъмурий иш бўйича маъмурий ҳужжатни қабул қилиш мумкин бўлмай қолса;
          маъмурий иш юритишни тамомлаш учун иштироки зарур бўлган манфаатдор шахслар узрсиз сабабларга кўра келмаса;
          манфаатдор шахс мавжуд бўлмаса ва мазкур ҳолатда ишда иштирок этувчи жисмоний шахс вафот этганлиги ёки юридик шахс тугатилганлиги натижасида ҳуқуқий ворисликка йўл қўйилмаса.
          Маъмурий ишни юритиш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа асосларга кўра ҳам тугатилиши мумкин.
          Маъмурий иш юритишни тугатиш процессуал ҳужжат билан расмийлаштирилади.
          Маъмурий иш юритишни тугатиш ҳақидаги хабар манфаатдор шахсларга бир иш куни ичида юборилади.

40-модда. Маъмурий ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатлар

          Маъмурий ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатлар маъмурий иш юритишни амалга оширувчи маъмурий орган зиммасида бўлади.
          Маъмурий иш юритишда қўшимча ҳаракатларни амалга ошириш, шу жумладан маъмурий ишни ҳал қилишга кўмаклашувчи шахсларнинг иштирок этиши билан боғлиқ харажатлар ҳақини тўлаш ушбу ҳаракатлар маъмурий иш юритишнинг қайси иштирокчилари илтимосномаси бўйича амалга оширилган бўлса, ўша иштирокчининг зиммасида бўлади.
          Маъмурий органларга бериладиган аризалардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ёки йиғим ундирилиши мумкин. Йиғимнинг миқдори маъмурий ишни кўриб чиқиш чоғида маъмурий орган сарфлаган харажатлар доирасида белгиланади.
          Маъмурий шикоятлар учун давлат божи ва йиғим ундирилмайди.

3-боб. Маъмурий иш юритиш

41-модда. Маъмурий иш юритишни бошлаш учун асослар

          Манфаатдор шахснинг аризаси (шикояти) ёки маъмурий органнинг ташаббуси маъмурий ишни бошлаш учун асос бўлади.
          Маъмурий иш юритиш ариза маъмурий органда рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан бошланган ҳисобланади.
          Агар маъмурий ишни бошлаш учун маъмурий органнинг ташаббуси асос бўлса, маъмурий иш юритиш адресат тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан эътиборан бошланган ҳисобланади.

42-модда. Аризанинг мазмуни ва унга қўйиладиган талаблар

          Маъмурий органга бериладиган аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак:
          1) ариза берилаётган маъмурий органнинг номи;
          2) аризачи — жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг яшаш жойи, агар аризачи юридик шахс бўлса — унинг номи ва жойлашган ери (почта манзили), шунингдек агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва манзили;
          3) аризачининг талаби;
          4) аризага илова қилинадиган ҳужжатларнинг рўйхати (агар бундай ҳужжатлар мавжуд бўлса);
          5) ариза берилган сана.
          Ариза аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан берилган бўлса, унга ишончноманинг ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг кўчирма нусхаси илова қилиниши керак.
          Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб берилган аризада ушбу моддада кўрсатилган маълумотлардан ташқари ўз манфаати ҳимоя қилинаётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг манзили (почта манзили) ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ахборот кўрсатилган бўлиши керак.
          Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларга нисбатан қонун ҳужжатларида бошқа талаблар ҳам назарда тутилган бўлиши мумкин.
          Маъмурий орган аризачидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ахборотни ёки ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга, шунингдек аризага ва унга илова қилинган ҳужжатларга нисбатан талаблар қўйишга ҳақли эмас.
          Электрон шаклда бериладиган аризаларда аризачининг электрон манзили ҳамда ягона идентификатори, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса электрон рақамли имзо ва бошқа реквизитлар кўрсатилиши керак.
          Аризада электрон манзилнинг кўрсатилганлиги аризачининг хабарларни ахборот тизими орқали қабул қилишга бўлган розилигидир.
          Жисмоний ва юридик шахслар аризаларни оғзаки шаклда беришга ҳам ҳақли, бундан қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри тақиқланган ҳоллар мустасно.

43-модда. Аризани рўйхатдан ўтказиш

          Маъмурий органга келиб тушган ариза ўша куннинг ўзида рўйхатдан ўтказилиши лозим. Маъмурий орган аризачига ариза рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжат (белги) бериши, ариза электрон шаклда берилган тақдирда эса, ариза рўйхатдан ўтказилганлигини маъмурий органнинг расмий веб-сайтидаги электрон хабар билан, тегишли ёзувга ҳавола билан ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усул билан тасдиқлаши шарт.
          Маъмурий органда аризани рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.

44-модда. Маъмурий органга ариза бериш учун зарур ахборотни тақдим этиш

          Маъмурий органга ариза бериш учун зарур бўлган ахборот маъмурий органнинг мансабдор шахси ёки ахборотни тақдим этиш ўз ваколатига киритилган бошқа ходими томонидан тақдим этилади.
          Маълумотнома тарзидаги ахборот қоида тариқасида:
          аризанинг шаклига;
          аризанинг мазмунига;
          ариза бериш учун зарур ҳужжатлар рўйхатига;
          аризанинг шакли ва мазмунига доир талабларни бузиш оқибатларига;
          ҳужжатларни қабул қилиш ва бериш вақтига;
          аризани кўриб чиқиш муддатлари ва тартибига;
          маъмурий ва процессуал ҳужжатлар ҳамда ҳаракатлар устидан шикоят қилиш тартибига оид масалалар юзасидан тақдим этилади.
          Маъмурий орган аризалар намуналаридан ва маъмурий иш юритиш билан боғлиқ бўлган хизмат варақаларидан (бланкалардан), шунингдек уларни тўлдириш, шу жумладан маъмурий органнинг расмий веб-сайтига жойлаштириш орқали тўлдириш бўйича йўриқномалардан фойдаланишни таъминлаши шарт.
          Маъмурий орган аризачига қонун ҳужжатларига мувофиқ зарур ёрдам кўрсатиши шарт.

45-модда. Аризачи томонидан хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш

          Агар аризада тўғрилаш мумкин бўлган хатолар мавжуд бўлса, маъмурий орган уларни тўғрилаш учун аризачига имконият ва муддат беради.
          Агар аризага доир иловада қонун ҳужжатларига биноан талаб қилинадиган ёки аризачи ҳавола қилаётган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, уларсиз маъмурий ҳужжатни қабул қилиш имкони бўлмаган тақдирда, маъмурий орган аризачига етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш имкониятини, бунинг учун муддат белгилаган ҳолда, бериши керак.
          Хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш учун маъмурий орган томонидан белгиланадиган муддат, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, беш иш кунидан кам бўлмаслиги лозим. Маъмурий орган аризачининг илтимосномасига биноан ушбу муддатни беш иш кунидан кам бўлмаган муддатга узайтириши керак.
          Маъмурий иш юритиш муддатининг ўтиши хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш вақтида тўхтатиб турилади.

46-модда. Манфаатдор шахснинг аризасини тааллуқлилиги бўйича ваколатли маъмурий органга юбориш

          Талаб қилинаётган маъмурий ҳужжатни қабул қилиш ўз ваколатига кирмайдиган маъмурий органга келиб тушган ариза қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурий ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий органга кўпи билан беш кунлик муддатда юборилади ва бу ҳақда аризачига хабар берилади.

47-модда. Маъмурий ишни маъмурий орган мажлисида кўриб чиқиш

          Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда маъмурий иш маъмурий орган мажлисида (бундан буён матнда мажлис деб юритилади) кўриб чиқилиши лозим.
          Маъмурий иш маъмурий органнинг ташаббуси билан ёки манфаатдор шахснинг илтимосномаси бўйича ҳам мажлисда кўриб чиқилиши мумкин.

48-модда. Мажлис баённомаси

          Маъмурий ишни мажлисда кўриб чиқиш чоғида мажбурий тартибда баённома юритилади.
          Мажлис баённомаси маъмурий ишни кўриб чиқишнинг барча муҳим ҳолатларини акс эттириши керак. Мажлис баённомасида, хусусан, қуйидагилар кўрсатилади:
          1) мажлиснинг санаси ва жойи;
          2) мажлис бошланган ва тугаган вақт, мажлисдаги танаффуслар ҳақидаги маълумотлар;
          3) маъмурий органнинг номи, маъмурий орган мансабдор шахсининг фамилияси, исми, отасининг исми ёки маъмурий ишни кўриб чиқаётган коллегиал органнинг таркиби ва мажлис котиби;
          4) адресат — жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг яшаш жойи, агар адресат юридик шахс бўлса — унинг номи ва жойлашган ери (почта манзили), агар иш юритишда вакил иштирок этаётган бўлса, вакилнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва унинг манзили, шунингдек маъмурий иш юритишда иштирок этувчи учинчи шахслар тўғрисидаги маълумотлар;
          5) маъмурий иш юритишда иштирок этувчи шахсларнинг келганлиги ҳақидаги маълумотлар;
          6) маъмурий иш юритишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилиш ва уларнинг мажлисга келмаганлиги сабаблари тўғрисидаги маълумотлар;
          7) маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтириб берилганлиги ҳақидаги маълумотлар;
          8) маъмурий орган мансабдор шахсининг ёки маъмурий ишни кўриб чиқаётган коллегиал орган раислик қилувчисининг ушбу ишни кўриб чиқиш жараёнида қабул қилинадиган процессуал ҳужжатлари;
          9) маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахсларнинг аризалари ва илтимосномалари ҳамда уларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар;
          10) тақдим этилган далиллар, экспертларнинг ёзма хулосалари, мутахассисларнинг маслаҳатлари ва ҳоказо ҳақидаги маълумотлар;
          11) маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахсларнинг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертларнинг ўз хулосалари юзасидан оғзаки тушунтиришлари, мутахассисларнинг фикрлари, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечириш маълумотлари.
          Маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахслар ўзлари муҳим деб ҳисоблайдиган ҳолатларни мажлис баённомасига киритиш хусусида илтимос қилишга ҳақли.
          Маъмурий иш якка тартибда кўриб чиқилганда мажлис баённомаси маъмурий органнинг ишни кўриб чиқаётган мансабдор шахси ва мажлис котиби томонидан имзоланади. Маъмурий иш коллегиал орган томонидан кўриб чиқилган тақдирда баённома раислик қилувчи ва мажлис котиби томонидан имзоланади.

49-модда. Маъмурий ишни мажлисда кўриб чиқишни кейинга қолдириш

          Қуйидагилар маъмурий ишни кўриб чиқишни кейинга қолдириш асослари ҳисобланади:
          тегишли тарзда хабардор қилинганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаган манфаатдор шахслардан бирининг мажлисга келмаганлиги;
          маъмурий органнинг маъмурий ишни кўриб чиқишга ваколатли бўлган мансабдор шахсини рад қилиш ҳақидаги аризанинг қаноатлантирилганлиги ёки унинг йўқлиги;
          маъмурий иш юритишда иштирок этувчи, маъмурий ишни ўзларисиз кўриб чиқиш мумкин бўлмаган манфаатдор шахсларнинг мажлисда ҳозир бўлмаганлиги;
          мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган манфаатдор шахсларнинг маъмурий орган томонидан узрли деб топилган сабабларга кўра келмаганлиги.
          Агар маъмурий орган мажлисга келмаганлик сабабларини узрсиз деб топса ёки маъмурий ишни кўриб чиқишни манфаатдор шахс қасддан чўзаяпти деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлса, маъмурий орган маъмурий ишни тегишли тарзда хабардор қилинган манфаатдор шахснинг йўқлигида кўриб чиқишга ҳақли.
          Манфаатдор шахслар маъмурий ишни улар йўқлигида кўриб чиқиш хусусида илтимос қилишга ҳақли.
          Маъмурий орган маъмурий ишни кўриб чиқишни кейинга қолдириб, кейинги мажлиснинг вақти ва жойини тайинлайди, бу ҳақда ҳозир бўлган шахсларга тилхат олиб эълон қилади. Мажлисга келмаган ҳамда маъмурий ишни кўриб чиқишда иштирок этиш учун янгидан жалб қилинадиган шахслар кейинги мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади.

50-модда. Маъмурий ишни мажлисда кўриб чиқиш тартиби

          Маъмурий ишни кўриб чиқиш маъмурий органнинг мансабдор шахси томонидан, маъмурий иш коллегиал органда кўрилаётганда эса, раислик қилувчи томонидан очилади. Шундан сўнг маъмурий иш юритиш иштирокчиларининг оғзаки тушунтиришлари эшитилади.
          Маъмурий иш юритиш иштирокчилари бир-бирига саволлар бериши мумкин.
          Шундан кейин маъмурий орган маъмурий ишни ҳал қилишга кўмаклашувчи шахсларнинг тушунтиришларини эшитишга ва бошқа далилларни текширишга ўтади.
          Маъмурий иш юритиш иштирокчиларининг, шунингдек маъмурий ишни ҳал қилишга кўмаклашувчи шахсларнинг ёзма тушунтиришлари мажлисда ўқиб эшиттирилиши керак.
          Маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахсларнинг илтимосномалари маъмурий иш юритишнинг бошқа иштирокчилари эшитилганидан сўнг кўриб чиқилади.

51-модда. Мажлисда кўриб чиқилган маъмурий иш бўйича маъмурий ҳужжат қабул қилиш

          Маъмурий органнинг мансабдор шахси ёки коллегиал орган маъмурий ишни мажлисда кўриб чиқиш натижалари бўйича маъмурий ҳужжат қабул қилади.
          Маъмурий ҳужжатни қабул қилиш бошқа органлар ва мансабдор шахсларнинг кўриб чиқиш натижалари асосида амалга оширилаётган бўлса, бундай кўриб чиқиш ушбу Қонун талабларига мувофиқ амалга оширилиши керак.

4-боб. Маъмурий ҳужжат

52-модда. Маъмурий ҳужжатнинг шакли

          Маъмурий ҳужжат ёзма шаклда қабул қилинади. Қонун ҳужжатларида маъмурий ҳужжат бошқа шаклда, шу жумладан бошқа тегишли ҳужжатни бериш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан қабул қилиниши мумкинлиги ҳоллари назарда тутилиши мумкин.

          Ёзма маъмурий ҳужжат маъмурий органнинг ваколатли мансабдор шахси ёки коллегиал орган аъзолари томонидан имзоланади ва маъмурий органнинг муҳри билан тасдиқланади.

53-модда. Маъмурий ҳужжатнинг мазмуни

          Маъмурий ҳужжат қонуний, асосланган, адолатли, аниқ ва тушунарли бўлиши керак.
          Маъмурий ҳужжатда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
          1) маъмурий ҳужжатнинг номи ва у қабул қилинган сана;
          2) маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий органнинг номи ва жойлашган ери (почта манзили);
          3) маъмурий иш юритиш иштирокчилари тўғрисидаги ахборот;
          4) маъмурий ҳужжат орқали ҳал қилинадиган масаланинг тавсифи (тавсиф қисми);
          5) маъмурий ҳужжатнинг асоси (асослантирувчи қисми);
          6) қабул қилинган қарор баёни (хулоса қисми);
          7) маъмурий ҳужжат устидан шикоят қилиш муддати ва тартиби;
          8) маъмурий органнинг маъмурий ҳужжатни қабул қилган мансабдор шахсининг (коллегиал орган аъзоларининг) лавозими, исми ва фамилияси.
          Маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) асосида қабул қилинган маъмурий ҳужжатда қуйидагилар назарда тутилиши мумкин:
          муайян ҳуқуқнинг ёки мажбуриятнинг кучга кириш, ўз кучини йўқотиш пайти ёки амал қилиш муддати;
          муайян ҳодисага ёки келажакда ҳуқуқнинг ёхуд мажбуриятнинг кучга кириши ёки ўз кучини йўқотиши билан боғлиқ бўлган шартга доир кўрсатма;
          маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ҳуқуқи ёки келгусида қўшимча фармойишлар бериш ҳуқуқи маъмурий органда сақланиб қолиши тўғрисидаги изоҳ;
          адресатга муайян ҳаракатларни амалга ошириш, амалга оширишга йўл қўйиш ёки амалга оширишдан тийилиш хусусида кўрсатма берувчи қўшимча фармойишлар.

          54-модда. Маъмурий ҳужжатнинг асослилиги

          Маъмурий ҳужжатнинг асослантирувчи қисмида қабул қилинган маъмурий ҳужжатнинг барча ҳақиқий ва юридик асослари келтирилиши керак.
          Маъмурий ҳужжатни асослантириш чоғида маъмурий орган текширилмаган ёки маъмурий иш юритиш жараёнида маъмурий ишга қўшиб қўйилмаган ёхуд маъмурий иш юритиш иштирокчиларига танишиш имконияти берилмаган далилларга таянишга ҳақли эмас. Агар маъмурий ҳужжатни қабул қилишда маъмурий органга маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) берилган бўлса, маъмурий ҳужжатнинг асослантирувчи қисмида у ёки бу маъмурий ихтиёрийликка (дискрецион ваколатга) ёхуд ундан воз кечишга сабаб бўлган барча баҳолар, важлар ва мулоҳазалар баён этилади. Бунда маъмурий орган ўзи қабул қилган маъмурий ҳужжатнинг маъмурий тартиб-таомиллар принципларига мувофиқлигини асослаб бериши керак.

55-модда. Маъмурий ҳужжатнинг кучга кириши

          Маъмурий ҳужжат адресат тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан эътиборан кучга киради.
          Адресатни маъмурий ҳужжат тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилиш ушбу Қонуннинг 33-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
          Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда маъмурий ҳужжатнинг манфаатдор шахсларга расмий эълон қилиниши ҳам тегишли тарзда хабардор қилиш деб топилади.
          Қонун ҳужжатларига мувофиқ адресатга фақат тегишли ҳужжат берилиши керак бўлган ҳолларда ҳужжатнинг адресатга берилиши маъмурий ҳужжат тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилишга тенглаштирилади.
          Агар маъмурий ҳужжат қонун ҳужжатлари талабига мувофиқ расмий эълон қилиниши лозим бўлса, у расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

56-модда. Маъмурий ҳужжатни тушунтириб бериш ва уни тузатиш

          Маъмурий орган манфаатдор шахснинг илтимосномасига кўра маъмурий ҳужжатнинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда уни тушунтириб бериши, шунингдек ёзувдаги йўл қўйилган хатоларни ва янглишишларни маъмурий ҳужжатнинг моҳиятига дахл қилмаган ҳолда, ўз ташаббусига ёки манфаатдор шахснинг илтимосномасига кўра тузатиши шарт.
          Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларни амалга оширганлик учун давлат божлари ва бошқа мажбурий тўловлар ундирилмайди.

57-модда. Тегишли ҳужжатни ва унинг дубликатини бериш

          Тегишли ҳужжатни берганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда йиғим олиниши мумкин.
          Маъмурий ҳужжат асосида берилган ҳужжатларни тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ва қайта расмийлаштириш тартиби қонун ҳужжатларида тартибга солинади.
          Берилган ҳужжат йўқолган ёки яроқсиз бўлиб қолган тақдирда, манфаатдор шахснинг аризасига кўра янги ҳужжат ёки унинг дубликати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.
          Маъмурий орган ҳужжатни ёки унинг дубликатини бериш тўғрисидаги ариза қабул қилинган кундан эътиборан беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда янги ҳужжатни ёки ҳужжат дубликатини бериши (юбориши) шарт, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно. Бунда ҳужжатнинг дубликатини берганлик учун йиғим маъмурий орган томонидан аризани одатдаги тартибда кўриб чиқиш учун тўланадиган, дубликат бериш тўғрисида ариза берилган санада амалда бўлган сумма миқдорининг ярмидан ошмаслиги керак.
          Янги ҳужжат ёки дубликат бериш учун йиғим миқдори ушбу ҳаракатни амалга ошириш учун кетган харажатлардан ошиб кетмаслиги керак.

          58-модда. Маъмурий ҳужжатнинг амал қилишини тугатиш

          Маъмурий ҳужжатнинг амал қилиши:
          агар маъмурий ҳужжат муддатли хусусиятга эга бўлса, маъмурий ҳужжатнинг амал қилиш муддати ўтиши;
          маъмурий ҳужжатнинг амал қилишини тугатиш билан боғлиқ шартнинг юзага келиши;
          маъмурий ҳужжатнинг бекор қилиниши;
          тартибга солиш предметининг барҳам топиши муносабати билан тугатилади.
          Маъмурий ҳужжатнинг амал қилишини тугатиш унинг асосида берилган ҳужжатлар амал қилишининг тугатилишига олиб келади.

          59-модда. Маъмурий ҳужжатни бекор қилиш, ўзгартириш ёки ҳақиқий эмас деб топиш

          Маъмурий ҳужжат манфаатдор шахснинг аризаси ёки маъмурий шикоятига кўра маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий орган, юқори турувчи маъмурий орган томонидан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа органлар томонидан ҳам бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.
          Маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш зарурияти қонун ҳужжатларидаги ўзгартишлар, жамоат манфаатларига бўлган таҳдиднинг олдини олиш, маъмурий ҳужжатнинг қонун ҳужжатларига номувофиқлиги аниқланганлиги сабабли юзага келган ҳолларда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда маъмурий орган ўзи қабул қилган маъмурий ҳужжатни ўз ташаббусига кўра бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақли.
          Қонун ҳужжатларида маъмурий ҳужжатлар фақат суд тартибида бекор қилинадиган ёки ўзгартириладиган ҳоллар назарда тутилиши мумкин.
          Маъмурий ҳужжат қонун ҳужжатларига мувофиқ эмас деб топилган тақдирда, у маъмурий орган томонидан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши керак.
          Манфаатдор шахснинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳолларда, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилади.
          Агар манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб, маъмурий ҳужжат асосида олинган мол-мулкдан фойдаланган, ўз мулкини тасарруф этиш учун битим тузган ёки маъмурий ҳужжатда белгиланган наф ва имтиёзлардан бошқача тарзда фойдаланган бўлса, унинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим.
          Манфаатдор шахснинг ишончи қуйидаги ҳолларда ҳимоя қилинмайди, агар:
          манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат билан боғлиқ бўлган қўшимча мажбуриятларини бажармаган бўлса;
          манфаатдор шахс ўзига маъмурий ҳужжат асосида тақдим этилган пул маблағларидан, буюмдан ёки ҳуқуқдан мақсадли фойдаланмаган бўлса;
          манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг ғайриҳуқуқийлигини билган ёки ўз айбига кўра бу ҳақда билмаган бўлса;
          маъмурий ҳужжат алдаш, таҳдидлар ёки маъмурий органга бошқача тарзда ғайриҳуқуқий таъсир кўрсатиш оқибатида қабул қилинган бўлса;
қонун манфаатдор шахслар ишончининг ҳимоясини ҳисобга олмаган ҳолда маъмурий ҳужжатни бекор қилишни талаб этса.
          Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу модда еттинчи қисмининг иккинчи — бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда ғайриҳуқуқий маъмурий ҳужжат орқага қайтиш кучи билан, уни бекор қилишнинг ёки йўқ қилишнинг аниқ пайтини белгилаш орқали бекор қилиниши мумкин.
          Манфаатдор шахснинг ишончидан қатъи назар, қонун ҳужжатларига мувофиқ эмас деб топилган маъмурий ҳужжат, агар унинг сақлаб қолиниши жамоат манфаатларига таҳдид солаётган бўлса, маъмурий орган томонидан бекор қилиниши мумкин.
          Манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониш сабабли келиб чиққан ёки муқаррар бўлган мулкий зарарнинг ўрни қопланади.
          Мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш маъмурий ҳужжатнинг мазмунига кўра манфаатдор шахс олиши керак бўлган наф миқдоридан ошмаслиги керак. Мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат бекор қилинганлиги ҳақида хабардор қилинган пайтдан эътиборан бир йил ичида тақдим этилиши мумкин.
          Қонун ҳужжатларига мувофиқ қабул қилинган маъмурий ҳужжат қуйидаги ҳолларда маъмурий орган томонидан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин:
          қонун талабларига мувофиқ ёки бундай имконият бевосита маъмурий ҳужжатнинг ўзида назарда тутилган бўлса;
          агар кейинчалик ўзгарган ҳақиқий ҳолатлар туфайли ёки қонун ҳужжатларидаги ўзгартишлар асосида жамоат манфаатларига зарар етишининг олдини олиш мақсадида маъмурий ҳужжатни бекор қилиш зарур бўлса;
          агар маъмурий ҳужжат билан қўшимча мажбуриятлар боғлиқ бўлса ва манфаатдор шахс уларни бажармаган бўлса;
          агар манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат асосида ўзига берилган пул маблағларидан, буюмдан ёки ҳуқуқдан мақсадли фойдаланмаётган бўлса;
агар маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш ушбу ҳужжат юборилган манфаатдор шахс фойдасига амалга оширилса ва бунда бошқа манфаатдор шахсларга қийинчилик туғилмаса.
          Худди шундай мазмундаги маъмурий ҳужжатни такроран қабул қилиш учун бошқа асослар мавжуд бўлган ҳолларда, маъмурий ҳужжатни тегишли асосларда бекор қилишга ёки ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
          Қонун ҳужжатларига мувофиқ қабул қилинган маъмурий ҳужжат фақат ушбу модда ўн иккинчи қисмининг иккинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда, уни бекор қилиш учун аниқ пайтни белгилаш орқали, орқага қайтиш кучи билан бекор қилиниши мумкин.
          Илгари қабул қилинган маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги маъмурий ҳужжатни қабул қилаётганда маъмурий орган бекор қилинаётган ёки ўзгартирилаётган маъмурий ҳужжатнинг қайси қисми ва қайси вақтдан эътиборан ўз кучини йўқотишини белгилаши керак.
          Маъмурий ҳужжат қонунда белгиланган тартибда суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

          60-модда. Маъмурий ҳужжатни бекор қилиш тартиб-таомили

          Маъмурий ҳужжатни манфаатдор шахс фойдасига бекор қилиш мажлис ўтказмасдан амалга оширилиши мумкин.
          Маъмурий ҳужжатни манфаатдор шахс манфаатларига зид равишда бекор қилиш, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, уни мажлисда қайта кўриб чиқиш орқали амалга оширилади.
          Агар маъмурий ҳужжатни бекор қилиш бир манфаатдор шахс фойдасига, аммо бошқа манфаатдор шахснинг манфаатларига зид равишда амалга оширилаётган бўлса, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

          61-модда. Маъмурий ҳужжат бекор қилинган тақдирда ҳужжатлар, буюмлар ва пул маблағларини қайтариш

          Маъмурий ҳужжат бекор қилинган тақдирда унинг асосида берилган ҳужжатлар, буюмлар ва пул маблағлари, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, уларга эгалик қилаётган шахслар томонидан қайтариб берилиши лозим.

5-боб. Маъмурий шикоят бўйича иш юритиш

62-модда. Маъмурий шикоят предмети

          Ушбу бобда белгиланган тартибда:
          маъмурий ҳужжатлар устидан;
          процессуал ҳужжатлар устидан, агар уларнинг устидан шикоят қилиш ушбу Қонунда назарда тутилган бўлса;
          маъмурий ҳаракатлар устидан, шу жумладан маъмурий ҳужжатни қабул қилишни рад этиш ёки уни тегишли муддатда қабул қилмаганлик устидан шикоят қилиниши мумкин.

63-модда. Маъмурий шикоят қилиш тартиби

          Манфаатдор шахс маъмурий шикоятни қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурий шикоятларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган юқори турувчи маъмурий органга ёки бошқа ваколатли маъмурий органга устидан шикоят қилинаётган маъмурий ҳужжатни, процессуал ҳужжатни қабул қилган ёхуд маъмурий ҳаракатни амалга оширган маъмурий орган орқали бериши мумкин.
          Маъмурий шикоятни олган маъмурий орган у келиб тушган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида маъмурий шикоятни юқори турувчи органга ёки ушбу маъмурий шикоятни кўриб чиқишга ваколатли бўлган бошқа маъмурий органга маъмурий иш билан бирга юборади.
          Манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат устидан берилган маъмурий шикоятни маъмурий тартибда кўриб чиқиш натижаларидан норози бўлган ёки юқори турувчи маъмурий орган мавжуд бўлмаган тақдирда, маъмурий ҳужжат устидан судга шикоят қилишга ҳақли.
          Қонун ҳужжатларида маъмурий ҳужжат устидан маъмурий шикоят берилиши мумкин бўлган бошқа орган белгиланиши мумкин.

64-модда. Маъмурий шикоятни бериш муддати

          Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий шикоят маъмурий ҳужжат, процессуал ҳужжат тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан ёки манфаатдор шахсга маъмурий ҳаракат ҳақида маълум бўлган пайтдан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай берилиши мумкин.
          Маъмурий шикоят бериш муддати, агар у узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган бўлса, шикоятни кўриб чиқувчи маъмурий орган томонидан тикланиши мумкин.

          65-модда. Маъмурий шикоятнинг шакли ва мазмуни

          Маъмурий шикоят ёзма, оғзаки ёки электрон шаклда берилади ва унда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
          1) маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий органнинг номи;
          2) шикоят берган аризачининг (унинг вакилининг) фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи, юридик шахс учун эса — унинг номи ва жойлашган ери (почта манзили);
          3) аризачининг талаблари;
          4) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати (мавжуд бўлган тақдирда);
          5) ариза берилган сана.
          Маъмурий шикоят манфаатдор шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар шикоят вакил томонидан берилган бўлса, унга ишончноманинг ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг кўчирма нусхаси илова қилиниши керак.
          Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берилган маъмурий шикоятда ушбу моддада санаб ўтилган маълумотлардан ташқари манфаатларини кўзлаб шикоят берилаётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва унинг манзили ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ахборот кўрсатилиши керак.
          Қонун ҳужжатларида маъмурий шикоятга ва унга илова қилинадиган ҳужжатларга доир бошқа талаблар ҳам назарда тутилиши мумкин.
          Маъмурий орган маъмурий шикоятга ва унга илова қилинадиган ҳужжатларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган талаблар қўйишга ҳақли эмас.
          Жисмоний шахс оғзаки шикоят қилаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг вакили эса ўз ваколатларини тасдиқлайдиган ва ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак.
          Электрон шаклда бериладиган шикоятларда аризачининг электрон манзили ва ягона идентификатори, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса электрон рақамли имзо ва бошқа реквизитлар кўрсатилиши керак.
          Шикоятда электрон манзилнинг кўрсатилганлиги аризачининг хабарномаларни ахборот тизими орқали электрон шаклда қабул қилишга бўлган розилигидир.

66-модда. Маъмурий шикоятни кўриб чиқиш

          Маъмурий шикоят ушбу Қонуннинг 3-бобида назарда тутилган қоидалар бўйича кўриб чиқилади.
          Маъмурий шикоятни кўриб чиқиш чоғида юқори турувчи маъмурий орган маъмурий ишни тўлиқ ҳажмда кўриб чиқади.

67-модда. Маъмурий шикоятни кўриб чиқиш муддати

          Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, юқори турувчи маъмурий орган ёки бошқа ваколатли орган маъмурий шикоят бўйича ўттиз иш куни ичида қарор қабул қилиши шарт.
          Маъмурий шикоят бўйича белгиланган муддатда қарор қабул қилинмаган тақдирда, манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат, процессуал ҳужжат ёки маъмурий ҳаракат устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.

68-модда. Маъмурий шикоятни чақириб олиш

          Маъмурий шикоят берган шахс шикоят бўйича қарор қабул қилингунига қадар уни чақириб олишга ҳақли. Маъмурий шикоятни чақириб олиш ёзма ёки электрон шаклда расмийлаштирилади.

69-модда. Маъмурий шикоят бўйича қарор

          Юқори турувчи маъмурий орган ёки бошқа ваколатли орган маъмурий шикоят бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилишга ҳақли:
          шикоят қилинган маъмурий ёки процессуал ҳужжатни ўзгаришсиз қолдириш;
          шикоят қилинган маъмурий ёки процессуал ҳужжатга ўзгартиришлар киритиш;
          маъмурий ёки процессуал ҳужжатни бекор қилиш ва зарурат бўлганда янги ҳужжат қабул қилиш.
          Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қарорларни қабул қилиш мумкин бўлмаганда ёки мақсадга мувофиқ бўлмаганда, маъмурий ҳаракатлар устидан шикоят қилинганда, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, юқори турувчи маъмурий орган ёки бошқа ваколатли орган муайян маъмурий ҳужжатни, процессуал ҳужжатни қабул қилиш ёки муайян маъмурий ҳаракатни амалга ошириш мажбуриятини маъмурий органнинг зиммасига юклатиши мумкин.
          Манфаатдор шахс маъмурий шикоят бўйича қабул қилинган қарорга рози бўлмаган тақдирда, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, унинг устидан ўттиз календарь кун ичида суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.

70-модда. Шикоят қилинганда маъмурий ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш

          Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий ҳужжат устидан шикоят қилинганлиги маъмурий шикоят маъмурий органда рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан унинг амал қилишини ва ижро этилишини тўхтатиб туради.

6-боб. Ижро ишини юритиш

71-модда. Маъмурий ҳужжатнинг ижросини таъминлайдиган орган

          Агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий ҳужжатни қабул қилган маъмурий орган унинг ижросини таъминлайди.

72-модда. Маъмурий ҳужжатни ихтиёрий ижро этиш муддати

          Маъмурий орган томонидан маъмурий ҳужжатни ихтиёрий ижро этиш учун белгиланган муддат, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, адресат қабул қилинган маъмурий ҳужжат тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган кундан эътиборан беш календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

          73-модда. Маъмурий ҳужжатни ихтиёрий ижро этиш усули

          Адресат маъмурий ҳужжатда белгиланадиган ижро этиш тартиби доирасида маъмурий ҳужжатни ўзи учун энг мақбул бўлган қонуний усуллар ва воситалар орқали ижро этишга ҳақли.
          Ихтиёрий ижро этиш усули маъмурий ҳужжат талабларининг тегишли тарзда ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлаши керак.

          74-модда. Маъмурий ҳужжатнинг мажбурий ижро этилишига йўл қўйилмаслиги

          Маъмурий ҳужжатни мажбурий ижро этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
          Маъмурий ҳужжат бўйича ўз мажбуриятларини ихтиёрий равишда, тегишли тарзда ва тегишли муддатда бажараётган шахсга нисбатан маъмурий ҳужжатни мажбурий ижро этишнинг ҳеч бир чораси қўлланиши мумкин эмас.
          Агар адресат маъмурий ҳужжатни мажбурий ижро этиш чораларини қўллаш таҳдиди остида ихтиёрий равишда ижро этишга розилик билдирса ва ўз мажбуриятларини бажаришга киришса, тайинланган мажбурий ижро этиш чораси адресат маъмурий ҳужжатни виждонан ва тегишли тарзда бажараётганда ижро этилмаслиги керак.
          Адресатнинг ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарганлиги мажбурий ижро этиш чораси қўлланилишини дарҳол бекор қилади.

75-модда. Мажбурий ижро чоралари

          Маъмурий орган қонунда назарда тутилган ҳолларда қуйидаги мажбурий ижро чораларини қўллашга ҳақли:
          пулга оид мажбурлов;
          маъмурий ҳужжатда назарда тутилган ҳаракатларни маъмурий орган ёки бошқа шахс томонидан қарздор ҳисобига амалга ошириш;
          бевосита мажбурлов.
          Мажбурий ижро чораси маъмурий органнинг ижро ҳужжати билан расмийлаштирилиши керак. Тегишли ижро ҳужжатини қабул қилмай туриб, мажбурий ижро чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.
          Маъмурий орган мажбурий ижро чорасини тайинлашда маъмурий тартиб-таомиллар принципларига амал қилиши керак.
          Агар тайинланган мажбурий ижро чораси маъмурий ҳужжат талабларининг тегишли тарзда ва ўз вақтида ижро этилишини таъминламаган бўлса, маъмурий орган оғирроқ мажбурлов чорасини қўллашга ҳақли.
          Қонунда бошқа мажбурий ижро чоралари ҳам назарда тутилиши мумкин.

76-модда. Маъмурий органнинг ижро ҳужжати

          Маъмурий ҳужжат адресат томонидан тегишли тарзда ва тегишли муддатда ижро этилмаган тақдирда унинг мажбурий ижросини таъминловчи процессуал ҳужжат маъмурий органнинг ижро ҳужжатидир. Агар ушбу бобда ёки бошқа қонунда ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, ижро ҳужжатларига нисбатан ушбу Қонуннинг 4-бобида назарда тутилган талаблар ва қоидалар қўлланилади.
          Агар қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ижро ҳужжати маъмурий орган томонидан ўз ташаббусига кўра ёки ижро этилаётган маъмурий ҳужжат маъмурий иш юритиш бошқа иштирокчисининг қайси талаби натижасида қабул қилинган бўлса, ўша талабга кўра, ихтиёрий ижро этиш муддати ўтгач уч иш куни ичида қабул қилинади.
          Маъмурий органнинг ижро ҳужжати фақат ёзма шаклда қабул қилинади ва у ушбу Қонуннинг 33-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилиш мақсадида адресатга, шунингдек маъмурий ҳужжатнинг мажбурий ижро этилишини талаб қилаётган шахсга бир иш куни ичида юборилиши керак.
          Ижро ишини юритишда маъмурий ҳужжат бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки тегишли тарзда бажармаганлиги учун ўзига нисбатан ижро ҳужжати қабул қилинган адресат — мажбуриятли шахс, ижро ҳужжати қайси шахснинг фойдасига ёки қайси шахс манфаатларини кўзлаб қабул қилинган бўлса, ўша шахс ундирувчи бўлади.

77-модда. Ижро ҳужжатини ижро этиш

          Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ижро ҳужжати мажбуриятли шахс унинг қабул қилинганлиги тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан эътиборан камида беш кун ўтгач ижро этилади. Мажбуриятли шахсни тегишли тарзда хабардор қилиш имкони бўлмаган тақдирда, ижро ҳужжати тегишли тарзда хабардор қилиш имконсизлиги факти расмийлаштирилган пайтдан эътиборан беш кун ўтгач кучга киради ва ижро этилади.

78-модда. Пулга оид мажбурлов

          Пулга оид мажбурлов ундирилиши лозим бўлган муайян суммани тайинлашда ёки ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун пеня тўлашда ифодаланиши мумкин.
          Пулга оид мажбурловнинг энг кўп миқдорлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

          79-модда. Маъмурий ҳужжатда назарда тутилган ҳаракатларни маъмурий орган ёки бошқа шахс томонидан қарздор ҳисобига амалга ошириш


          Агар маъмурий ҳужжатда назарда тутилган бирор-бир ҳаракатни амалга ошириш мажбурияти адресат томонидан бажарилмаётган бўлса, аммо у бошқа шахс томонидан бажарилиши мумкин бўлса, маъмурий орган ушбу ҳаракатни мажбуриятли шахс ҳисобидан амалга ошириш учун бошқа шахсни жалб этиши мумкин. Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий ҳужжатнинг ижросини таъминловчи орган ушбу ҳаракатни мажбуриятли шахс ҳисобидан ўзи амалга оширишга, агар бу мумкин бўлса, ҳақли.

80-модда. Бевосита мажбурлов

          Агар енгилроқ чоралар маъмурий ҳужжатнинг ижросини таъминлай олмаса ёки объектив ҳолатларга кўра уларни қўллаш мумкин бўлмаса, маъмурий ҳужжатнинг ижросини таъминловчи орган, ўзида тегишли ваколатлар мавжуд бўлган тақдирда, мажбуриятли шахсни қонунда белгиланган тартибда маъмурий ҳужжат бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга бевосита мажбурлашга, бундай ваколатлар мавжуд бўлмаганда эса тегишли ижро ҳужжатини ижро этиш борасида кўмаклашиш учун ваколатли давлат органига мурожаат қилишга ҳақли.

81-модда. Мажбурий ижро чораларини қўллаш тўғрисида огоҳлантириш

          Ушбу Қонуннинг 75-моддасида назарда тутилган ҳолда маъмурий орган мажбуриятли шахсга мажбурий
          ижро чораларини қўллаш тўғрисида огоҳлантириш юбориши ва маъмурий ҳужжатни ихтиёрий ижро этиш учун қўшимча муддат белгилаши мумкин. Агар мажбуриятли шахс белгиланган қўшимча муддатда ўз мажбуриятларини бажармаса, маъмурий орган мажбурий ижро чорасини бир иш куни ичида қўллайди.

          82-модда. Маъмурий орган томонидан маъмурий ҳужжат бўйича ўз мажбуриятларини бажармаслик

          Агар маъмурий орган ўзи қабул қилган маъмурий ҳужжат бўйича ўз мажбуриятларини маъмурий ҳужжатда белгиланган ижро муддати ичида ёки, агар бундай муддат белгиланмаган бўлса, маъмурий ҳужжат қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида тегишли тарзда бажармаса, манфаатдор шахс бундай бажармаганлик устидан маъмурий ҳужжат устидан шикоят қилиш учун белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.

          83-модда. Ижро иши юритишдаги харажатлар

          Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий ҳужжатни мажбурий ижро этиш бўйича қилинган харажатларнинг ўрни мажбуриятли шахс ҳисобидан қопланади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

84-модда. Маъмурий регламентлар

          Агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий ишларни ҳал қилиш, маъмурий ва процессуал ҳужжатларни қабул қилиш, маъмурий ҳужжатларни ижро этиш, шунингдек маъмурий шикоятларни кўриб чиқиш бўйича маъмурий органлар фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олувчи маъмурий регламентлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

85-модда. Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

          Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

86-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

          Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминласин.

87-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

          Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
          ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
          давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

88-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

          Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн икки ой ўтгач кучга киради. 
 

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                      Ш. МИРЗИЁЕВ


Тошкент шаҳри, 2018 йил 8 январь
№ ЎРҚ—457