ЎзА Ўзбек

15.04.2016 10:11 Янги қонунлар

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 3 мартда 
қабул қилинган 
Сенат томонидан 2016 йил 31 мартда 
маъқулланган 

          1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 30 августда қабул қилинган «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги 279–I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, № 9, 142-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, № 4, 98-модда, № 10, 263-модда, № 12, 350-модда; 2014 йил, № 5, 130-модда; 2015 йил, № 12, 452-модда) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади).

          2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
          ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
          давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

          3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


Ўзбекистон Республикасининг
Президенти                                                         И.Каримов


Тошкент шаҳри,
2016 йил 13 апрель
№ ЎРҚ – 404




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида
(янги таҳрири)

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

          Ушбу Қонуннинг мақсади бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш, юритиш ва ҳисоботни тузиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

          Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
          Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Бухгалтерия ҳисобининг асосий принциплари

          Узлуксизлик, ишончлилик, кўрсаткичларнинг қиёсланувчанлиги бухгалтерия ҳисобининг асосий принципларидир.

4-модда. Бухгалтерия ҳисоби

          Бухгалтерия ҳисоби барча хўжалик операцияларини яхлит, узлуксиз, ҳужжатлар асосида ҳисобга олиш йўли билан бухгалтерия ахборотини йиғиш, қайд этиш ва умумлаштиришнинг тартибга солинган тизимидан, шунингдек унинг асосида молиявий ва бошқа ҳисоботни тузишдан иборатдир.
          Бухгалтерия ҳисоби хўжалик операциясини бухгалтерия ҳисобининг камида иккита счётида бир вақтда ва ўзаро боғлиқ ҳолда пулда баҳолаб акс эттириш йўли билан икки ёқлама ёзув усулида юритилади.

5-модда. Бухгалтерия ахбороти

          Бухгалтерия ахбороти бошланғич ҳисоб ҳужжатларига асосланган, бухгалтерия ҳисоби регистрларида, молиявий ҳисоботларда, тушунтиришларда ҳамда бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва юритиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларда акс эттириладиган бухгалтерия ҳисоби объектлари ҳақидаги қайта ишланган маълумотлардир.

6-модда. Бухгалтерия ҳисоби субъектлари

          Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган юридик шахслар, уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда ундан ташқарида жойлашган шўъба корхоналари, ваколатхоналари, филиаллари ва бошқа таркибий бўлинмалари бухгалтерия ҳисоби субъектларидир.
         Юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек чет эл юридик шахсларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналари, филиаллари ва бошқа таркибий бўлинмалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисоб юритади ҳамда ҳисобот тақдим этади.

7-модда. Бухгалтерия ҳисоби объектлари

          Активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал, захиралар, даромадлар, харажатлар, фойда, зарарлар ва уларнинг ҳаракати билан боғлиқ хўжалик операциялари бухгалтерия ҳисобининг объектларидир.
          Бухгалтерия ҳисоби объектлари синтетик ва аналитик ҳисобларда юритилади.

8-модда. Синтетик ва аналитик ҳисоб

          Синтетик ҳисоб қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда бухгалтерия ҳисоби объектлари ҳақидаги маълумотларни муайян иқтисодий белгилари бўйича умумлаштириш йўли билан амалга оширилади.
          Аналитик ҳисоб бухгалтерия ҳисоби объектлари ҳақидаги батафсил бухгалтерия ахборотини шакллантириш мақсадида бухгалтерия ҳисобининг субъекти томонидан мустақил равишда белгиланадиган тартибда юритилади.

9-модда. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини тартибга солиш

          Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботни тартибга солиш, бухгалтерия ҳисоби стандартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг зиммасига юклатилади.
          Бухгалтерия ҳисобини юритиш қоидалари бухгалтерия ҳисоби стандартлари, шу жумладан кичик тадбиркорлик субъектлари учун соддалаштирилган бухгалтерия ҳисобини юритиш стандарти билан белгиланади.
          Бюджет ташкилотларининг ҳамда давлат мақсадли жамғармаларининг бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботини тартибга солиш бюджет ҳисоби стандартлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
          Банклар ва бошқа кредит ташкилотларининг бухгалтерия ҳисоби ҳамда ҳисоботини тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

10-модда. Бухгалтерия ҳисоби стандартлари

          Бухгалтерия ҳисоби стандартлари бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тузишга доир минимал талабларни белгилайди.
          Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш, юритиш ва молиявий ҳисоботни тузишга доир махсус талабларни белгилайди.
          Бухгалтерия ҳисоби субъектлари молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўллаши мумкин.

11-модда. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этиш

          Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этишни бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбари амалга оширади.
          Бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
          бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари бошчилигида бухгалтерия ҳисоби хизматини ташкил этиш ёки шартнома асосида жалб қилинган бухгалтер хизматидан фойдаланиш;
          бухгалтерия ҳисобини юритишни ихтисослаштирилган ташкилотга (аудиторлик ташкилотлари, солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари ва уставида бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича хизмат кўрсатиш назарда тутилган бошқа ташкилотлар) шартнома асосида юклаш;
          бухгалтерия ҳисобини мустақил юритиш.
          Бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбари:
          ҳисоб сиёсати, ички ҳисоб ва ҳисобот тизими ишлаб чиқилишини;
          ички назорат тартибини;
          бухгалтерия ҳисоби тўлиқ ва ишончли юритилишини;
          ҳисоб ҳужжатларининг бут сақланишини;
          молиявий ҳисоботнинг тайёрланишини;
          солиқ ҳисоботининг ва бошқа молиявий ҳужжатларнинг тайёрланишини;
          ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилишини;
          ушбу Қонун 12-моддасининг талабларига риоя этилишини таъминлаши шарт.

12-модда. Бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари

          Бош бухгалтер ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи бошқа мансабдор шахс бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбаридир.
          Бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари бевосита бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбарига бўйсунади.
          Бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарининг хўжалик операцияларини ҳужжатлар асосида расмийлаштириш ва уларни бухгалтерия ҳисоби хизматига тақдим этиш бўйича талаблари бухгалтерия ҳисоби субъектининг барча ходимлари учун мажбурийдир.
          Бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбари ва бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари ўртасида айрим хўжалик операцияларини амалга оширишга доир келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, улар бўйича ҳужжатлар операциялар амалга оширилишининг оқибатлари учун шахсан жавобгар бўлган бухгалтерия ҳисоби субъекти раҳбарининг ёзма фармойиши билан ижрога қабул қилиниши мумкин.
          Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган бухгалтерия ҳисоби субъектининг (банклар ва бошқа кредит ташкилотлари бундан мустасно) бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
          олий маълумотга эга бўлиш;
          олий иқтисодий маълумотга эга бўлган тақдирда, охирги беш календарь йилдан камида уч йили, ноиқтисодий олий маълумотга эга бўлган тақдирда эса, охирги ўн календарь йилдан камида етти йили бухгалтерия ҳисобини юритиш ёки молиявий ҳисоботни тузиш ёхуд аудиторлик фаолияти билан боғлиқ иш стажига эга бўлиш.
          Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбари бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарининг ҳар йили малака оширишдан ўтишини таъминлаши шарт.
          Ушбу модда бешинчи ва олтинчи қисмларининг талаблари мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбари бухгалтерия ҳисобини юритишни шартнома асосида зиммасига юклаган ихтисослаштирилган ташкилот ходимига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
          Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек қасддан содир этилган жиноят учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари бўлиши мумкин эмас.
          Банклар ва бошқа кредит ташкилотларининг бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарларига қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади.

13-модда. Имзо ҳуқуқи

          Пул, товар-моддий бойликларни ва бошқа бойликларни қабул қилиш ҳамда бериш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар, кредит ва ҳисоб-китоб мажбуриятлари, шунингдек молиявий ва бошқа ҳисоботлар бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбари томонидан ёки у белгилайдиган шахслар томонидан имзоланади.
          Бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбари имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг иккита рўйхатини тасдиқлайди. Биринчи рўйхатга бухгалтерия ҳисоби субъектида раҳбарлик вазифаларини амалга оширувчи шахслар, иккинчисига эса, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахслар киради. Агар бухгалтерия ҳисоби субъекти раҳбари бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини ўз зиммасига олган бўлса, у ҳолда ҳар иккала рўйхатда ҳам ўзини кўрсатади.
          Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг имзоси мавжуд бўлмаган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

14-модда. Бошланғич ҳисоб ҳужжатлари 

          Операциялар амалга оширилганлигини қайд этувчи бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ва уларни ўтказишга доир фармойишлар хўжалик операцияларининг бухгалтерия ҳисоби учун асос бўлади. Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан савдо ва сервис соҳасида олинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақи банк корпоратив пластик карталаридан фойдаланган ҳолда тўланганида тўлов терминалларининг чеклари ҳам бошланғич ҳисоб ҳужжатлари деб тан олинади.
          Бошланғич ҳисоб ҳужжатлари хўжалик операциялари амалга оширилаётган пайтда ёки операциялар амалга ошириб бўлинганидан кейин тузилади.
          Ҳисобот даврига тегишли бўлган хўжалик операциялари, агар улар амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар олинмаган бўлса, тегишли бошланғич ҳужжат расмийлаштирилиб, бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади.
          Бошланғич ҳисоб ҳужжатларининг мажбурий реквизитлари қуйидагилардир:
          бухгалтерия ҳисоби субъектининг номи;
          ҳужжатнинг номи ва рақами, у тузилган сана ва жой;
          хўжалик операциясининг номи, мазмуни ва ўлчов бирликлари кўрсатилган миқдор ўлчови (натура ва пулда ифодаланган ҳолда);
          хўжалик операциясини бажарган шахсларнинг (шахснинг) идентификация қилиш учун зарур бўлган фамилияси ҳамда исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари ёхуд бошқа реквизитлари кўрсатилган ҳолда лавозимлари номи ва имзолари.
          Бошланғич ҳисоб ҳужжатларини тузган ҳамда имзолаган шахслар уларнинг ўз вақтида, тўғри ва ишончли тузилиши, шунингдек бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун белгиланган муддатларда топширилишига жавобгардир.
          Бошланғич ҳисоб ҳужжатлари электрон ҳужжат тарзида тузилиши ва тақдим этилиши мумкин.
          Бошланғич ҳисоб ҳужжатларига хўжалик операцияси иштирокчилари томонидан тасдиқланмаган тузатишлар киритилишига йўл қўйилмайди. Банк ва касса-пул ҳужжатларида тузатишлар ҳамда ўчириб ёзишларга йўл қўйилмайди.

15-модда. Бухгалтерия ҳисоби регистрлари

          Бухгалтерия ҳисоби регистрлари икки ёқлама ёзув усулига мувофиқ юритиладиган журналлар, қайдномалар, китоблар ва тасдиқланган бланкалардан (шакллардан) иборатдир.
          Бухгалтерия ҳисоби регистрлари техника воситаларидан, ахборот тизимларидан ва ахборот технологияларидан фойдаланилган ҳолда электрон ҳужжат тарзида яратилиши, ишлов берилиши ва сақланиши мумкин.
          Бухгалтерия ҳисоби регистрларида бошланғич ҳисоб ҳужжатларидаги маълумотлар тизимлаштирилиши ва тўпланиши керак.
          Бухгалтерия ҳисоби регистрининг мажбурий реквизитлари қуйидагилардан иборат:
          регистрнинг номи;
          бухгалтерия ҳисоби субъектининг номи;
          регистрни юритиш бошланган ҳамда тугалланган сана ва (ёки) регистр тузилган давр;
          хўжалик операцияларининг хронологик ва (ёки) тизимли гуруҳланиши;
          хўжалик операцияларининг ўлчов бирлиги кўрсатилган ҳолда пулдаги ўлчов миқдори;
          регистрни юритиш учун масъул бўлган шахсларнинг лавозимлари, фамилиялари ҳамда исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари кўрсатилган ҳолдаги имзолари ёки ушбу шахсларни идентификация қилиш учун зарур бўлган бошқа реквизитлар.
          Бухгалтерия ҳисоби регистрларига тасдиқланмаган тузатишлар киритилишига йўл қўйилмайди.

16-модда. Активлар ва мажбуриятларни инвентаризация қилиш

          Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот маълумотларининг тўғрилиги ҳамда ишончлилиги активлар ва мажбуриятларни мажбурий тарзда инвентаризациядан ўтказиш орқали тасдиқланади. Инвентаризация объектлари, уни ўтказиш тартиби ва муддатлари инвентаризация бўйича бухгалтерия ҳисоби стандартида белгиланади.

17-модда. Активлар ва мажбуриятларни баҳолаш

          Товар-моддий захираларни баҳолаш қуйидаги иккита баҳонинг энг пасти бўйича – баланс тузилаётган санадаги ҳақиқий таннарх (сотиб олиш нархи ёки ишлаб чиқариш таннархи) бўйича ёки бозор баҳоси (реализация қилишнинг соф қиймати) бўйича амалга оширилади.
          Асосий воситалар ва номоддий активлар уларнинг бошланғич (қайта тикланиш) қиймати бўйича ҳисобга олинади.
          Асосий воситалар ва номоддий активлар қийматини ҳисобдан чиқариш уларнинг қиймати тўлиқ қоплангунига ёки объект ҳисобдан чиқиб кетгунига қадар эскиришни (амортизацияни) ҳисоблаш йўли билан амалга оширилади. Амортизация ажратмалари объект фойдаланишга топширилганидан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилади. Ернинг қиймати амортизация қилинмайди.
          Молиявий қўйилмалар бухгалтерия ҳисоби стандартларига мувофиқ ҳисобга олинади.
          Мажбуриятлар тарафларнинг келишувига мувофиқ пулда ифодаланган ҳолда акс эттирилади.
          Суд қарори бўйича юзага келган мажбуриятлар тегишли суммада акс эттирилади.
          Шартли активлар ва мажбуриятлар бухгалтерия ҳисоби стандартларига мувофиқ акс эттирилади.
          Бюджет ташкилотларининг активлари ва мажбуриятларини баҳолаш бюджет ҳисоби стандартларига мувофиқ амалга оширилади.
          Бухгалтерия ҳисоби миллий валютада – сўмда юритилади.

18-модда. Даромадлар ва харажатларни ҳисобга олиш

          Даромадлар ва харажатлар тўланган вақти ва пул келиб тушган санадан қатъи назар, қайси даврга тааллуқли бўлса, ўша ҳисобот даврида бухгалтерия ҳисоби стандартларига мувофиқ акс эттирилади.
          Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси бўйича даромадлар ва харажатлар бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ акс эттирилади.

19-модда. Хусусий капитални ҳисобга олиш

          Хусусий капитал устав фондидан (устав капиталидан), қўшилган, захира капиталидан ва тақсимланмаган фойдадан таркиб топади.
          Устав фонди (устав капитали) таъсис ҳужжатларида белгиланган ҳиссаларнинг (пулда ифодаланган ҳолдаги) йиғиндисини акс эттиради. Устав фондига (устав капиталига) ҳиссалар шаклида киритиладиган моддий ва номоддий активлар таъсисчилар (иштирокчилар) ўртасидаги келишувга кўра баҳоланади, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса, баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланиши керак.
          Қўшилган капитал акцияларни номинал қийматидан баланд нархларда дастлабки сотишдан олинадиган эмиссия даромадини, шунингдек эквиваленти чет эл валютасида ифодаланган устав фондини (устав капиталини) шакллантириш жараёнида юзага келадиган курс фарқини акс эттиради.
          Захира капитали узоқ муддатли активларни қайта баҳолашда ҳосил бўладиган инфляция захираларини, қонун ҳужжатларида ва таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорларда соф фойдадан ажратмаларни, шунингдек текинга олинган мол-мулкнинг қийматини акс эттиради.
          Тақсимланмаган фойда фойданинг жамғарилаётганлигини ифодалайди ва мулкдорларнинг қарорига биноан устав фондига (устав капиталига) қўшилиши мумкин.

20-модда. Гаровни ҳисобга олиш

          Ўзининг ёки ўзгаларнинг мажбуриятларини таъминлаш учун гаровга берилган мол-мулкнинг қиймати, шу жумладан пул маблағлари бухгалтерия ҳисоби субъекти томонидан бошқа активлардан алоҳида ҳисобга олинади.
          Гаровга олинган мол-мулкнинг қиймати, гаров сифатида қабул қилиб олинган пул маблағлари ва валюта бойликлари алоҳида балансдан ташқари счётларда акс эттирилади.

21-модда. Ички назорат

          Ички назорат бухгалтерия ҳисобини юритишда, молиявий ва бошқа ҳисоботларни тузишда хўжалик операцияларини амалга оширишнинг қонунийлигини, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини, активларнинг бут сақланишини таъминлаш, талон-торож қилиш ҳоллари ва хатоликларнинг олдини олиш ҳамда аниқлаш мақсадида бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбари томонидан қабул қилинган ҳисоб сиёсати асосида ташкил этилган чора-тадбирлар тизимидир.
          Бухгалтерия ҳисоби субъекти ички назоратни ташкил этади ва амалга оширади.

22-модда. Молиявий ҳисобот

          Молиявий ҳисобот бухгалтерия ҳисоби субъектининг ҳисобот санасидаги молиявий ҳолати, ҳисобот давридаги фаолиятининг молиявий натижаси ва пул маблағларининг ҳаракати тўғрисидаги тизимлаштирилган ахборотдан иборатдир.
          Йиллик молиявий ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олади:
          бухгалтерия баланси;
          молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот;
          пул оқимлари ҳақидаги ҳисобот;
          хусусий капитал тўғрисидаги ҳисобот;
          изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришлар.
          Халқаро стандартлар бўйича тузиладиган молиявий ҳисоботга доир талаблар молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларида белгиланади.
          Бухгалтерия ҳисоби субъекти молиявий ҳисоботни тузишда мустақил балансга ажратилган ўз ваколатхоналарининг, филиалларининг ва бошқа таркибий бўлинмаларининг бухгалтерия балансларини ҳамда бошқа ҳисобот шаклларини киритиши керак.
          Молиявий ҳисобот ҳисобот йили бошидан ортиб борувчи якун билан тузилади.
          Бюджет ташкилотларининг молиявий ҳисоботи бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилади ва тақдим этилади.
          Молиявий ҳисоботнинг таркиби ва мазмуни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.
          Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари молиявий ҳисоботининг таркиби ҳамда мазмуни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади.

23-модда. Консолидациялашган молиявий ҳисобот

          Асосий хўжалик жамияти бўлган ва шўъба хўжалик жамиятларига, ўз назорати остидаги ташкилотларга эга бухгалтерия ҳисоби субъекти консолидациялашган молиявий ҳисоботни тузади.
          Консолидациялашган молиявий ҳисоботни тузиш тартиби, шунингдек асосий хўжалик жамиятининг назорати остидаги ташкилотларга қўйиладиган талаблар бухгалтерия ҳисоби стандартлари билан белгиланади.
          Ушбу модда талаблари вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва бюджет ташкилотларининг жамланма молиявий ҳисоботига нисбатан татбиқ этилмайди.

24-модда. Молиявий ҳисоботнинг ҳисобот даври 

          1 январь – 31 декабрь календарь йили йиллик молиявий ҳисоботнинг ҳисобот давридир.
          1 январдан бошлаб даврий молиявий ҳисобот тузилаётган даврнинг ҳисобот санасини ҳам қамраб олган давр календарь йил мобайнида тузиладиган даврий молиявий ҳисобот учун ҳисобот давридир.
          Янгидан ташкил этилган юридик шахслар учун юридик шахс ҳуқуқи қўлга киритилган санадан бошлаб ўша йилнинг 31 декабрига қадар бўлган давр, юридик шахс бўлмаганлар учун эса, улар давлат органларида рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб ўша йилнинг 31 декабрига қадар бўлган давр биринчи ҳисобот йили деб ҳисобланади.
          Агар юридик шахс (бюджет ташкилотларидан ташқари) 1 октябрдан кейин рўйхатга олинган бўлса, биринчи ҳисобот йили кейинги йилнинг
31 декабрида тугайди.
          Рўйхатдан ўтилгунига ёки юридик шахс ҳуқуқи олингунига қадар амалга оширилган хўжалик операциялари тўғрисидаги маълумотлар биринчи ҳисобот йилининг молиявий ҳисоботига киритилади.

25-модда. Молиявий ҳисоботни тақдим этиш

          Молиявий ҳисобот қуйидагиларга тақдим этилади:
          давлат солиқ хизмати органларига;
          таъсис ҳужжатларига мувофиқ мулкдорларга;
          давлат статистика органларига;
          қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа органларга.
          Молиявий ҳисобот электрон ҳужжат тарзида тақдим этилиши мумкин.
          Молиявий ҳисобот йилнинг ҳар чорагида тақдим этилади. Кичик корхоналар ва микрофирмалар бухгалтерия балансидан ҳамда молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботдан иборат фақат йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этади.
          Молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.
          Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан бухгалтерия ҳисобининг айрим субъектлари учун молиявий ҳисоботни тақдим этишнинг бошқа муддатлари белгиланиши мумкин.

26-модда. Молиявий ҳисоботни эълон қилиш

          Хўжалик юритувчи субъектларнинг йиллик молиявий ҳисоботи манфаатдор банклар, биржалар, инвесторлар, кредиторлар, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шахслар учун очиқдир.
          Акциядорлик жамиятлари, шунингдек суғурта ташкилотлари, банклар, жамоат фондлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ташкилотлар ҳар йилги молиявий ҳисоботни акциядорларнинг ёки бухгалтерия ҳисоби субъекти бошқа юқори бошқарув органининг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида икки ҳафта олдин аудиторлик хулосаси билан бирга эълон қилиши шарт.
          Ушбу модда ўзига нисбатан қонун ҳужжатларининг бошқа талаблари белгиланган бухгалтерия ҳисоби субъектларининг молиявий ҳисоботига татбиқ этилмайди.

27-модда. Тугатиш чоғидаги молиявий ҳисобот

          Хўжалик юритувчи субъектни тугатиш чоғида якуний молиявий ҳисобот тузилади.
          Тугатиш бўйича операцияларни ҳисобга олиш, тугатиш балансини ва ҳисоботни тузиш, активлар қийматини аниқлаш юзасидан жавобгарлик тугатиш комиссиясининг (тугатувчининг) зиммасига юклатилади.
          Умидсиз қарзлар ва зарарлар тугатиш балансига киритилмайди.
          Тугатиш балансида мажбуриятлар уни тузиш санасида ҳисобланган фоизлари билан акс эттирилади.

28-модда. Бухгалтерия ахборотининг махфийлиги

          Бухгалтерия ҳисобини юритишда махфийликка риоя қилинади. Бухгалтерия ҳисоби регистрларининг мазмуни билан танишишга бухгалтерия ҳисоби субъекти раҳбарининг рухсатига кўра ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.
          Бухгалтерия ҳисоби регистрлари билан танишишга рухсат олган шахслар махфийликни сақлаши шарт. Махфийликни бузганлик қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

29-модда. Бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш

          Бошланғич ҳисоб ҳужжатлари, бухгалтерия ҳисоби регистрлари, молиявий ҳисобот ва бошқа ҳисоботлар, шунингдек бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ҳамда юритиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар мобайнида, бироқ ҳисобот йилидан кейин камида беш йил бухгалтерия ҳисоби субъекти томонидан сақланади.
          Бухгалтерия ҳужжатларини олиб қўйиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

30-модда. Бухгалтерларнинг жамоат бирлашмалари

          Бухгалтерлар умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш ҳуқуқига эга.

31-модда. Низоларни ҳал этиш

          Бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш, юритиш ва ҳисоботни тузиш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

32-модда. Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

          Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.