ЎзА Ўзбек

27.08.2015 18:36 Янги қонунлар

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ


Қонунчилик палатаси томонидан 2015 йил 15 июлда 
қабул қилинган
Сенат томонидан 2015 йил 6 августда
маъқулланган


1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

          Ушбу Қонуннинг мақсади аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари 

          Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
          Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

          Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
          аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги – аҳоли соғлиғининг ҳолати бўлиб, бунда инсонга яшаш муҳити омилларининг зарарли таъсири мавжуд бўлмайди ва унинг ҳаёт фаолияти учун қулай шарт-шароитлар таъминланади;
          давлат санитария назорати – аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олишга, уларни аниқлаш ва бартараф этишга доир фаолият;
          инсоннинг яшаш муҳити – инсоннинг ҳаёт фаолияти шарт-шароитларини белгилайдиган объектлар, ҳодисалар ва атроф-муҳит омиллари мажмуи;
          санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар – юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлишининг ҳамда тарқалишининг олдини олишга ва уларни бартараф этишга қаратилган ташкилий, маъмурий, муҳандислик-техник, тиббий-санитария чора-тадбирлари ҳамда бошқа чора-тадбирлар;
          санитария-эпидемиологик вазият – аҳоли яшаётган муҳитининг ва соғлиғининг муайян ҳудуддаги, кўрсатилган аниқ вақтдаги ҳолати;
          санитария-эпидемиология хизмати – аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи давлат санитария-эпидемиология назорати марказларини, орттирилган иммунитет танқислиги синдромига (ОИТСга) қарши курашиш марказларини, дезинфекция станцияларини, ўлат, карантин ва ўта хавфли инфекцияларни профилактика қилиш марказларини, илмий-тадқиқот муассасаларини ўз ичига олган ягона тизим;
          чекловчи тадбирлар (карантин) – юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлар;
          юқумли ва паразитар касалликлар – инсонга у яшаётган муҳитнинг биологик омиллари таъсир кўрсатиши ҳамда касалликка чалинган инсондан ёки ҳайвондан соғлом инсонга касаллик юқиши мумкинлиги сабабли пайдо бўладиган ва тарқаладиган инсон касалликлари.

2-боб. Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасини давлат томонидан тартибга солиш

4-модда. Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари 

          Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
          санитария-гигиена тадбирларини ва эпидемияга қарши тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
          давлат томонидан санитария-эпидемиология нормаларининг жорий этилиши;
          аҳолининг санитария маданияти даражасини ошириш;
          давлат санитария назоратини амалга ошириш;
          халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

5-модда. Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари

          Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари давлат органлари ҳамда бошқа органлар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши шарт бўлган аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги талабларни белгилайдиган ҳужжатлардир.
          Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланади ҳамда, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги ваколатлари 

          Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
          аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди;
          аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва амалга оширади;
          давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
          Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

7-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги ваколатлари 

          Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:
          аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда ўз ваколатлари доирасида иштирок этади;
          аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва амалга оширади;
          давлат ва хўжалик бошқаруви органлари тегишли ҳудудий бўлинмаларининг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
          ҳудудларнинг санитария-эпидемиологик ҳолатини яхшилашга ва тозалигини сақлашга, аҳолининг санитария маданияти даражасини оширишга доир чора-тадбирларни амалга оширади.
          Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

8-модда. Давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлар 

          Давлат санитария назорати:
          Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати республика маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳамда шаҳарлар давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан;
          Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Ички ишлар вазирлигининг, Миллий хавфсизлик хизматининг, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг тегишли таркибий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
          Давлат санитария назорати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бошқа вазирликлар ва идораларнинг тегишли таркибий бўлинмалари томонидан амалга оширилиши мумкин.
          Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати республика маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари ушбу модданинг биринчи қисми учинчи хатбошисида ҳамда иккинчи қисмида кўрсатилган таркибий бўлинмаларнинг фаолиятига услубий раҳбарлик қилинишини, бу фаолият мувофиқлаштириб борилишини таъминлайди.

9-модда. Давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар 

          Давлат санитария назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш:
          Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар бош давлат санитария врачларининг, улар ўринбосарларининг;
          Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Ички ишлар вазирлигининг, Миллий хавфсизлик хизматининг, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг тегишли таркибий бўлинмалари раҳбарларининг;
          қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мансабдор шахсларнинг зиммасига юклатилади.

10-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг ваколатлари 

          Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи:
          санитария-эпидемиология хизматига раҳбарлик қилади, давлат санитария назоратининг асосий вазифаларини ва уни амалга оширишнинг устувор йўналишларини белгилайди;
          санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини тасдиқлайди;
          атроф-муҳит омилларининг инсон организмига таъсирини аниқлашга доир норматив-техник ҳужжатларни тасдиқлайди;
          Профилактик эмлашларнинг миллий тақвимини ва эпидемик кўрсаткичлар бўйича профилактик эмлашлар ўтказиш тартибини тасдиқлайди;
          одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган, аҳолининг яшаши ва хўжалик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланадиган ҳудудларни белгилайди;
          юқумли ва паразитар касалликларнинг кириб келиши ҳамда тарқалишидан ҳудудларни санитария жиҳатидан муҳофаза қилишга доир тадбирларни мувофиқлаштириб боради;
          атрофдагилар учун хавф туғдирувчи юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши хавфи бўлган тақдирда тегишли санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар ўтказиш тўғрисида қарорлар чиқаради;
          янги озиқ-овқат қўшимчаларини, махсус қўшиладиган биологик фаол моддаларни, кимёвий моддаларни, биологик воситалар ва материалларни, полимер ва пластик массаларни, атир-упа ва пардоз маҳсулотларини токсикология-гигиена жиҳатидан баҳолаш асосида уларнинг Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши ва ишлаб чиқарилиши учун рухсатномалар беради;
          республика ва маҳаллий эпидемия фондларидан ҳамда санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар учун ажратиладиган моддий-техника ресурсларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;
          санитария-эпидемиология хизмати муассасаларининг қарорларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) доир шикоятларни кўриб чиқади;
          Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош давлат санитария врачларини тайинлайди.
          Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
          Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария врачи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

11-модда. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар бош давлат санитария врачларининг ваколатлари

          Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар бош давлат санитария врачлари:
          ўз бўйсунувидаги санитария-эпидемиология хизмати муассасаларига раҳбарлик қилади;
          объектларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари бўйича хулосалар беради;
          одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган, аҳолининг яшаши ва хўжалик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланадиган ҳудудларни белгилайди;
          юқумли ва паразитар касалликларнинг кириб келиши ҳамда тарқалишидан тегишли ҳудудни санитария жиҳатидан муҳофаза қилишга доир тадбирларни ўтказади;
          авария ҳолатларини ҳамда юқумли ва паразитар касалликлар авж олишини бартараф этиш пайтида санитария-гигиена тадбирларини ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширади, шу жумладан манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда амалга оширади;
          қонун ҳужжатларининг йўл қўйилган бузилишларини бартараф этиш юзасидан давлат органлари ва бошқа органлар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради.
          Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош давлат санитария врачлари Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи билан келишган ҳолда туманлар ва шаҳарлар бош давлат санитария врачларини тайинлайди.
          Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар бош давлат санитария врачлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

12-модда. Давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари

          Давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларга ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
          а) санитария қоидаларининг, нормаларининг ва гигиена нормативларининг йўл қўйилган бузилишларини бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берган ҳолда, давлат органларидан ва бошқа органлардан, юридик ва жисмоний шахслардан уларнинг бартараф этилишини талаб қилиш;
          б) объектларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларида санитария қоидаларига, нормаларига ва гигиена нормативларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
          в) белгиланган тартибда давлат органларига ва бошқа органларга, юридик ва жисмоний шахсларга:
          аҳоли пунктларини режалаштириш ва қуриш лойиҳалари ҳамда объектларни жойлаштириш бўйича истиқбол режалари, шунингдек корхоналарни, биноларни ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш лойиҳалари юзасидан;
          қурилиш учун ер участкалари бериш, хўжалик ва маиший мақсадларда сувдан фойдаланиш жойларини ҳамда оқова сувлар тозаланганидан кейин уларни тушириб юбориш шартларини аниқлаш, заҳарли, кимёвий, радиоактив моддаларни ва бошқа моддаларни утилизация қилиш ҳамда кўмиб ташлаш масалалари бўйича;
          иншоотларнинг, турар жойларнинг, даволаш-профилактика, таълим, маданият, спорт муассасаларининг ва бошқа муассасаларнинг, ишлаб чиқариш бинолари ҳамда санитария-маиший биноларнинг, шунингдек ускуналарнинг, транспорт воситаларининг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлиги тўғрисида;
          таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг ўқув юкламаси ва машғулотларининг намунавий тартиби тўғрисида тақдим этиладиган таклифлар бўйича хулосалар бериш;
          г) санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари бажарилишини назорат қилиш мақсадида юридик шахсларнинг ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг объектларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кириш;
          д) иш берувчилардан:
          санитария қоидаларини, нормаларини ва гигиена нормативларини, эпидемияга қарши тартибни мунтазам равишда бажармаётган ҳамда юқумли ва паразитар касалликлар тарқалиши хавфини туғдирувчи шахсларни ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятларини ва бажариладиган ишларнинг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ишдан четлаштиришни;
          санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар ўтказилишини талаб қилиш;
          е) озиқ-овқат маҳсулотларини, буюмлар, предметлар ва материалларни санитария-гигиена экспертизаси, лаборатория текширувлари учун олиш, бевосита объектларнинг ўзида зарур лаборатория ва жиҳозлар воситасида текширувлар ўтказиш;
          ж) давлат санитария назоратини амалга оширишга вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мутахассисларини, шунингдек жамоатчилик вакилларини белгиланган тартибда жалб этиш.
          Аҳолининг санитария-эпедимиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачига, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар бош давлат санитария врачларига, уларнинг ўринбосарларига, ушбу Қонун 8-моддаси биринчи қисмининг учинчи хатбошисида ва иккинчи қисмида кўрсатилган таркибий бўлинмаларнинг раҳбарларига ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
          санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига жавоб бермайдиган ер участкалари ажратиш, уй-жой, жамоат, ишлаб чиқариш объектларини ва бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш, кенгайтиришга доир лойиҳаолди ҳамда лойиҳа ҳужжатларини рад этиш;
          санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари бузилишлари бартараф этилгунига қадар, ишлаб турган иншоотлардан, турар жойлардан, ишлаб чиқариш объектларидан, маданий-маиший бинолардан фойдаланишни, умумий овқатланиш ва савдо корхоналарининг, таълим, даволаш-профилактика, санаторий-курорт муассасаларининг ва бошқа муассасаларнинг фаолиятини тўхтатиб туриш, ускуналарни, асбобларни ишлатишни, транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқлаш;
          санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари бузилган ҳолларда аҳоли пунктлари, бинолар ва иншоотлар қурилишини, реконструкция қилинишини ҳамда мазкур объектларда ишларнинг айрим турлари бажарилишини тўхтатиб туриш;
          Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида рўйхатдан ўтказилмаган ёки одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли деб топилган янги хом ашё турлари, кимёвий воситалар, технология ускуналари, жараёнлари ҳамда асбоблари, озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотлари, саноат буюмлари, қурилиш материаллари, ионлаштирувчи нурланиш манбалари, биологик воситалар, озиқ-овқат хом ашёсига, озиқ-овқат маҳсулотларига ҳамда дори воситаларига ишлатиладиган идишлар, пластик, полимер материаллар ва бошқа материаллар, улардан тайёрланган буюмлар ҳамда бошқа халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилишини, қўлланилишини ва реализация қилинишини тақиқлаш;
          одамларнинг соғлиғига зарарли таъсир пайдо бўлган тақдирда, хўжалик ва ичимлик суви билан таъминлаш амалиётида, озиқ-овқат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда чорванинг ривожини тезлаштирувчи ва тартибга солувчи воситаларни, пестицидлар, атир-упа ҳамда пардоз маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва уларни қайта ишлашда фойдаланиладиган кимёвий моддалар, восита ва усулларнинг, бу моддалар, восита ва усулларнинг хавфсизлиги тўғрисида ишлаб чиқувчи илмий жиҳатдан асосланган маълумотлар тақдим этгунига қадар қўлланилишини тақиқлаш;
          хўжалик ва ичимлик суви таъминоти учун қўллашга яроқсиз деб топилган сувдан фойдаланишни тақиқлаш;
          юқумли ва паразитар касалликлар манбаи бўлган, шунингдек тиббий кўриклардан ўз вақтида ўтмаган шахсларни вақтинча ишдан четлаштириш тўғрисида иш берувчиларга таклифлар киритиш;
          фавқулодда вазиятларнинг, эпидемияларнинг ҳамда аҳоли ҳаётига ва соғлиғига бошқа ҳақиқий хавфнинг олдини олиш мақсадида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш.
          Давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

13-модда. Давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг мажбуриятлари 

          Давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар:
          давлат органлари ва бошқа органлар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги таъминланиши устидан белгиланган тартибда назорат олиб бориши;
          аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олиши, уларни аниқлаши ва бартараф этиши;
          аниқланган хавфлар тўғрисида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиши;
          юқумли касалликларнинг ва юқумли бўлмаган оммавий касалликларнинг пайдо бўлиши, тарқалиши сабаблари ҳамда шарт-шароитларини аниқлаши;
          жисмоний ва юридик шахсларнинг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиши ҳамда тегишли чора-тадбирлар кўриши;
          санитария-эпидемиологик вазият ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида юридик ва жисмоний шахсларни хабардор қилиши шарт.
          Давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

14-модда. Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштирок этиши 

          Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:
          аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади;
          санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширишда кўмаклашади;
          тегишли ҳудудда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги тадбирларнинг амалга оширилиши, ҳовли ва уй атрофи ҳудудларидаги қурилишлар ҳамда ҳовли ва уй атрофи ҳудудларини сақлаш қоидаларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;
          ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида тегишли ҳудудда яшовчиларнинг ихтиёрий асосда иштирок этишини ташкил этади.
         Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.
         Нодавлат нотижорат ташкилотлари аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа органларга кўмаклашиши ҳамда зарур ёрдам кўрсатиши мумкин.

3-боб. Юридик ва жисмоний шахсларнинг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари 

15-модда. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги ҳуқуқлари 

          Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар:
          давлат бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, шунингдек давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлардан санитария-эпидемиологик вазият ҳамда инсоннинг яшаш муҳити ҳолати тўғрисида ахборот олиш;
          давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
          аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш;
          фуқаролар, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши оқибатида, шунингдек санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш пайтида ўзларининг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда қопланиши;
          давлат санитария назоратини амалга оширувчи органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органларга ёки мансабдор шахсларга ёхуд судга белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
          Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

16-модда. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги мажбуриятлари 

          Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар:
          аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг қарорлари ва кўрсатмалари талабларини бажариши;
          юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлган тақдирда уларни бартараф этиш мақсадида санитария-гигиена тадбирларини ва эпидемияга қарши тадбирларни ишлаб чиқиши ҳамда амалга ошириши;
          ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ҳамда аҳолига реализация қилиш пайтида маҳсулотнинг, шунингдек бажарилаётган ишлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг хавфсизлигини таъминлаши;
          маҳсулотни ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва аҳолига реализация қилиш, ишларни бажариш ҳамда хизматларни кўрсатиш пайтида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этиши;
          аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига таҳдид солувчи авария вазиятлари, технологик жараёнларнинг бузилишлари тўғрисида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат санитария назоратини амалга оширувчи органларга ишончли ахборот тақдим этиши шарт.
          Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

17-модда. Фуқароларнинг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари 

          Фуқаролар:
          қулай яшаш муҳити;
          давлат бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, шунингдек давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлардан санитария-эпидемиологик вазият ва инсоннинг яшаш муҳити ҳолати тўғрисида ахборот олиш;
          юридик шахслардан ва якка тартибдаги тадбиркорлардан маҳсулотнинг, шунингдек бажарилаётган ишлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг хавфсизлиги ҳамда сифати тўғрисида ахборот олиш;
          аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш;
          аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари оқибатида ўз соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга.
          Фуқаролар аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши ҳамда бошқа фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ва қулай яшаш муҳитига бўлган ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлувчи ҳаракатларга йўл қўймаслиги шарт.
          Фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

4-боб. Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга доир талаблар 

18-модда. Норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқишга доир талаблар

          Норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқаётган юридик ва жисмоний шахслар аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этиши шарт.
          Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар янги кимёвий моддалар ва биологик воситаларни, ионлаштирувчи нурланиш манбаларини ҳамда таркибида шу манбалар мавжуд бўлган приборларни, материалларни, технологик жараёнларни, ускуналарни, атир-упа ва пардоз маҳсулотларини ҳамда бошқа халқ истеъмоли товарларини жорий этишдан олдин аҳолининг санитария-эпидемик хавфсизлигини таъминлашга доир нормативлар бўйича асослантирилган таклифларни, ушбу нормативларга риоя этилиши устидан назорат қилиш услубларини, зарарли маҳсулот ва чиқиндиларни зарарсизлантириш, утилизация қилиш усулларини ишлаб чиқиб, уларни келишиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачига тақдим этиши шарт.

19-модда. Объектларни режалаштириш, лойиҳалаштириш ва қуришга, корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга ҳамда ишга туширишга доир талаблар 

          Юридик ва жисмоний шахслар объектларни режалаштириш, лойиҳалаштириш ва қуриш, корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда ишга тушириш пайтида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этиши шарт.

20-модда. Ҳудудларни, иншоотларни, биноларни сақлашга, ускуналар ва транспорт воситаларидан фойдаланишга доир талаблар 

         Юридик ва жисмоний шахслар ҳудудларнинг, иншоотларнинг, даволаш-профилактика, таълим, маданият, спорт муассасалари ҳамда бошқа муассасалар биноларининг сақланишини, шунингдек ускуналардан, транспорт воситаларидан фойдаланилишини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ таъминлаши шарт.

21-модда. Кимёвий моддаларни, биологик воситаларни ва материалларни ташиш, сақлаш, қўллаш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш ҳамда кўмиб ташлаш пайтидаги талаблар

          Юридик ва жисмоний шахслар кимёвий моддаларни, биологик воситаларни ва материалларни ташиш, сақлаш, қўллаш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш ҳамда кўмиб ташлаш пайтида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этиши шарт.
          Янги кимёвий моддаларни, биологик воситалар ва материалларни, полимер ва пластик массаларни, атир-упа ҳамда пардоз маҳсулотларини Ўзбекистон Республикасига олиб киришга ва ишлаб чиқаришга фақат токсикология-гигиена жиҳатидан баҳолангандан кейингина Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг рухсатномаси билан йўл қўйилади.

22-модда. Радиоактив моддалар ва бошқа ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан ишлаш пайтидаги талаблар

          Юридик ва жисмоний шахслар радиоактив моддаларни ҳамда бошқа ионлаштирувчи нурланиш манбаларини қазиб олиш, ишлаб чиқариш, ҳосил қилиш, қайта ишлаш, улардан фойдаланиш, уларни сақлаш, уларга хизмат кўрсатиш, уларни ташиш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш ва кўмиб ташлаш пайтида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этиши шарт.

23-модда. Турар жойларга кўчиб киришга ва улардан фойдаланишга доир талаблар 

          Давлат ташкилотлари ва бошқа мулкдорлар томонидан берилаётган турар жойлар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ бўлиши керак.
          Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига жавоб бермайдиган турар жойларда фуқароларнинг яшашига йўл қўйилмайди.
          Яшовчилар ҳовли, уй атрофи ҳудудларини сақлаш ва турар жойлардан фойдаланишнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланган қоидаларини бажариши шарт.

24-модда. Озиқ-овқат хом ашёсига, озиқ-овқат маҳсулотларига, уларни ишлаб чиқаришга, ташишга, сақлашга ва реализация қилишга доир талаблар 

          Озиқ-овқат хом ашёсини, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этиши шарт.
          Янги озиқ-овқат қўшимчаларини, махсус қўшиладиган биологик фаол моддаларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришга ва ишлаб чиқаришга фақат токсикология-гигиена жиҳатидан баҳолангандан кейингина Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг рухсатномаси билан йўл қўйилади.

25-модда. Хориждан олиб кириладиган маҳсулотни етказиб бериш ва реализация қилиш пайтидаги талаблар 

          Юридик ва жисмоний шахслар хориждан олиб кирилаётган технологияларни, материалларни, хом ашёни ва маҳсулотни етказиб бериш, реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш пайтида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этиши шарт.

26-модда. Хўжалик ва ичимлик суви билан таъминлашга доир талаблар

          Хўжалик ва ичимлик суви билан таъминлаш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар етказиб берилаётган сувнинг сифати санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига, шунингдек давлат стандартларига мувофиқлигини таъминлаши шарт.
          Марказлаштирилган тартибда хўжалик ва ичимлик суви етказиб бериладиган сув қувурлари ҳамда уларнинг манбалари учун махсус тартибли санитария муҳофазаси зоналари белгиланиб, улар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади.
          Юридик ва жисмоний шахслар хўжалик ва маиший мақсадлар ҳамда марказлаштирилмаган тартибда сув билан таъминлаш учун фойдаланиладиган сув ҳавзаларидаги сувнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ бўлишини таъминлаши шарт.

27-модда. Таълим шарт-шароитларини тартибга солувчи санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилишига доир талаблар 

          Таълим муассасаларида тегишли санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши керак.

28-модда. Меҳнат шароитларига доир талаблар

          Иш берувчилар ишлаб чиқариш биноларига ва санитария-маиший биноларга, ишлаб чиқариш жараёнларига, технологик ускуналарга, иш жойларининг ташкил этилишига, ходимларнинг меҳнат қилиш, дам олиш тартибига ҳамда ходимларга маиший хизмат кўрсатилишига доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этиши шарт.

29-модда. Махсус экспертизалар ўтказиш

          Аҳолининг ва алоҳида шахсларнинг соғлиғи ҳамда касалланиш ҳолатини махсус экспертиза қилишнинг санитария-гигиеник турлари ва бошқа турлари, шунингдек лойиҳа ҳужжатларининг, техник ҳужжатларнинг ҳамда бошқа ҳужжатларнинг, ускуналарнинг, асбоблар ҳамда аппаратларнинг, кимёвий моддаларнинг, турли бирикмаларнинг, материаллар ва муҳитларнинг, озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларининг, саноат буюмларининг, радиоактив материалларнинг, радиациявий техниканинг экспертизалари давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлар, санитария-эпидемиология хизмати муассасалари, илмий-тадқиқот, олий таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан буюртмачининг маблағлари ҳисобидан ўтказилади.
          Махсус экспертизаларни ўтказиш тартиби, буюртмачиларнинг, эксперт муассасаларининг ҳамда экспертларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

5-боб. Санитария-гигиена тадбирларини ва эпидемияга қарши тадбирларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш 

30-модда. Санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар 

          Санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
          Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси;
          юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида ўтказиладиган чора-тадбирлар;
          профилактик эмлашлар ўтказиш;
          дезинфекция тадбирлари;
          мажбурий тиббий кўриклар;
          фуқароларни гигиеник ўқитиш ва тарбиялаш.
          Санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тадбирларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

31-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси 

          Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси – бу аҳоли учун хавф туғдирувчи юқумли ва паразитар касалликларнинг кириб келиши ҳамда тарқалишининг олдини олишга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудига инсон учун хавф туғдирувчи товарлар, кимёвий, биологик ва радиоактив моддалар ҳамда юклар олиб кирилишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар мажмуидир.
          Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси санитария-карантин назоратини амалга ошириш ва чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиш йўли билан таъминланади.
          Санитария-карантин назорати давлат санитария назоратини амалга оширувчи тегишли органлар томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтиш пунктларида амалга оширилади.
          Юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар бош давлат санитария врачларининг, улар ўринбосарларининг тақдимномасига кўра тегишли ҳудудларда ёки объектларда белгиланган тартибда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиши мумкин.
          Чекловчи тадбирлар (карантин) ўтказиш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади.
          Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирлар билан ҳам таъминланиши мумкин.

32-модда. Юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида ўтказиладиган чора-тадбирлар

          Юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида даволаш-профилактика ҳамда санитария-эпидемиология хизмати муассасалари томонидан қуйидагиларга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган тартибда ўтказилади:
          юқумли ва паразитар касал деб гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш, ажратиб қўйиш ва касалхонага ётқизишга, шунингдек улар билан мулоқотда бўлган шахсларни лаборатория текширувидан ўтказишга ва уларнинг тиббий кузатувини олиб боришга;
          юқумли ва паразитар касалликларнинг юқиш йўллари ва омилларини аниқлаш ҳамда уларнинг инсонга таъсир кўрсатишининг олдини олишга.

33-модда. Профилактик эмлашлар ўтказиш

          Профилактик эмлашлар юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида ўтказилади.
          Профилактик эмлашлар Профилактик эмлашларнинг миллий тақвимига мувофиқ, шунингдек эпидемик кўрсаткичлар бўйича ўтказилади.
          Профилактик эмлашларнинг миллий тақвими профилактик эмлашлардан ўтказилиши лозим бўлган шахслар гуруҳини, бундай эмлашларни ўтказиш тартиби ва муддатларини белгилайди.
          Профилактик эмлашларнинг миллий тақвими ва эпидемик кўрсаткичлар бўйича профилактик эмлашлар ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланади.

34-модда. Дезинфекция тадбирлари

          Юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш, уларнинг доирасини камайтириш ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида:
          эпидемик кўрсаткичлар бўйича дезинфекция тадбирлари – давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлар томонидан;
          профилактик дезинфекция тадбирлари – юридик ва жисмоний шахслар билан тузилган шартномалар асосида дезинфекция станциялари томонидан ўтказилади.

35-модда. Мажбурий тиббий кўриклар

          Юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлишининг ҳамда тарқалишининг олдини олиш, шунингдек касб фаолиятига оид касалликларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор касб ва ишлаб чиқариш тармоқларининг ходимлари ишга кириш пайтида дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ҳамда кейинчалик вақти-вақти билан тиббий кўриклардан ўтиб боради.
          Ходимлари мажбурий тиббий кўриклардан ўтказилиши лозим бўлган касбларнинг ва ишлаб чиқаришларнинг рўйхати, бундай кўрикларни ўтказиш тартиби ва муддатлари олдиндан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси хабардор қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

36-модда. Фуқароларни гигиеник ўқитиш ва тарбиялаш

          Фуқароларни гигиеник ўқитиш ва тарбиялаш уларнинг гигиенага, соғлом турмуш тарзига, соғлиқни сақлашга доир билимлар, кўникмалар ҳамда малакаларни эгаллашига қаратилади ва касалликларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилади.
          Фуқароларни гигиеник ўқитиш ва тарбиялаш белгиланган тартибда:
          таълим муассасаларида;
          фаолияти озиқ-овқат хом ашёсини, озиқ-овқат маҳсулотларини ва ичимлик сувини ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш, болаларни ўқитиш ҳамда тарбиялаш, аҳолига коммунал ва маиший хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган кадрларга ишлашга ижозат бериш олдидан, ушбу кадрларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш пайтида ўтказилади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

37-модда. Давлат санитария назоратини амалга ошириш бўйича фаолиятга аралашишга йўл қўйилмаслиги

          Давлат санитария назоратини амалга оширувчи органларнинг фаолиятига аралашиш, давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларга уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида қандай шаклда бўлмасин таъсир кўрсатиш тақиқланади.

38-модда. Низоларни ҳал этиш

          Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

39-модда. Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик 

          Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

40-модда. Айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

          Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
          1) Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 3 июлда қабул қилинган «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги 657–XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, № 9, 355-модда);
          2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 3 июлда қабул қилинган «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида»ги 658–XII-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, № 9, 356-модда);
          3) Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 6 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 70–I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 6, 118-модда) X бўлими;
          4) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 772–I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 5, 124-модда) V бўлими;
          5) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 31 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 125–II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, № 7–8, 217-модда) I бўлими;
          6) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–59-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 10, 536-модда) 2-моддаси;
          7) Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 3 сентябрда қабул қилинган «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига ва «Давлат статистикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ–253-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, № 9, 333-модда) 1-моддаси;
          8) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–352-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, № 4, 98-модда) 2-моддаси;
          9) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–373-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, № 9, 244-модда) 1-моддаси;
          10) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 11 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–381-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, № 12, 343-модда) 2-моддаси.

41-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

          Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
          ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
          давлат бошқаруви органларининг ушбу Қонунга зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

42-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

          Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


Ўзбекистон Республикасининг
Президенти                                                                     И.Каримов

Тошкент шаҳри,
2015 йил 26 август
№ ЎРҚ-393