ЎзА Ўзбек

01.09.2016 11:04 Чоп этиш версияси

Жорий йилда Навоий вилоятида 16 умумтаълим мактаби таъмирланди

Навоий вилояти Кармана туманидаги 8-умумтаълим мактаби ўқувчилари янги ўқув йилини янги бинода бошлайди.

Таълим масканининг очилиш маросимида Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароит яратилаётгани таъкидланди.

– Мактабимизнинг янги биноси 420 ўринга мўлжалланган, – дейди мактаб директори А.Қаршиев. – Шу пайтгача фойдаланишда бўлган бинолар тўлиқ таъмирланиши натижасида 540 ўринга мослаштирилди. Қарийб 1 миллиард 440 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган янги бино замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан мактабимиз қошида замонавий спорт залининг бунёд этилгани ўқувчиларимизнинг ҳар томонлама баркамол улғайишида муҳим омил бўлмоқда.

Жорий йилда Навоий вилоятида инвестиция дастури асосида 16 умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, айни мақсадлар учун 14 миллиард 709 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Бу энг улуғ, энг азиз айём арафасида келажагимиз эгалари учун муносиб байрам туҳфаси бўлди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
5 713