Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.01.2018 14:00 Чоп этиш версияси

"Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртида ўқимоқчиман"

Навоий шаҳрида “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида ўтказилган “Армия ва ёшлар” фестивалида иштирок этган Навоий давлат кончилик институти қошидаги 2-академик лицей ўқувчиси Равшан Жумақуловнинг мақсади шундай.

Навоий вилояти ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Навоий шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмлар хизматчилари, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти мактаблари тингловчилари, талаба ва ўқувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Фестиваль ёшлар ўртасида югуриш ҳамда “Ватанпарвар” ташкилоти спорт-транспорт воситаларининг Ёшлар спорт мажмуаси ва Торобий кўчаси бўйлаб марафони билан бошланди.

Ёшлар спорт мажмуаси стадионида ҳарбийлар ва ички ишлар органлари махсус бўлинмалари хизматчилари иштирокида сафда юриш ҳамда турли кўргазмали чиқишлар, тактик машғулотлар намойиш этилди.

– Бундай юқори руҳда ўтказилган ҳарбий-ватанпарварлик тадбирида иштирок этиб, катта таассурот олдим, – дейди Р.Жумақулов. – Ўзбекистонимизнинг ҳарбий қудрати, ихчам ва эпчил армияси ҳақидаги тасаввурим кенгайди. Замонавий ҳарбий техникалар, жанговар қурол ва аслаҳаларни ўз кўзим билан кўрдим, қўлим билан ушладим. Мен ҳам келажакда акам каби ҳарбий соҳада хизмат қилиб, учувчи бўлмоқчиман. Армиямиз қудратини янада юксалтириш, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилиш менинг қатъий мақсадимдир.

Фестиваль пойтахтдан келган ва вилоят санъаткорлари иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.

Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
2 098