Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2018 20:41 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик фан арбоби: Истеъдодли ёшларимиз қобилиятини рўёбга чиқаришга йўл бермаётган таълим тизимидан қониқмайман

Ўзбекистонлик фан арбоби: Истеъдодли ёшларимиз қобилиятини рўёбга чиқаришга йўл бермаётган таълим тизимидан қониқмайман

Менинг фикрим

Мамлакатимизда инновацион иқтисодиётни шакллантиришнинг энг асосий муаммоси – кадрлар тайёрлаш, уларнинг билими, малакаси, таълим сифати. Назаримда, Ўзбекистонда таълим сифати бугунги кун талабларига, миллий иқтисодиёт эҳтиёжларига, энг ачинарлиси, ёшларимизнинг салоҳият даражасига тамоман мос келмайди.

Мен истеъдодли ёшларимизда мавжуд салоҳиятни, юксак қобилиятни рўёбга чиқаришга йўл бермаётган, унга тўсқинлик қилаётган таълим тизимидан қониқмайман. Ахир биз, педагоглар, профессор-ўқитувчилар – ёш авлодни билимли, ўқимишли, маданиятли қилиб тарбиялашга бевосита мутасадди шахслар, агар жоиз бўлса, таълимнинг шундай аянчли аҳволга тушиб қолишига муайян даражада айбдор бўлганлар, жамиятда пайдо бўлган имкониятлардан ўринли фойдаланиб, мамлакатда, ўз юртимизда таълим сифатини тубдан оширишнинг асосий ташаббускорлари бўлишимиз керак эмасми?

Таълим сифатини тубдан яхшилашнинг якка-ю ягона йўли – таълим тизимини коррупциянинг ҳар қадай кўринишларидан ва иллатларидан холос этиш. Бунинг учун таълимга бевосита дахлдор бўлган барча томонлар биргаликда ҳаракат қилмоғи, таълим жараёнида кечаётган мураккаб жараёнларнинг пассив кузатувчиларидан, билим сифатини оширишнинг фаол курашчиларига айланмоғи лозим.

Билимга дахлдор томонлар кимлар? Бунга қуйидаги тўрт тоифадаги гуруҳларни киритиш мумкин:

- таълим тизимини тартибга солиш ва бошқаришда иштирок этувчи давлат қонунчилик, ижро ва назорат органлари;

- таълим хизматлари истеъмолчилари, яъни талаба-ўқувчилар;

- таълим хизматлари кўрсатувчилар, яъни профессор-ўқитувчилар;

- ота-оналар.

Таълим сифатини тубдан ошириш муаммосини муваффақиятли ечиш учун улар ўзаро ҳамкорликда ва ҳар бири алоҳида мустақил бўғин сифатида ишлаб чиқаришни билимли мутахассис билан таъминлашга ҳаракат қилмоғи лозим. Ҳозир, назаримда, уларнинг ҳар бири алоҳида ва ҳаммаси биргаликда таълим сифатига тескари йўналишларда ҳаракат қилмоқда. Фикримнинг исботи сифатида айрим далилларни келтирмоқчиман.

Кириш имтиҳонларини МХХ эмас, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги назорат қилиши керак

Биринчи томон – таълимни идора қилувчи давлат тузилмалари. Кириш тест имтиҳонлари миллий хавфсизлик хизмати вакилларининг бевосита иштирокида ва қаттиқ назорати остида ўтказилади. Шунга қарамасдан олий ўқув юртига фақат билими бор ёшларни саралаб олиш муаммоси ҳал бўлмаяпти.

Кўп йиллик тажриба шундан далолат берадики, шундай нуфузли ташкилотнинг тест синовларига жалб этилиши олий ўқув юртларига энг қобилиятли, билимдон ёшларни саралаб олиш муаммоларини узил-кесил ҳал этиб бера олмаяпти. Бу ҳолатнинг асосий сабаби шундаки, ушбу ташкилот таълим сифати кўрсаткичлари бўйича давлат олдида ҳеч қандай ҳисобот бермайди, унинг асосий жавобгарлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида. Модомики, таълим сифатининг жавобгарлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги зиммасида экан, демак талабаликка саралаб олиш жараёнини ўзи қатъий назорат остига олиши зарур.

Иккинчи томон – ўқувчи-талабалар. Билим олиш, ҳозирги замон фанидаги мураккаб мазмунни ўзлаштириш – инсон фаолиятининг барча турлари ўртасида энг оғири ва чинакамига машаққатлиси, десак хато бўлмайди. Ёшлар, айниқса болалар, зерикарли, катта меҳнат талаб қиладиган фанни ўрганишдан кўра ўйин, томоша, спорт, бадиий китоб ўқиш, телевизор кўриш, интернетга уланишни хуш кўради. Бу табиий ҳол. Дарслик қанчалик қизиқарли тилда ёзилган бўлмасин, ўқитувчи дарсни қанча қизиқарли ўтишга ҳаракат қилмасин, барибир, у фанлигича қолаверади ва ҳеч қачон ёш бола футбол ўйнашга нисбатан бошини қотириб тенглама ечишни афзал кўрмайди. Юқори синфларда, таълимнинг кейинги босқичларида ўрганилиши лозим бўлган мураккаб фанлар тўғрисида гапириб ўтирмасак ҳам бўлади. Демак, ёшларни ўзлари учун қизиқарли бўлган машғулотларнинг бир қисмидан воз кечиб, жамият учун муҳим бўлган билимларни ўзлаштиришга вақт ажратишга мажбур қиладиган, уни рағбатлантирадиган, чинакамига қизиқтирадиган восита керак. Бу ҳам бўлса, унинг билимига қўйиладиган баҳо. Амалдаги билимни баҳолаш тизимидаги нуқсонлар оқибатида ёшларимиз пухта билим эгаллаш имкониятидан маҳрум бўлмоқда.

Учинчи томон – ёшларимизга билим бераётган педагоглар, профессор-ўқитувчилар. Давлат, жамият улардан билимдон ва юқори малакали кадрлар тайёрлаб беришни талаб қилади. Лекин амалда бу талабни ижро этишнинг самарали механизмлари яратилмаган. Мактабда яхши ўқиб, бакалавриатура, магистратура, докторантурани ўташ, не-не машаққатлар билан илмий ишини ёқлаб, охир-оқибатда олаётган иш ҳақи рўзғор тебратишга етмаётган профессор-ўқитувчининг талаба-ўқувчилар билимини объектив баҳолаши қийин кечмоқда. Бу ерда гап фақат моддий рағбатда эмас. Одатда, олимлар, ўқитувчилар, ўз табиатига кўра сабр-қаноатли бўлишади. Лекин жамият уларнинг меҳнатини, билимини қадрламаганлигидан изтироб чекади, ўзларини камситилгандай ҳис қиладилар. Ваҳоланки, инсон капитали қадрланадиган мамлакатларда профессор-ўқитувчилар иш ҳақи даражаси бўйича энг юқори ўринлардан бирида турадилар.

Бизнинг юртимизда эса ҳозирги кунда профессор-ўқитувчилар ўз даромадларини оширишлари учун иккита йўл мавжуд. Биринчиси – асосий ишига қўшимча равишда тадбиркорлик билан шуғулланиш, иккинчиси эса ғайриқонуний йўллар билан иш ҳақининг етишмай турган қисмини тўлдириш. Ҳар иккала йўлдан қай бирини танлаш ҳар кимнинг виждонига боғлиқ.

Талаба-ўқувчиларнинг билимини баҳолашда профессор-ўқитувчиларнинг жавобгарлиги ҳамда сифатли билим беришини рағбатлантиришнинг самарали механизмлари яратилмаган ва бу уларга йўқ билимга ҳам ижобий баҳо қўйиш имконини беради. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, нафақат иккинчи, балки биринчи йўл ҳам таълим сифатига жуда катта салбий таъсир кўрсатади. Чунки устоз ўзининг асосий иши билан шуғулланиш, эрта-ю кеч ўз устида ишлаш, малакасини ошириш ўрнига иккинчи даражали ишлар билан банд бўлади.

Тўртинчи томон – ота-оналар. Ота-оналарнинг таълим сифатига таъсири иккиёқлама кучга эга.

Биринчидан, ота-она фарзандини болалигидан яхши ўқишга, билимли бўлишга даъват қилади, ибратли насиҳатлар беради, шароит яратади, талаб қилади. Улар мамлакатда сифатли билимни шакллантиришнинг асосий курашчилари сифатида ҳаракат қилади. Ота-оналарнинг бу хулқ-атвори билим сифатига ижобий таъсир кўрсатади. Иккинчи томондан, айнан ота-оналар юртимизда таълим сифатининг пасайиб кетишига асосий сабабчи бўладилар. Чунки ота-она ўз фарзандига нисбатан яхшиликни раво кўришда соғлом ақл чегарасидан ҳам нарига ўтиб кетмоқда, яъни боласида билим ва қобилият етмай қолганда ўзларининг барча имкониятларини (амал, таниш-билиш, ошна-оғайни, пул ва ҳоказо) ишга солмоқда. Ота-оналарнинг бу хатти-ҳаракати кўп томонлама салбий оқибатларни келтириб чиқаради.

Ваҳоланки, ўқишга иштиёқи бўлмаган фарзандни амаллаб ўқитиб, 4-5 йил умрини исроф қилиб, келажакда унинг бебурд “мутахассис” бўлишига сабабчи бўлгандан кўра, табиат инъом этган қобилиятига мувофиқ бирон бошқа йўлга бошлаш катта ижобий самара бериши мумкин. Масалан, шу фарзанддан зўр тадбиркор, ноёб бир ҳунар соҳиби, қўли гул уста чиқиши мумкин. Фарзандига яхшилик қилиш мақсадида қилинган ҳаракат пировард натижада жамиятга ҳам, ота-онага ҳам, уларнинг ўша жондан азиз фарзандларига ҳам каттадан-катта зарарлар келтиради.

Мамлакатимиздаги таълим сифатининг бугунги ҳолатида юқоридаги тўрттала томон ҳам айбдор.

“Амаллаб” олий ўқув юртига кирган ва “амаллаб” уни битирган мутахассислар мамлакатни олдинга эмас, орқага тортади

Президентимиз 2017 йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида ўзимиздаги муаммоларни фақат ўзимиз ҳал қилишимиз, ўзимиз ҳаракат қилмасак, уларни биз учун бошқалар ҳал қилиб бермаслигини алоҳида таъкидлади. Ҳаммамиз биргаликда таълим соҳасининг коррупция иллатидан холи бўлишига ҳаракат қилишимиз, уни мамлакатда рақобатбардош инновацион иқтисодиётни шакллантиришнинг бош омилига айлантирмоғимиз шарт, деб ўйлайман.

Ўзбекистон ўз тараққиётида кўп муҳим соҳаларда орқада қолаётганлигига, халқимизнинг норозилигига сабаб бўлаётган, реал ҳаётда таълим соҳаси эришиши мумкин бўлган барча натижаларнинг самарасини йўққа чиқараётган нарса – бу ўқувчи-талабалар билимини баҳолашда объективлик мезонларининг бузилаётганлигидир. Чунки айнан ана шу нуқтада кўп томонларнинг манфаатлари кесишади. Охир-оқибатда шахсий манфаатлар устунлик қилади ва давлат стандартлари мезонлари четга сурилиб, ўқувчи-талабанинг ҳали шаклланмаган, мавжуд бўлмаган билимига ижобий баҳо қўйиб юборилади. Масъулиятни ҳис қилмайдиган одамлар учун оддийгина туюлган ана шу нообъектив баҳо қўйилгани билимсиз кадр тайёрладик, дегани. Бундан ёшлар, халқ, давлат ва жамият жуда катта зарар кўради.

Таълим сифатига, таълим бераётган олимлар, педагог-ўқитувчилар шаънига иснод келтираётган, халқимизнинг туб манфаатларига тамоман зид бўлган бу иллатлар жуда тез фурсатда, кечиктирилмасдан узил-кесил ҳал этилиши керак. 

Ҳозирги кунда халқимизнинг туб манфаатларини ҳимоя қилишнинг, мамлакатда барча соҳаларда тўпланиб қолган ва ҳақли равишда ўзининг ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишнинг, юртни ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг равон йўлига олиб чиқиш бўйича баракали меҳнатларнинг амалий якунигача давом эттиришнинг бош нуқтаси – бу таълим сифати. Мамлакатда таълим сифати тубдан яхшиланмас экан, мамлакат миллий иқтисодиёти мавқеини мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги барча режалар, мақсад ва вазифалар қоғозда қолиб кетаверади. 

Фақат истеъдодли, иқтидорли, билимга чанқоқ, келажакда олий маълумотли мутахассис ёки олим бўлганидан кейин жамиятга, халқимизга таълим жараёнида олган чуқур ва пухта билимлари билан наф келтира оладиган ёшлар касбий таълим эгаллаши керак. Саводи йўқ, билимсиз, “амаллаб” олий ўқув юртига кирган ва “амаллаб” уни битирган мутахассислар мамлакатни олдинга эмас, орқага тортади.

Таълим тизимида, айниқса, касбий таълимда, шундай бир олижаноб, барчага ибратли бўлиши мумкин муҳит туғдиришимиз керакки, тақдир тақозоси билан ота ёки она, шунчаки таниш-билишлар нари турсин, ҳаттоки ўзининг фарзандидан имтиҳон олишига тўғри келса, ҳеч қандай иккиланмасдан унинг билимини адолатли, холисона баҳоласин.

Аъло баҳоларни нотўғри, нообъектив қўйган мактаб ўқитувчилари ўз қилмишлари учун жавоб беришлари керак

Мамлакатимизда таълим сифатини тубдан яхшилиш, унда мавжуд айрим иллатларни таг-томири билан қўпориб ташлаш, Ўзбекистонда шакллантирилган таълим тизимини, унда таҳсил олган ва ўқишни битирган ёшларимизни бутун дунёга кўз-кўзлаб, ибрат оладиган даражага кўтариш учун барча имкониятларимиз мавжуд деб ўйлайман.

Аввало, ёшларимизда билимга, ўқимишли, маърифатли бўлишга иштиёқ кучли. 

Иккинчидан, ёшларга таълим бераётган педагог, профессор-ўқитувчиларимиз саводли, билимдон, рақобатбардош мутахассис тайёрлаш, билим сифатини тубдан яхшилаш юкини ўз зиммаларига олишга қодир. 

Ривожланган мамлакатларда олий ўқув юртига қабул қилинадиганлар мамлакат жами аҳолисининг бир фоизини ташкил қилади. Бизда эса 0,2 фоиз атрофида. Шунинг учун олий ўқув юртларига қабул сонини кескин кўпайтириш ва мавжуд фарқни камайтириб бориш лозим. Биринчи курсга кириш тартибини тубдан ўзгартириш, уни замон талабларига мослаштириш керак. Институтнинг биринчи курси ёшларимиз учун синов даври вазифасини бажариши керак. Мактабда фақат аъло баҳолар билан ўқиган ёшларни тест синовлари орқали эмас, балки ректорат томонидан ташкил қилинадиган нуфузли кенгашнинг суҳбати билан қабул қилиш мумкин.

Ўз имкониятини суиистеъмол қилган ва ўз ўқувчисига аъло баҳоларни нотўғри, нообъектив қўйган мактаб ўқитувчилари ўз қилмишлари учун жавоб беришлари, агар қўпол хатолари борлиги исботланса, жавобгарликка тортилишлари керак. Ўз билимини оқлаган ўқувчилар биринчи курсда давлат гранти асосида, кейинги курсларда аъло баҳоларда ўқишини давом эттира олган тақдирдагина, давлат гранти билан тақдирланишини назарда тутиш мумкин. Шу тадбирнинг ўзи мактабларда ҳам, олий ўқув юртларида ҳам ёшларнинг аъло ўқишга қизиқишини, масъулиятини сезиларли даражада оширади. Биринчи курснинг ўзидаёқ ўқишга ҳаваси бор, лекин қобилияти етарли бўлмаган тасодифий талабаларни институтдан четлаштириш, иккинчи курсга фақат олий маълумот олишга лаёқатли ёшларни саралаб олиш имкони яратилади.

Ҳозирги кунда битирувчиларни якуний давлат аттестациясидан (ЯДА) ўтказиш амалиёти ҳам яхши самара бермаяпти. Бу босқичда кўпинча “шунча йил ўқиди, энди диплом бермасак, бўлмас” қабилидаги ўринсиз мулоҳазалар устунлик қилади. Бу ерда муросасозликдан кўра малакаси паст талабани тайёрлаган, унга керакли билимларни бера олмаган ва давлат аттестациясигача “етаклаб” келган мутасадди шахсларнинг жавобгарлиги масаласини, талабанинг шундай аҳволга тушганлигининг чуқур сабабларини ўрганиш муаммоларини кун тартибига қўйиш катта самара беради. 

Кўпинча олий ўқув юртига талабалар қабулини ташкилот ва корхоналарнинг талабидан келиб чиққан ҳолда белгилаш масаласи қўйилади. Қуруқ расмиятчиликдан бошқа натижа бермаётган бу самарасиз амалиётдан тамомила воз кечиш ва бозор иқтисодиёти шароитида институтга қабул миқдорини бозор механизмлари орқали тартибга солиш масалаларини жиддий ўйлаб кўриш зарур. Айниқса, ўз маблағи ҳисобидан ўқийман деган ёшларнинг йўлида ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги, диплом олишнинг асосий шарти ЯДА синовларидан муваффақиятли ўтиш бўлмоғи лозим.

Билим сифати яхши бўлган ҳар бир олий маълумотли мутахассис – жамиятимизнинг бойлиги.

Қанча ёшларимиз хорижда меҳнат қилаяпти. Агар уларда диплом, энг муҳими, шу дипломга мос кучли билим бўлса, яхши ижобий самараларга эришиш мумкин бўлар эди. Улар хорижда мутахассис сифатида ишлаб, ўзларига ҳам, жамиятимизга ҳам катта наф келтириши муқаррар.

Таълим тизимида мавжуд негатив ҳолатларнинг таъмагирлик ва порахўрлик иллатларини бартараф этишда таълим муассасаси раҳбарларининг роли беқиёс. Жамоа одатда раҳбарга тақлид қилади, унга мос иш тутади, талабларини бажариб, буйруқ ва кўрсатмасига итоат қилади. Раҳбар талабчан, ўз хатти-ҳаракатларида шаффоф бўлган таълим муассасаларида жамоа аъзолари ҳам унга муносиб иш тутишга, ножўя ишлардан ўзларини тийишга интилади. Шу сабабли таълим муассасаларига раҳбарларни танлашда уларнинг ана шу хислатларига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида, шунингдек, уни амалда муваффақиятли ижро этишнинг муҳим шарти сифатида мамлакатимизда таълим сифатини тубдан яхшилашнинг ҳар томонлама пухта ўйланган яхлит тизими ишлаб чиқилиши ва амалиётга жорий этилиши лозим.

Мурод МУХАММЕДОВ,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори,
иқтисод фанлари доктори.

ЎзА
41 298