ЎзА Ўзбек

14.08.2014 16:19:16 Чоп этиш версияси

Ўз юртингда ишлаш гашти

Бухоро муҳандислик-технология институтининг янги беш қаватли ўқув-лаборатория биноси қурилиши жадал давом этмоқда. Бино қурувчиларига мазкур олий таълим муассасасининг “Бунёдкор” ёшлар меҳнат ҳаракати аъзолари яқиндан ёрдам бераётир.

– Бу ерда самарали меҳнат қилишимиз учун барча зарур шароит яратилган, – дейди талаба Абдурауф Отамуродов. – Меҳнатимизга яраша ҳақ олаяпмиз, янги дўстлар орттираяпмиз. Бир сўз билан айтганда, таътил ҳар томонлама фойдали ва мазмунли ўтмоқда.

Институтнинг эллик нафардан иборат яна бир “Бунёдкор” гуруҳи Бухоро шаҳрида барпо этилаётган “Камолот уйи” қурилишида иштирок этаётир.

Ёшларнинг бўш вақтини фойдали меҳнат билан банд этиш мақсадида ташкил этилган бундай гуруҳларга нафақат олий ўқув юртлари талабалари, балки вақтинча ишсиз ёшлар ҳам ихтиёрий равишда жалб этилган. Улар жойларда олиб борилаётган бунёдкорлик, ободончилик ишларида, намунавий уй-жойлар қурилишида қатнашмоқда.

– Малакали қурувчисан, хорижда катта миқдорда пул топишинг мумкин, дея мени йўлдан уришга уринганлар ҳам бўлди, – дейди қоровулбозорлик Акмал Аҳроров. – Мен кўнмадим. Қаранг, туманимизда шундай катта қурилишлар бўлмоқда. Бунга шу ернинг забардаст йигитлари ҳисса қўшмаса, фаоллик кўрсатмаса бўладими? Энг асосийси, ўз юртингда эмин-эркин меҳнат қилиб, бошингни баланд кўтариб, фаровон яшашга нима етсин.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Бухоро вилояти кенгаши бўлими мудири Шоҳида Раҳматованинг айтишича, бугунги кунда вилоятдаги қурилиш ва ободончилик объектлари ҳамда фермер хўжаликларида бир минг 300 нафарга яқин йигит-қизлар самарали меҳнат қилмоқда.