Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.08.2017 21:32 Чоп этиш версияси

Янги ўқув йилига пухта тараддуд

Янги ўқув йилига пухта тараддуд Фарғона вилоятидаги умумтаълим мактабларида ҳам янги ўқув йилига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Мамлакатимизда ёш авлоднинг жисмонан соғлом ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта ўзлаштиришига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар соҳадаги баъзи муаммоларни амалий ҳал этиб, ўқитишни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётир.

Умумтаълим мактабларида 10-11-синфлар қайта ташкил этилаётгани, айниқса, ота-оналар томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

– Шаҳар ва туманларда тузилган ишчи гуруҳлар аъзолари томонидан жойларда ота-оналар, ўқувчилар ва кенг жамоатчиликнинг 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб 9-синф битирувчилари умумтаълим мактабларининг 10-синфида, академик лицей ёки касб-ҳунар коллежида ўқишни давом эттиришига оид фикрлари ўрганилди, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Нодир Аҳмедов. – Умумтаълим мактабларининг 46 минг 69 нафар 9-синф битирувчисидан 31 минг 875 нафари 10-синфда ёки академик лицей ва касб-ҳунар коллежида ўқишни давом эттириш истагини билдирган. Ана шу хоҳиш-истаклардан келиб чиқиб, барча умумтаълим мактабларида 10-синф очилмоқда.

Жорий йилда шаҳар ва туманларда 26 умумтаълим мактабида капитал реконструкция ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Янги ўқув йили арафасида ота-оналар ва ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида 88 умумтаълим мактаби қошида мактаб бозори ташкил этилиб, дарсликлар, ўқув қуроллари ва ўқувчилар формаси савдоси йўлга қўйилди.

Олтиариқ туманида 46 умумтаълим мактаби, 35 мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. 1 минг 900 га яқин ўқувчи 10-синфда ўқишни давом эттириш истагида. Шунинг учун умумтаълим мактабларида қўшимча 61 синф ташкил этилмоқда.

Тумандаги 34-умумтаълим мактаби замонавий таълим масканларидан бири. Янги ўқув йили олдидан бу ерда амалга оширилган таъмирлаш ишлари янада пухта билим олиш имкониятларини кенгайтиради. Замонавий синфхоналар, ўқув-лаборатория хоналари, спорт зали болалар ихтиёрида.

– Янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилди, – дейди мактаб директори Дилбар Мамажонова. – Педагогларимиз ёш авлодга замон талаблари асосида таълим бериш учун илғор педагогик технологияларни пухта ўзлаштирмоқда. Айниқса, 10-11 синфлар қайта ташкил этилаётгани ота-оналарни хурсанд қилмоқда.

Туманда бўлиб ўтган семинарда умумтаълим мактабларида янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари атрофлича муҳокама қилинди. Бир қатор умумтаълим мактабларидаги илғор тажрибалар билан танишилди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
4 563






Все о погоде - Pogoda.uz