Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.07.2017 18:12 Чоп этиш версияси

Университетда ўқиш орзуси билан

Президентимизнинг жорий йил 5 майдаги “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарори асосида Фарғона давлат университетида ҳам абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш давом этмоқда.

Мамлакатимизда олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали ва етук мутахассислар тайёрлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Фарғона давлат университети ҳам ўтган йиллар мобайнида тубдан янгиланди, замонавий жиҳозланган кенг ва ёруғ ўқув бинолари, талабалар турар жойлари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари барпо этилди. Мультимедиа ва компьютер воситалари билан жиҳозланган аудиториялар, лингафон ва лаборатория хоналари, замонавий ахборот-ресурс маркази, спорт иншоотлари талаба-ёшлар ихтиёрида. Жаҳон андозаларига мос яратилган бундай шароитлар ёшларда ушбу таълим муассасасида илм олиш иштиёқини кучайтириб, малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилаётир.

– 2017/2018 ўқув йилида Фарғона давлат университетига 1 минг 600 талаба қабул қилиниши кўзда тутилган, – дейди қабул комиссияси масъул котиби А.Қосимов. – Талабаларнинг 405 нафари давлат гранти, 1 минг 195 нафари тўлов-контракт асосида қабул қилинади. Жорий йилда бакалавриатга 32 таълим йўналиши бўйича қабул эълон қилинган. “Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологиялари”, “Меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш”, “Ҳаётий фаолият хавфсизлиги”, “Филология ва тилларни ўқитиш: тожик тили”, “Касб таълими: экология ва атроф-муҳит муҳофазаси” каби бешта янги йўналиш очилди.

Университетда бир қанча таълим йўналишларининг қабул квоталари ҳам оширилди. Жумладан, инглиз тили йўналишида 150, ўзбек тили, жисмоний маданият йўналишлари бўйича 120 талаба қабул қилинади.

– Жисмоний маданият йўналишига ҳужжат топширдим, – дейди ёзёвонлик Бобур Мамасиддиқов. – Спортчиларимиз эришаётган ютуқлардан, давлатимиз томонидан ёшларга яратилаётган кенг шароит ва имкониятлардан руҳланиб, Ватанимиз байроғини жаҳон майдонларида юксакларга кўтаришга аҳд қилдим.

– Болалигимдан хорижий тилларни ўрганишга қизиқаман, – дейди Фарғона политехника институти қошидаги 3-академик лицей битирувчиси Зарифа Ҳошимова. – Турли чет тилларида равон сўзлашаётган ёшларга ҳавас қиламан. Мана шу орзуимни амалга ошириш, ўз устимда кўпроқ ишлаш мақсадида университетнинг хорижий филология факультетига ҳужжат топширдим.

Қабул жараёни тез ва сифатли ўтказилишини таъминлаш, абитуриентларнинг ҳужжат топшириш жараёнида навбат кутиб қолиш ҳолларининг олдини олиш мақсадида барча чора-тадбирлар кўрилди, ота-оналарга кутиш жойлари ташкил этилди. Савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, тиббиёт хонаси фаолияти йўлга қўйилди. Таълим йўналишларига оид маълумотлар ойнаси, қабул комиссияси фаолияти, факультетлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи кўргазмали воситалар ўрнатилди.

Университетда абитуриентларнинг тест синовларига тайёргарлик кўриши ва ушбу жараён билан боғлиқ билим-кўникмаларини ошириш мақсадида машғулотлар, консультациялар ўтказиш жадваллари ишлаб чиқилган.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
4 209






Все о погоде - Pogoda.uz