Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.09.2017 17:18 Чоп этиш версияси

Тошкентда «Темурбеклар мактаби» тақдимоти

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, мамлакатимиздаги барча ҳарбий академик лицейларга «Темурбеклар мактаби» номи берилди. 23 сентябрь куни Тошкентдаги «Темурбеклар мактаби»нинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг фармонида «Буюк давлат арбоби ва саркарда Соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олган ҳолда, республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига «Темурбеклар мактаби» номи берилсин" деб белгиланган.

Тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Т.Мўминов ва бошқалар ўқувчиларни Тошкент ҳарбий-телекоммуникация академик лицейига «Темурбеклар мактаби» мақоми берилгани билан қутлади, уларга ушбу буюк номга муносиб бўлишни тилади.

«Темурбеклар мактаби» ўқувчилари сафда юриш бўйича тайёргарлигини намойиш қилди, армрестлинг, автоматни бўлакларга ажратиш ва йиғиш, граната улоқтириш, турникка тортилиш, тўсиқлар оша югуриш, қўл жанги, арқон тортиш, ҳарбий эстафета мусобақаларида иштирок этди. Ғолиблар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Меҳмонлар ўқув, маънавият ва маърифат хоналари, ахборот-ресурс маркази, ушбу ўқув муассасаси фаолияти хақида ҳикоя қилувчи фотокўргазма, шунингдек, буюк Соҳибқирон Амир Темурга бағишланган кўплаб кўргазмали ва дидактик материаллар билан танишди.

– Сафда ўғлимни кўриб, беихтиёр кўзларимга ёш келди, – дейди Дилноза Жумаева. – Ўзим истеъфодаги майорман, эҳтимол шунинг учун бўлса керак, ўғлимга Сардор деб исм қўйганман. Мана бугун у Тошкент «Темурбеклар мактаби»га ўқишга қабул қилинди. Сардор оилавий анъанамизни муносиб давом эттиришига ишонаман.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бош бошқармаси Қоровул қўшинлари алоҳида намунали-кўргазмали оркестри тадбир иштирокчиларини концерт дастури билан хушнуд этди.

Аблай Камолов, ЎзА
2 040






Все о погоде - Pogoda.uz