Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.01.2018 16:02 Чоп этиш версияси

Тошкент тиббиёт академиясининг 586 битирувчиси қасамёд қабул қилиб, шифокор деган номга сазовор бўлди

Тошкент тиббиёт академиясининг 586 битирувчиси қасамёд қабул қилиб, шифокор деган номга сазовор бўлди «Шифокор деган юксак унвонни олиб, тиббиёт фаолиятига киришар эканман, ўзимнинг бор билим ва маҳоратимни беморни даволашга ҳамда инсон соғлиғини сақлашга бағишлашга, ёши, дини, эътиқоди, миллати, ижтимоий келиб чиқиши ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир беморга куч ғайратим ва вақтимни аямай тиббий ёрдам кўрсатишга, беморнинг соғлиғини шахсий манфаатларимдан юқори қўйишга, камтар ва ҳалол бўлишга, ўз билим ва маҳоратимни доимо ошириб боришга, шифокор сирини сақлашга, кишиларга ҳамиша меҳр-мурувват ва шифо топишларида ишонч ҳадя этишга, Гиппократ, Абу Али ибн Сино сингари улуғ табибларнинг шонли анъаналарини давом эттиришга тантанали қасамёд қиламан».

Бугун Тошкент тиббиёт академиясининг 586 битирувчиси ушбу қасамёдни қабул қилиб, шифокор деган номга сазовор бўлди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мутасаддилари, Тошкент тиббиёт академиясининг профессор-ўқитувчилари, битирувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбирда шифокор халқ ишончи, меҳри ва ҳурматини фақат фидокорона меҳнат, қатъий интизом, касбга бўлган юксак масъулият билан қозониши мумкинлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари томонидан қисқа даврда соғлиқни сақлаш тизими ҳолати ва унинг ривожланиш истиқболлари юзасидан беш марта йиғилиш ўтказилиб, соҳани комплекс ривожлантиришга қаратилган ўттизга яқин фармон ва қарор эълон қилинди. Президентимизнинг 2017 йил 5 майдаги «Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ тиббиёт соҳасидаги олий таълим даргоҳларида 2017-2018 ўқув йилидан даволаш иши, касбий таълим, ҳарбий-тиббиёт иши, педиатрия иши 6 йил, тиббий-биологик иш 4 йил ва тиббий профилактика иши йўналишлари 5 йил этиб белгиланди.

Жорий йилда Тошкент тиббиёт академиясини бакалавриатнинг 7-курси битирувчилари якуний давлат аттестацияларини муваффақиятли топширди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари билан ҳамкорликда бир ой муддатда тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёж ҳудудлар бўйича аниқланди. Ушбу эҳтиёждан келиб чиқиб, тиббиёт йўналишидаги барча битирувчилар доимий яшаш жойларидаги тиббиёт муассасаларида ўз соҳаси бўйича ишга жойлаштирилди.

Навоийлик Муқаддас Тошқулова таклиф этилаётган иш жойи билан яқиндан танишиб, ўрганди. У Навоий шаҳар 4-оилавий поликлиникага умумий амалиёт шифокори бўлиб ишга жойлашди.

9.JPG

– Нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёдаги нуфузли олий таълим даргоҳини битириб, шифокор деган шарафли, шу билан бирга ўта масъулиятли касбга эга бўлганимдан фахрланаман, – дейди Муқаддас. – Устозларимиздан олган билимларимизни амалиётда қўллаб, халқимиз соғлиғини мустаҳкамлашга, уларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга астойдил ҳаракат қиламиз. Биз ёш кадрларга билдирилган юксак ишончни оқлаб, етук мутахассис бўлишга ваъда берамиз.

Гўзал Сатторова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
2 380