ЎзА Ўзбек

15.04.2019 20:44 Чоп этиш версияси

Тест топшириқлари янада такомиллашади

Тест топшириқлари янада такомиллашади

Тест топшириқлари базасини шакллантиришда умумтаълим фанлари ўқув дастурлари бўлимларининг тўлиқ қамраб олиниши ва абитуриентлар билими, кўникмаси, мантиқий фикрлаш қобилиятини баҳолай оладиган тест топшириқларини тузишга эътибор қаратилмоқда.

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан "Педагогик ўлчовлар, тест топшириқларини шакллантириш ва тест саволлари билан ишлаш тамойиллари" мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори билан Давлат тест маркази томонидан тест топшириқларини ишлаб чиқиш, уларни босқичма-босқич такомиллаштириб бориш ишлари Давлат таълим стандартларига мувофиқ олиб борилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги тегишли қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом"га кўра тест топшириқлари умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари ўқув дастурларига асосланган ҳолда тузилади. 

Ваколатли давлат органлари томонидан жорий йилда фойдаланишга тавсия этилган ва тест топшириқларини тузишга асос бўлиб хизмат қиладиган дарслик ва ўқув қўлланмалари рўйхати 2018 йил октябрь ойида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинган. 

Талаблар кодифиатори ва тест топшириқлари тафсилотлари асосида янги тест топшириқларидан иборат намунавий вариантлар шакллантирилиб, 2018 йил ноябрь ва 2019 йил январь ойида апробациядан ўтказилди. Апробация жараёнида умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг 2 мингга яқин битирувчиси иштирок этди. Апробация жараёнида тест топшириқларининг ишончлилиги, сифатлилиги, муқобил жавобларнинг ишлаши, мураккаблик даражасининг тўғри танланганлиги ўрганилди. Апробация натижасида мувофиқ тест топшириқлар базасини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда. 

Тест топшириқлари базасини шакллантиришда умумтаълим фанлари ўқув дастурлари бўлимларининг тўлиқ қамраб олиниши ва абитуриентлар билими, кўникмаси, мантиқий фикрлаш қобилиятини баҳолай оладиган тест топшириқларини тузишга эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларидаги тест топшириқларининг бир хиллиги таъминланаяпти. 

Юқорида айтилган масъулиятли жараёнга Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул бўйича Давлат комиссиясининг 2019 йил 31 январдаги тегишли қарори билан 140 нафар мутахассисдан иборат халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим ва Фанлар академияси тизимларидан экспертлар гуруҳи тасдиқланди. 

Тест топшириқларида график, ёзувсиз карта, расмларнинг қўлланилиши, адабиёт фанидан таълим масканлари ўқув дастурига киритилган бадиий асарлардан айримларини тўлиқ ўқиш тавсия этилиши, ўлчам бирликларининг янгича ифодаланилишининг жорий этилиши тест топшириқлари базасини шакллантиришда жорий йилдаги янгиликлардан саналади.

Тест топшириқлари базасини шакллантириш тамойиллари уларнинг давлат таълим стандартлари ва белгиланган талабларга мувофиқлиги, махфийлиги, турли хил таълим тизими мутахассисларининг иштироки таъминланганлиги, экспертизанинг кўп маротабалиги, вариант мураккаблигининг бир хиллиги кабиларга асосланади. 

Абитуриентларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 2018 йил декабрь ойида тест топшириқлари акс эттирилган "Ахборотнома"нинг махсус сони (4/1 ва 4/2-сон) чоп этилди. Унга ҳар битта фандан 120 тадан ўзбек ва рус тилларида тест топшириқлари киритилган. Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида ҳар бир фандан намунавий тест топширқлари эълон қилинди. 

Н.Усмонова, ЎзА
1 901