Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2017 16:37 Чоп этиш версияси

Тест синовлари топширилди

Тест синовлари топширилди Мамлакатимиздаги барча олий ҳарбий таълим муассасаларида бўлгани каби 5 июль куни Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ҳам абитуриентлар давлат тест синовларини топширди.

Ушбу ҳарбий билим юртида автомобиль бўлинмалари тактик қўмондонлиги, артиллерия қўшинлари тактик қўмондонлиги, фронт орти таъминоти тактик қўмондонлиги сингари олти йўналиш бўйича Қуролли Кучларимиз учун юқори малакали профессионал кадрлар тайёрланмоқда. Миллий армиямизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчилар учун давлатимиз томонидан кенг имтиёз ва имкониятлар берилиши ёшларнинг ушбу соҳага қизиқишини оширмоқда. Жумладан, бу йил 3 минг 800 га яқин ёшлар Самарқанд автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ўқиш истагини билдирган. Улар орасидан уч босқичли синовлардан муваффақиятли ўтган 1 минг 200 дан ортиқ номзодлар якуний тест синовларига кирди.

– Ўқишга киришга номзодлар амалдаги тартибга мувофиқ ҳарбий-профессионал йўналиш, дастлабки танлаш, ҳарбий-профессионал танлаш ва тест синовлари асосида комплекс равишда босқичма-босқич сараланиб қабул қилинмоқда, – дейди билим юрти қабул комиссияси аъзоси, подполковник Улуғбек Рўзимов. – Бу йил ҳам ушбу жараёнлар тегишли қонун ва низомлар асосида амалга оширилиб, дастлабки босқичларда сараланган абитуриентлар уч фан – физика, математика, ўзбек тили ва адабиёти бўйича тест синови топширди. Синовлар ўтказилган барча аудиторияларда кузатув камералари ўрнатилди. Абитуриентларнинг билим юртига келиб кетиши, турар жой ва озиқ-овқат таъминоти давлатимиз томонидан амалга оширилди. Энг муҳими, бу йил билим юртига қабул квотаси аввалги йилларга нисбатан оширилди. Бу ҳам курсантликка номзодлар учун катта имконият бўлди.

Тест синовларида Давлат тест маркази масъул ходимлари, шунингдек, аудитория раҳбари ва кузатувчиси сифатида Самарқанд вилоятидаги таълим муассасалари ўқитувчилари иштирок этди.

– Ҳарбий юридик йўналишдаги Урганч ҳарбий лицейини битириб, болаликдаги орзуим – офицер бўлиш ниятида ушбу билим юртига ҳужжат топширдим, – дейди абитуриент Мурод Файзихонов. – Лицейда олган билимларим туфайли дастлабки синовлардан муваффақиятли ўтиб, бугун тест синовлари топширдим. Келгусида офицер сифатида Ватанимга хизмат қилишни ўзим учун юксак шараф, деб биламан.

Тест синови натижалари яқин кунларда эълон қилинади.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
2 653






Все о погоде - Pogoda.uz