Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2017 15:04 Чоп этиш версияси

Термиздаги учта олий таълим муассасасида абитуриентлар тест синовларини топширди

Термиздаги учта олий таълим муассасасида абитуриентлар тест синовларини топширди Сурхондарё вилоятидаги учта олий таълим муассасасида 48 минг 800 га яқин абитуриент 53 таълим йўналиши бўйича давлат тест синовларини топширди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 майдаги "2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ абитуриентлар ва ота-оналар учун барча қулайликлар яратилди.

Сурхондарё вилоятида жорий йилгача битта олий таълим муассасаси – Термиз давлат университети фаолият юритар эди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 апрелдаги "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра вилоятда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳамда Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиаллари ташкил этилди ва илк бор абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинди.

Очиқлик ва адолат тамойиллари асосида ўтказилган тест синовларида Термиз давлат университетига 1 минг 800, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиалига 350 ва Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалига 300 йигит-қиз ўқишга қабул қилинади.

Термиз шаҳрида мамлакатимизнинг нуфузли олий таълим муассасалари филиаллари ташкил этилгани воҳанинг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжи билан бевосита боғлиқ. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиалига 350 ўрин учун 6 минг 560, Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалига 300 ўрин учун 5 минг 670 абитуриент ҳужжат топширгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Термиз шаҳридаги олий таълим муассасаларида ҳам тест синовларини юқори савияда ўтказиш учун алоҳида ҳозирлик кўрилди. Аудитория раҳбари, вакил ва кузатувчилар учун махсус ўқув-семинарлари ташкил этилди.

– Бу йил абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишда таълим муассасамиз мамлакатимизда пешқадам бўлди, – дейди Термиз давлат университети ректори, сенатор Мамат Ҳайдаров. – 36 бакалавр таълим йўналиши бўйича 36 минг 546 ўғил-қиз ҳужжат топширди. Тест синовларини юқори даражада ўтказиш учун 50 замонавий бинода 1 минг 80 аудитория тайёрланиб, талаб даражасида жиҳозланди, ота-оналар учун зарур шароит яратилди.

Ҳудудда малакали кадрларга талаб ўрганилганда саноат тармоқлари, техника ва технологиялар, аграр, хизмат кўрсатиш ва таълим соҳалари учун мутахассисларга катта эҳтиёж борлиги маълум бўлди. Шунга мувофиқ, Термиз давлат университетида меҳнат таълими, ислом тарихи ва манбашунослик, архитектура, бино ва иншоотлар қурилиши, меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш, туризм каби янги йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди.

– Ислом тарихини ўрганишга қизиқаман, – дейди Денов туманидан келган абитуриент Нуриддин Маннонов. – Термиз давлат университетида шу соҳа бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилганидан хурсандман. Ислом тарихи ва манбашунослик йўналишига ҳужжат топширдим. Бугунги синов очиқ ва адолатли ўтди. Ҳеч ким шпаргалка ёки бошқа воситалардан фойдалангани йўқ. Аудиторияда биз учун барча шароит яратилган. Ичимлик суви, ручка ва ёзув қоғози билан ҳам таъминлашди. Тест саволларини муваффақиятли ечдим, деб ўйлайман.

Вилоятда абитуриентлардан танлаган таълим йўналиши бўйича ҳужжатлар қабул қилиш жараёнининг сифатли ташкил этилгани илмга чанқоқ ёшлар ўртасида адолатли рақобатни шакллантириш, зукко, чуқур билимли йигит-қизларни саралаб олишга кенг имконият яратаётир.

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиалига транспорт тизимлари ва йўллари ҳамда уларнинг эксплуатацияси, кимёвий технология, бино ва иншоотлар қурилиши ва материаллари, озиқ-овқат технологияси, технологик машина ва жиҳозлар, енгил саноат технологияси, экология ва саноат хавфсизлиги соҳаларида юқори малакали мутахассисларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашдек муҳим вазифа юкланган. Тест синовлари тўққизта замонавий таълим муассасаси биносида жойлашган 194 аудиторияда ўтказилди. Тест синовлари очиқ ва адолатли ўтганини нафақат ёшлар, балки ота-оналар ҳам тасдиқлашди.

– Эрта тонгдан таълим даргоҳлари томон шошаётган ёшларни кузатиб, ҳавасим келди, – дейди Термиз шаҳридан Равшан Омонқулов. – Ўғлим Шерзод йўл-транспорт соҳаси бўйича мутахассис бўлишни орзу қилади. Унинг бу соҳа бўйича Тошкентга бориб ўқиши бизни ўйлантириб турган эди. Қаранг, бахтимизга Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиали очилди. Бундан қувонган фарзандимиз биринчилардан бўлиб ҳужжат топширди. Бугун тест синовларини тўғри ечди, деган умиддаман. Ахир, ота-она учун фарзандининг ёнида бўлиши муҳим-да! Буларнинг барчаси истиқлол шарофати, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар бахту-саодати ва таълим тизимига қаратаётган юксак эътибори самарасидир.

Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали янги ўқув йилидан мевачилик, сабзавотчилик, узумчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси, қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш, қишлоқ хўжалиги менежменти каби 9 йўналиш бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўяди. Бугун тўққизта бинода жойлашган 163 аудиторияда аграр тармоқлар учун етук мутахассис бўлиш мақсадида ҳужжат топширган ёшлар тест синовларини топширди.

– Шу йил коллежни тамомладим, – дейди абитуриент Исомиддин Исмоилов. – Вилоятимизда аграр тармоқ яхши ривожланмоқда. Мен ҳам шу соҳа бўйича мутахассис бўлишни орзу қиламан. Вилоятимизда қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш соҳаси бўйича кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаси бўлмагани боис бу фикримни ота-онамга айтишга истиҳола қилиб юрган эдим. Мана, Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали очилди. Яхши ниятлар билан ҳужжат топшириб, тест синовларини тўғри ечишга ҳаракат қилдим.

Эл-юрт равнақи ва фаровонлигига дахлдорлик туйғуси билан камол топаётган ёшлар орзиқиб кутган ҳаяжонли дамлар ҳалол рақобат асосидаги билимлар беллашуви ортда қолди. Ана шу синовлардан муваффақиятли ўтган билимли, зукко ва изланувчан ёшлар замонавий аудиторияларда таълим-тарбия олиб, танлаган мутахассислиги сир-асрорларини пухта эгаллашга муяссар бўлади.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
5 556






Все о погоде - Pogoda.uz