Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2017 15:08 Чоп этиш версияси

Тараққиёт ва фаровонлик омили

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида “Иқтисодиётни модернизация қилиш шароитида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари иқтисодчи олимлари, ёш тадқиқотчилар ва мутахассислар иштирок этган илмий анжуманда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, мазкур тармоқда замонавий бошқарув усулларини жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Президентимизнинг жорий йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш, ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда хизматларнинг ўрни ва улушини ошириш, кўрсатилаётган хизматлар таркибини, энг аввало, уларнинг замонавий юқори технологик турлари ҳисобига тубдан ўзгартириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

– Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал тараққиёти, халқимиз турмуш даражасининг ўсиб бориши аҳолининг замонавий хизматларга эҳтиёжини оширмоқда, – дейди Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори М.Пардаев. – Ўз навбатида, ялпи ички маҳсулот таркибида ҳам мазкур тармоқнинг улуши йил сайин ортиб бормоқда. Бундай шароитда шаҳар ва қишлоқларимизда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар тури ва сифатини ошириш, тизимда янги иш ўринлари яратиш муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Конференцияда хизмат кўрсатиш соҳасининг иқтисодиётдаги ўрни, хизматлар самарадорлигини оширишда менежмент ва маркетингни такомиллаштириш, туризмни ривожлантириш механизмлари, молиявий муносабатлар, бухгалтерия ҳисоби, иқтисодий таҳлил, аудит ва статистика, кадрлар тайёрлаш масалаларига бағишланган маърузалар тингланди. Олимлар ва мутахассислар томонидан маҳорат машғулотлари ўтказилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 087






Все о погоде - Pogoda.uz