ЎзА Ўзбек

05.02.2018 20:20 Чоп этиш версияси

Таълим тизимидаги ислоҳотларга бағишланди

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У.Иноятов ва бошқалар ота-оналар, кенг жамоатчиликнинг фикр ва таклифлари инобатга олинган ҳолда 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларига ўз хоҳишига мос тарзда мактабларнинг 10-синфида ёки академик лицей ва коллежларда ўқишни давом эттириш имконияти яратилганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 25 январдаги тегишли қарорига мувофиқ 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус таълим умумтаълим мактабларида, жумладан, ихтисослаштирилган санъат ва маданият, олимпия захиралари мактаб-интернатларида ҳамда академик лицейларда узлуксиз ва 11 йиллик муддатда амалга оширилади.

11 йиллик таълимнинг жорий этилиши муносабати билан Халқ таълим вазирлиги томонидан олимлар, амалиётчи ўқитувчилар, ота-оналар фикрига таянган ҳолда 10-11-синфлар учун 12 та умумтаълим фанлари бўйича ўқув режалари қайтадан ишлаб чиқилиб, уларга қатор ўзгартиришлар киритилди. Фан дастурлари асосида 10-синф ўқувчиларига умумтаълим фанларидан 18 номдаги дарсликлар 7 тилда жами 9 миллиондан ортиқ тиражда чоп этилди ва жойларга етказилди.

Умумий ўрта таълим масканлари 10-11-синф ўқувчиларининг таълим олиши билан бирга уларга касб ўргатиш мақсадида жойларда Ўқув ишлаб чиқариш мажмуаларининг фаолияти кенг йўлга қўйилди. Мазкур мажмуаларда 50 дан ортиқ касбни ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 11-синфдан бошлаб эса касб таълими орқали ҳунар сирларини ўргатиш билан бирга "Тадбиркорлик асослари" фани ҳам ўқитилади.

Касблар рўйхати ҳудудларнинг шароитлари ва ижтимоий-иқтисодий дастурлар мазмунидан келиб чиққан ҳолда мутасаддилар, иш берувчи ташкилотлар мутахассислари билан биргаликда шакллантирилади. Мажмуаларда касблар мураккаблигига қараб 1 ёки 2 йил давомида ўргатилади ва меҳнат бозоридаги эҳтиёжга асосан ўзгариб туради.

10-11-синф ўқувчиларига ҳафтасига 1 кун 6 соатдан 2 йил давомида касбий таълим берилади. Битирувчиларга ўрта маълумот тўғрисидаги аттестат билан бирга касб малакаси бўйича давлат намунасидаги диплом топширилади. Шу билан бирга ўқувчиларнинг касбларга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида мактабларнинг 1-синфидан бошлаб касбга йўналтириш ишлар олиб борилади. 8-9-синфларда эса касбларга йўналтириш алоҳида фан сифатида ўқитилади.

2017/2018 ўқув йилининг иккинчи ярим йиллигидан бошлаб юртимизнинг ҳар бир ҳудудидан танланган 28 та ўқув ишлаб чиқариш мажмуасида 9-синф ўқувчиларига касб ўргатиш ишлари тажриба-синов тарзида олиб борилмоқда. Унинг натижалари асосида келгусида касб ўргатиш сирларини мактабларнинг 9-синфларидан бошлаш кўзда тутилган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури вазифаларидан келиб чиққан ҳолда вазирлик томонидан таълим-тарбия сифатини оширишга қаратилган "Йўл харитаси" ишлаб чиқилди.

Унга кўра, илғор хорижий тажрибалар ва ўқитишнинг инновацион методлари, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этган ҳолда 11-синфлар учун 20 номдаги 9,7 миллион тираждаги дарсликлар яратилади.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига жавоб қайтарилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
12 893