ЎзА Ўзбек

06.11.2019 Чоп этиш версияси

Таълим соҳасини “тозалаш“ керак

Таълим соҳасини “тозалаш“ керак

Мамлакатимизда охирги йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, ватанимизнинг ривожланиши, ёш авлоднинг ватанпарвар, маънавий жиҳатдан етук ва салоҳиятли келажак бунёдкорлари сифатида шаклланишига тўсқинлик қилувчи энг аянчли ва жамиятимиз учун нолойиқ бўлган олий таълимдаги коррупция масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Учрашувдаги фикрлар келажакка, ёшларнинг тарбиясига бефарқ бўлмаган инсонлар учун муҳим аҳамият касб этади.

Коррупция халқнинг давлатга бўлган ишончига путур етказади, жамиятнинг ахлоқий асосларини емиради, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг вужудга келиши ва чуқурлашишига сабаб бўлади. Тан олиш керакки, жамиятимизда мазкур иллат йиллар давомида томир отганлиги хусусида Президентимиз Шавкат Мирзиёев деярли ҳар бир чиқишларида бизларни огоҳликка чорлайди.

Лекин коррупцияга қарши кураш тобора қатъий бўлиб борса-да, ажириқ каби унинг илдизлари ҳали-ҳануз сақланиб қолган кўринади. Астойдил таълим олиб, не-не орзулар билан ўқишга ҳужжат топширган ёшлар манфаатини ҳатлаб ўтиб, ҳаром луқма билан кун кечиришни ўзига одат қилган айрим нопок инсонлар ҳозир ҳам учраб тургани жамиятимиздаги соғлом муҳитга салбий таъсир қиляпти.

Халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул идоралар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Бунинг учун юртдошларимизда коррупцияга, умуман, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти шаклланиши талаб қилинади. Чунки қонунбузарликлар содир этилишига кўпинча одамлардаги лоқайдлик, айниқса, ўз ҳақ-ҳуқуқини билмаслик ҳам сабаб бўляпти. Барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорликни ҳис этган ҳолда ҳамжиҳатликда иш олиб бориши иллатларнинг батамом барҳам топишига хизмат қилади.

Бунга эришиш учун таълимда “тозалаш“ бўлиши керак. Ушбу иллатнинг таълим муассасаларида кузатилмаслиги ва унинг ҳар қандай кўринишларини олдини олиш бўйича барча чораларни кўриб, келажакда билимли, салоҳиятли ва рақобатбардош тиббиёт кадрларини тайёрлаш, улар аҳоли саломатлигини сақлаш борасида ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиши учун шарт-шароитларни яратиш, олий таълимни коррупциядан ҳоли соҳага айлантиришда барчамиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.

Бир сўз билан айтганда, коррупция каби иллатни олий таълимдан йўқотиш учун нафақат давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари, балки ҳар биримиз бир ёқадан бош чиқариб, астойдил ишлашимиз зарур.

Ботир ДАМИНОВ,
Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори, 
тиббиёт фанлари доктори, профессор.

8 706
ЎзА