Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси онлайн дарслар сифатига қандай баҳо беради?
Инспекция томонидан 50 га яқин видеодарслар тасвирга олинган эди.
Ҳозирда карантин сабабли мактаб ўқувчилари учун телевидение орқали видеодарслар эфирга узатилмоқда, шунингдек олий таълим тизимида ҳам дарслар масофавий ташкил этилмоқда. Бундай вазиятда таълим сифати қандай назорат қилмоқда? Мазкур саволга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи УЛУҒБЕК ТАШКЕНБАЕВ жавоб берди.
Дарҳақиқат, умумий ўрта таълим мактабларида ўқув йилининг IV чораги учун режалаштирилган дарс машғулотлари масофавий видеодарслар шаклида ташкил этилмоқда. Ушбу жараёнда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси назорат органи сифатида эмас, балки ҳамкор ташкилот сифатида иштирок этмоқда. Тайёрланаётган видеодарслар сифатини ошириш бўйича малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда тавсиялар бериб борилмоқда.
Шунингдек, қарийб 2 йил давомида халқаро PISA тадқиқотларига тайёргарлик кўриш борасида Инспекция томонидан 50 га яқин видеодарслар тасвирга олинган эди. Ҳозирги кунда ушбу видеодарслар ҳам ЎзМТРК телеканалларида эфирга узатилмоқда.
Бир нарсага барчамиз эътибор қаратишимиз лозим. Шу пайтга қадар бизнинг мамлакатда масофавий таълимни жорий этиш бўйича тажриба деярли йўқ эди. Шундай бўлса-да, қисқа муддатда бутун мамлакат таълим тизими учун масофавий таълимни жорий этилиши ва буни педагоглар, ўқувчилар ва ота-оналар тез ўзлаштириб тизим ишлаб кетгани қувончли бўлди.
Хусусан, хорижлик ҳамкорларимиз билан масофавий таълим масаласини муҳокама қилганимизда кўпгина давлатлар мактаб ўқувчилари учун ҳам интернет орқали ўзининг ўқитувчи билан дарс ўтиши ташкил этилгани интернет ва техника етишмовчилиги сабаб кўплаб муаммолар кузатилаётганини, Ўзбекистоннинг бу борада танлаган йўли яъни онлайн дарслар телевидение ва интернет тармоқлар орқали тенг тақсимланиши энг тўғри танлов бўлганини таъкидлашди.
Юртимизда биринчи марта ташкил этилаётган ушбу видеодарсларни, умуман масофавий таълимни ташкил этишда ўзига яраша муаммолар бўлиши табиий. Ҳозирда Таълим инспекцияси томонидан “Масофавий таълимни ташкил этиш, унинг сифати ва самарадорлигини ошириш” бўйича халқаро экспертлардан таклиф ва тавсиялар олиниб, тизимни такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу жараёнда кенг жамоатчилик назоратини кучайтириш ва ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида Инспекциянинг @edumonitoring_bot телеграм боти ишга туширилган.
Мазкур телеграм бот орқали ота-оналар мактаб ва ОТМларда масофавий ўқитишнинг сифати, уни ташкил этиш ҳамда ҳудудлардаги муаммо ва қийинчиликлар бўйича хабар ва таклифлар беришмоқда. Айни пайтда ҳамкор вазирликлар ва маҳаллий ҳокимликлар билан масофавий таълим сифатига салбий таъсир кўрсатадиган омилларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда.
Биз ўқувчиларни видеодарслар орқали таълим олишида ҳар бир хонадонга кириб чиқа олмаймиз. Шу нуқтаи назардан телевизион каналлар орқали мунтазам бериб борилаётган дарс машғулотлари ўқитувчи, мураббийлар билан бир қаторда ота-оналарга ҳам бирдек масъулият юклайди. Жумладан фарзандининг ТВ каналлари орқали бериб борилаётган дарсларни мунтазам томоша қилишлари учун шароит яратиш, доимий назорат қилиш, мавзуларни ўзлаштиришига, вазифаларни бажаришга ёрдамлашиш, шунингдек фарзандининг ўқитувчиси билан хабар алмашишда интернет орқали алоқани таъминлаб беришлари лозим. Авваллари айрим ота-оналаримизни фарзандининг таълим олишига эътибор қаратиш муаммоси бор эди. Карантин баҳонасида кўпчилик ота-оналар фарзанди билан бирга ишлашга унга ёрдам беришга, ўзига яраша назорат қилишга ўрганишди. Карантиндан кейин ҳам шу кўникмалар сақланиб қолади деб умид қиламиз.