Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.03.2017 15:28 Чоп этиш версияси

Соғлом ва билимли ёшлар келажагимиз пойдевори

Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўқувчи-ёшларни таълимга тўлиқ қамраб олиш ва давоматини таъминлаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида ҳар томонлама соғлом ва баркамол, билимли ўғил-қизларни камол топтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Жорий йилнинг 9 февраль куни Президентимиз раислигида ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида долзарб вазифалардан бири сифатида ёшлар масаласига алоҳида урғу берилди. Умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларида ўқувчиларнинг дарсга қатнашини тўлиқ таъминлаш, ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларни чуқур таҳлил қилиб, уларнинг сабаби ва келиб чиқишига замин яратувчи шарт-шароитларни аниқлашга доир аниқ тавсиялар берилди.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар бош бошқармаси, хотин-қизлар қўмитаси, халқ таълими бош бошқармаси, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот”ёшлар ижтимоий ҳаракати шаҳар кенгаши ҳамкорлигида “2016-2017 ўқув йилида умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқувчилар давоматини тўлиқ таъминлаш, 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга қамраб олишни амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қўшма қарор қабул қилинди.

Мазкур қарорда барча таълим муассасаларига профилактика инспекторлари бириктирилиб, улар кундалик иш фаолиятини шу масканлардан бошлашини амалиётга татбиқ этиш, таълим муассасаларидаги "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати етакчилари иш фаолияти самарадорлигини оширишга доир муҳим масалалар кўзда тутилган. Пойтахтимиздаги таълим муассасаларида ўқувчилар давоматини яхшилаш ва умумтаълим мактаблари 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қамраб олиш бўйича шаҳар ва туман ҳокимликларида доимий ишловчи ишчи гуруҳлар тузилган. Ушбу ҳужжат билан таълим муассасаларида сурункали дарс қолдираётган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига ҳамда унга масъул бўлган, давоматнинг аниқ кўрсаткичларини яширган раҳбар ходимларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши белгиланган.

Қўшма қарорда ўн кун муддатда таълим муассасаларидаги "Камолот" етакчилари билан биргаликда ички интизомга бўйсинмайдиган ўқувчиларнинг рўйхатини тузиш, бир ҳафта муддатда барча таълим муассасаларидаги давоматни аниқлаш, профилактика инспекторлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан сабабсиз сурункали дарс қолдираётган, ҳуқуқбузарликка мойил ўқувчилар билан манзилли ишлаб, жамоатчиликни жалб қилган ҳолда, уларнинг ота-онасига тушунтириш ишларини олиб бориш вазифалари белгиланган.

Қўшма қарорда таълим муассасаларида ташкил этилган фан, спорт ва бошқа йўналишдаги тўгараклар фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш масаласи ҳам қамраб олинган.

Матбуот анжуманида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, таълим муассасалари, маҳаллалар қошида фан ва спорт, ҳунар тўгараклари фаолиятини кенг йўлга қўйиш, ёшларнинг қизиқиш ва интилишларидан келиб чиқиб бундай тўгараклар сифатини оширишга доир фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
1 964






Все о погоде - Pogoda.uz