Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.07.2017 14:30 Чоп этиш версияси

Сиртқи бўлимда кимлар ўқиши мумкин?

Навоий давлат кончилик институтида 2017/2018 ўқув йилида бакалавр босқичига 12 йўналиш бўйича 1 минг 115, магистратура босқичига 8 йўналиш бўйича 59 абитуриентни ўқишга қабул қилиш режалаштирилган.

Президентимизнинг жорий йил 5 майдаги “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилдан мазкур институтда ҳам махсус сиртқи бўлим ташкил этилиб, бакалавр босқичига 90 талаба тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинади.

Айни пайтда институтда абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш давом этаётир.

– Вилоят саноати жадал ривожланаётгани баробарида малакали кадрларга эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда, – дейди Навоий давлат кончилик институти қабул комиссияси масъул котиби Ш.Бобоев. – Асосан кончилик соҳаси учун етук мутахассислар тайёрлаб берадиган таълим масканимизда ёшларнинг замонавий билим олиши учун барча шароит мавжуд. Абитуриентларга қулайликлар яратиш мақсадида қабул комиссияси томонидан талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати, ўқув йўналишлари ва факультетлар тўғрисидаги маълумотлар акс этган махсус бурчаклар ташкил этилган. Комиссия ҳузуридаги маслаҳат гуруҳлари қабул тартиби бўйича зарур тушунчалар бериб боради.

Навоий давлат кончилик институтининг 2 минг ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси 19 гектар майдонни эгаллаган. 2016 йилнинг учинчи чорагида иш бошлаган янги ўқув биноси физика, электроэнергетика ва автоматик бошқарув бўйича 270 минг долларлик лаборатория ускуналари билан жиҳозланган.

Айни пайтда институтнинг кончилик, энерго-механика, кимё-металлургия, Олмалиқ кон-металлургия (Олмалиқ шаҳрида) ва Зарафшон умумтехника (Зарафшон шаҳрида) факультетлари мавжуд бўлиб, улар таркибида 21 кафедра фаолият кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида фаолият бошлайдиган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг минтақавий бўлими Навоий ҳудудини технологик ва ижтимоий ривожлантиришга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқотлар олиб боришга ихтисослашган бўлиб, унинг таркибида 5 илмий лаборатория фаолият юритади.

Жорий йилнинг учинчи чорагида иш бошлайдиган илмий марказ фан ва таълим интеграцияси ривожига, Навоий давлат кончилик институти негизида бакалавр ва магистрлар ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлашга ҳисса қўшади.

2017-2018 ўқув йилидан очилган махсус сиртқи бўлим корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёшларнинг ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда билим олишини таъминлашга, ўрта махсус маълумотга эга ёш мутахассисларни таълимнинг кейинги босқичига жалб этиш, малакали ва етук кадрлар тайёрлашга хизмат қилади. Сиртқи бўлимга тегишли ёки турдош таълим йўналишига мувофиқ ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маълумотига ҳамда камида уч йил амалий иш стажига эга бўлган, ишлаб турган корхона ёки ташкилот раҳбарининг тавсияномаси берилган кадрлар қабул қилинади.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
3 905






Все о погоде - Pogoda.uz