Сенатор ўзи ўқиган мактабда мустақиллик дарсини ўтди
Наманган шаҳридаги 40-умумтаълим мактабида “Биринчи қўнғироқ” шодиёнаси бўлиб ўтди.
Наманган шаҳридаги 40-умумтаълим мактабида “Биринчи қўнғироқ” шодиёнаси бўлиб ўтди.
Мазкур таълим даргоҳининг собиқ ўқувчиси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов ташриф буюргани тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади.
Сенатор педагоглар ва ўқувчиларни янги ўқув йилининг бошланиши – Билимлар куни билан қутлар экан, ўзининг ўқувчилик йилларини ёдга олди.
– Билимга чанқоқлик, тиришқоқлик, тинмай ўқиб-ўрганиш ва изланишларим натижасида бугунги даражага етдим, – деди С.Мўминов ўқувчилар билан мулоқотда. – Бахтли болалик гаштини суриш баробарида, ўзига нисбатан талабчан бўлмоқ, ўзини бир оз қийнаб, қатъий кун тартибига бўйсунган ҳолда ақлан ва жисмонан камол топишга интилиш сизнинг бугунги асосий вазифангиз бўлиши керак. Пухта билим олиб, мустақил давлатимизнинг фидойи инсонлари сифатида шаклланишингизнинг пойдевори мана шу даргоҳда мустаҳкамланади.
Барчанинг орзиқиб кутган ҳаяжонли дақиқалари бошланди. Биринчи қўнғироқ садолари остида мактаб остонасига илк бор қадам босган ўғил-қизлар синфларга тантанали равишда кузатиб қўйилди. Шундан сўнг “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида мустақиллик дарслари бошланди.
Сенатор С.Мўминов биринчи синф ўқувчилари ҳузурида бўлиб, уларни комил инсон бўлиб вояга етишга даъват этган ҳолда болаларга дарсликлар ва ўқув қуролларидан иборат Президент совғаларини топширди.