ЎзА Ўзбек

21.08.2019 Чоп этиш версияси

Профессор-ўқитувчиларни танлаш мезонларини ўзгартириш вақти келди

Профессор-ўқитувчиларни танлаш мезонларини ўзгартириш вақти келди


Дарснинг техник воситалари, турли педагогик усуллар муаллим маҳорати олдида иккинчи даражали воситалардир.

Таълимда сон, миқдор, албатта, том маънодаги сифатга айланиши шарт, йўқса барча саъй-ҳаракатлар кутилган натижани бермайди, бесамар кетади. Таълим, ундаги сифат ва самарадорлик тўлиқ муаллимга, унинг педагогик салоҳияти, тажрибаси, малакаси ва маҳоратига боғлиқ.

Олий таълим муассасасидаги профессор-ўқитувчилар ҳам турлича билим, дунёқараш, ижобий фазилатларга эга инсонлардир. Улар ҳам бошқа педагог-мутахассислар каби олий таълим муассасасида тайёрлаб келинаётган бўлсалар-да, конвейердан чиққан бир хил андозадаги товарлардек етиштирилмайди. Шунинг учун муаллимларни ишга танлаш, қабул қилишда уларнинг индивидуал жиҳатларига алоҳида эътибор талаб этилади.

Танлов тизими олий таълим муассасаларига профессор-ўқитувчиларни жалб этиш ва ишга олишда асосий восита сифатида хизмат қилиб келмоқда. Тан олиш керак, барча олий таълим муассасаларига профессор-ўқитувчилар йиллар давомида шаклланган тартибдаги танлов асосида ишга қабул қилинмоқда. Афсуски, шундай. Аммо бу танлов тизими ҳозиргача ўзини оқламаган ва бундан кейин ҳам оқлай олмайди. Нега? Чунки бу тизим ишга қабул қилаётган олий таълим муассасаси раҳбарига ишга олинаётган профессор-ўқитувчи ҳақида етарлича маълумот тақдим этмайди. Танлов асосида ишга кираётган профессор-ўқитувчи олий таълим муассасаси раҳбари номига ариза ёзади ва аризасига маълумоти ҳақидаги диплом нусхасини, илмий-ижодий ишлари бўлса, уларнинг тасдиқланган рўйхатини, охирги иш жойидан кадрларни ҳисобга олиш бўйича тасдиқланган сўровнома ҳамда малакасини ошириб боргани ҳақидаги сертификат нусхасини тақдим этади.

Хўш, мана шу ҳужжатлар ишга кириш учун талабгор профессор-ўқитувчининг қандай юксак педагогик малакага, маҳоратга, тажрибага, юксак илмий салоҳиятга, маънавий-ахлоқий жиҳатдан талабаларга ва ҳамкасбларига намуна бўла оладиган инсоний фазилатларга эга мураббий, талабалар билимини баҳолашда холислик, ҳалоллик, адолат тамойилларига қатъий риоя қилган ҳолда, таъмагирликка йўл қўймай баҳо берадиган устоз экани ҳақида тўлиқ маълумот бера оладими?

Ишга кириш имконини берадиган ҳужжатлар шунчаки расмиятчилик учун қабул қилинаётганини очиқ кўрсатиб турибди. Яна бошқа бир томони шундаки, бундай танловларга берилган эълон бўйича шу лавозимда ишлаб келаётган профессор-ўқитувчидан бўлак бирор-бир муқобил номзод ҳужжат топширмаслиги ҳам ҳақиқат.

Профессор-ўқитувчи ўзи ишлаб келган лавозимга берилган эълон бўйича бу танлов унга ҳеч қандай қўшимча талаб, мажбурият ва вазифа юкламаслигини ҳам, ўзидан бошқа биров бу ўринга даъвогарлик қилиб, ҳужжат топширмаслигини ҳам яхши билади. Олинган ҳужжат бўйича номзод фаолияти кафедра йиғилишида, факультет кенгаши мажлисида муҳокама қилинади, номзод “кутилган танлов”дан беозоргина ўтказилади ва олий таълим муассасаси раҳбари билан шартнома тузишга тавсия этилади. У энди кейинги беш йил муддатга қонуний сайланган ҳисобланади ва бунинг устига, таълим муассасаси раҳбари билан беш йилга расмий шартнома ҳам тузиб олади. Яна беш йилдан сўнг шу жараён қайтарилади ва яна шу тарзда давом этаверади. Ахир эълон қилинган танлов бўйича биргина номзоддан ҳужжат тушса, унга рақобатчи бўла оладиган муқобил номзод бўлмаса, бунинг нимаси танлов ҳисобланади?

Бундан ким зарар кўряпти? Бундан янгича педагогик ва ахборот технологиялари асосида замонавий таълим олишга бел боғлаган талабалар зарар кўряпти, пойдевори неча минг йиллик тарихга бориб тақаладиган мадрасаи олияларда нашъу намо топган таълим тизими зарар кўряпти, тараққиёт сари дадил интилаётган бутун жамиятимиз беҳисоб даражада зарар кўряпти!

Олий таълим тизимида, жамият тараққиётига асос бўлувчи таълимда юқори даражага эришишни истар эканмиз, энди университетлар, институтлар профессор-ўқитувчилари ўзларининг илмий-педагогик, ташкилотчилик ва ташаббускорлик салоҳияти, маънавий-ахлоқий фазилатларига кўра раҳбарлар, мутахассислар ва мутасаддилар олдида ўтказиладиган очиқ мулоқотда том маънода танланиши, таълим муассасаси раҳбари билан маълум муддатга шартнома тузиши лозим. Уларнинг анъанавий тарзда танловдан ўтказилиши ва номигагина шартнома тузишига барҳам берилиши керак!

Фикримизча, бу борада ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, улардан муқобил вариантларни танлаб олиш ҳамда юртимиз олий таълим тизимида профессор-ўқитувчиларни ишга ёллашда фойдаланиш ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаймиз. Масалан, АҚШдаги кўплаб университетларда профессор-ўқитувчилар билан улар шу университетда 6-7 йилдан кам бўлмаган муддатда муваффақиятли ишлаганидан кейингина доимий меҳнат шартномаси тузилади. Лекин томонлар ўртасидаги меҳнат шартномаси олти-етти йилгача ҳар йили муддатли тарзда ўсиб бориш тартибида тузилади, яъни уларнинг меҳнат стажи ортиб боргани сари меҳнат шартномасининг муддати ҳам ошиб бораверади. Мазкур жараённинг сабаби профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик фаолиятидаги ижобий ўсишига, яъни уларнинг ижодий фаолиятига боғлиқдир.

Канаданинг кўплаб университетларида танланган профессор-ўқитувчилар билан улар эгаллаган лавозим учун бир умрлик шартнома тузилади ва бунда университет маъмуриятининг шундай шартнома тузган профессор-ўқитувчилар шартномасини бекор қилишга қонуний жиҳатдан ҳаққи бўлмайди. Бундай ҳуқуқ фақат ёши катта профессор-ўқитувчиларга тегишли бўлиб, ёш профессор-ўқитувчилар билан университет вақтинчалик, “қисқа муддатли” шартнома тузади. Сабаби, қачонки ёш профессор-ўқитувчи ўз илмий ишларини нуфузли журналларда чоп этса, университет ишларида фаол қатнашса ҳамда, энг асосийси, ўқув-педагогик маҳоратини мунтазам ошириб борсагина бундай даражага эришади. Лекин унгача маълум бир вақт талаб қилинади.

Таълим сифати юқори бўлган Буюк Британияда ҳам 1980 йиллардан бошлаб профессор-ўқитувчилар билан бир умрлик – муддатсиз меҳнат шартномаси тузиш қисман чекланган. Шунингдек, бундай амалиёт Австралия ва Европанинг кўплаб давлатлари олий таълим муассасаларида ҳам ҳозиргача жорий қилинмаган. МДҲ ва Осиёнинг айрим давлатларида ҳам одатда профессор-ўқитувчилар билан муддатли меҳнат шартномаси тузилади ва кейинги муддатда танлов асосида меҳнат шартномаси муддати узайтириб борилади.

Ривожланган давлатларнинг яна бир ютуғи шундаки, айниқса, Европа давлатларининг деярли барчасида иш берувчи ташкилот, олий таълим муассасаси номзодни суҳбат орқали ишга қабул қилади. Буюк Британияда олий таълим муассасалари сайтида бўш иш ўринлари саҳифаси мавжуд бўлиб, унда қайси факультет ёки кафедрага қандай мутахассис кераклиги, шунингдек, қайси тоифадаги мутахассислар мурожаат қилиши мумкинлиги, улар қандай талаблар асосида қабул қилиниши эълон қилиб борилади.

Кўрсатилган муддатда номзодлар талаб қилинган ҳужжатларни университет сайтида келтирилган почта манзилига жўнатади. Университет илмий котиби ёки тайинланган бошқа бирор масъул шахс олинган ҳужжатлар ичидан фақат энг яхши кўрсаткичга эга бўлган номзодларни саралаб олади ва улар учун интервью (инглизча interview) – суҳбат ўтказиш кунини маълум қилади. Белгиланган кунда бўш иш ўрни бўлган кафедранинг икки нафар профессори, университетнинг юристи, психологи, ректор ўринбосарлари (вице-ректор) ва бошқа масъул шахслар иштирокида суҳбат ўтказилади. Суҳбат жараёнида, ҳатто, суҳбатгача бўлган саралаш жараёнида ҳам асосий эътибор номзоднинг илмий ва услубий ишларига қаратилади. Суҳбатдан ижобий натижа олган номзод билан университет маъмурияти муддатли меҳнат шартномаси тузади.

Кўплаб Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари университетларида, жумладан, Малайзияда ҳам Европада бўлгани сингари номзодлар бўш иш ўринларига университет сайти орқали мурожаат қилади. Танлаб олинган номзодлар учун интервью икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда номзод бўш иш ўрни бўлган кафедра аъзолари суҳбатидан ўтади. Кейинги босқичда эса университет маъмурияти вакиллари – университет юристи, психологи, илмий ва маънавият ишлари бўйича ректор ўринбосарлари (вице-ректор) ва бошқа масъул шахслар иштирокида суҳбатдан ўтказилади. Мазкур босқичлардан яхши натижаларга эришган номзодлар билан университет маъмурияти ўртасида муддатли меҳнат шартномаси тузилади.

Олий таълим муассасаси ва профессор-ўқитувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномаси муддати тугагандан сўнг профессор-ўқитувчи билан университет ўртасида янги меҳнат шартномаси тузиш, амалдаги шартномани узайтириш ёки уни бекор қилиш университетнинг ўз ихтиёрида бўлади. Бу борада юртимиз олий таълим муассасаларига муддати кўрсатилган меҳнат шартномаси тузиш ёки тузмаслик бўйича ваколат берилиши лозим. Шундагина олий таълим муассасасига ишга кирмоқчи бўлган профессор-ўқитувчида юқори даражада масъулият пайдо бўлади. Шунингдек, муддатсиз шартномалар тузиш масаласи ўтиш даврини бошидан кечираётган Ўзбекистон олий таълим тизими учун ҳозирча мақбул вариант эмас.

Ҳозирги вақтда профессор-ўқитувчиларни олий таълим муассасасига ишга қабул қилиш дунёнинг турли давлатларида ҳар хил шаклда амалга оширилмоқда. Уларнинг баъзиларини мамлакатимиз олий таълим тизими амалиётига жорий этиш орқали бу борада ижобий натижаларга эришиш мумкин. Агар олий таълим муассасасига профессор-ўқитувчиларни анъанавий танлов асосида эмас, янгича тамойиллар асосида ишлаб чиқилган шартнома тузиш тартибида ишга қабул қилишга ўтилса, нима ўзгаради?

Биринчидан, ишга кираётган ёки ишини янги муддатда давом эттиришни истаётган профессор-ўқитувчи олий таълим муассасаси ва унинг раҳбарияти олдида зиммасига олаётган масъулиятни чуқур ҳис қилади ва катта жавобгарлик туйғуси билан лавозимини ижро этишга киришади.

Иккинчидан, ўз соҳаси ва таълим тизимидаги энг сўнгги материаллардан, маълумотлардан, ахборотлардан доимий равишда хабардор бўлишга интилади, улардан дарс жараёнида мунтазам фойдаланади, ҳамкасблари ва шогирдларидан ортда қолмасликка интилади.

Учинчидан, талабалар билимини баҳолашда нохолислик, таъмагирлик, адолатсизлик каби салбий ишлардан ўзини мутлақо тия оладиган бўлади.

Тўртинчидан, илмий салоҳиятини тинмай ошириб боришдан манфаатдор бўлгани туфайли ўз соҳасига доир илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланишни канда қилмайди, илмий ишларини мамлакатимиз ва дунёнинг нуфузли журналлари, нашриётларида мунтазам чоп этиб боради, илмий жамоатчилик орасида танилиб, ўз ўрнига эга бўлади.

Бешинчидан, миллий менталитетимиздан келиб чиққан ҳолда ўзининг маънавий-маърифий, ахлоқий фазилатларини мунтазам такомиллаштириб боради, ҳамкасблари, шогирдлари ўртасида намуна бўлишга интилади ва ҳоказо.

Энг муҳими, профессор-ўқитувчиларни олий таълим муассасасига ишга қабул қилишда улар бажарадиган вазифалардан келиб чиқиб такомиллаштирилган янги мезонлар ишлаб чиқилиши, профессор-ўқитувчи билан меҳнат шартномаси тузаётган университет ёки институт раҳбариятига амалдаги шартнома муддати тугагандан сўнг тегишли қонунлар асосида меҳнат шартномаси тузиш, шартнома муддатини узайтириш ёки қайта шартнома тузмаслик бўйича тўла ваколат берилиши лозим.

Мамлакатимиз таълим тизимида янги давр бошланяпти. Узоқ пайтлардан буён ҳукм суриб келган қатор яроқсиз “анъаналардан” воз кечиляпти. Олий таълим муассасасига ишга қабул қилиш борасида ҳам янги даврга мос тамойилларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш вақти етиб келди. Бу борада хорижий мамлакатларда эришилган тажрибалар бизга асқотиши мумкин.

Рустам ХОЛМУРОДОВ,

Самарқанд давлат университети ректори,

Мардон БОЛТАЕВ,

университет кенгаши илмий котиби.


10 008
ЎзА