ЎзА Ўзбек

16.04.2018 16:52 Чоп этиш версияси

Олимпиада ғолиблари келгусида халқаро фан танловларида иштирок этади

Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий йил 13-15 апрель кунлари илк бор ўтказилган инновацион олимпиаданинг якуний босқичи натижалари эълон қилинди.

Иқтидорли ўқувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, дўстона муносабатни мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантириш, уларнинг фанлар бўйича олган билимларини намоён этишига кенг имконият яратган олимпиада очиқ-ошкора ўтказилди.

Танловни адолатли, ошкора, шаффоф ташкил этиш, ўқувчилар билимини ҳаққоний баҳолашни таъминлаш учун олимпиаданинг барча босқичларида ташкилий қўмита, ҳайъат аъзоларининг фарзандлари, ўқувчилари ёки яқин қариндошлари иштирок этаётган бўлса, ушбу шахслар тегишли қарор асосида ташкилий қўмита ёки ҳакамлар ҳайъати аъзолари таркибидан чиқарилди.

Мазкур олимпиада тўрт босқичда ташкил этилиб, учинчи ҳудудий босқичда 100 баллик тизимдан 86 фоиздан юқори натижа кўрсатганларнинг барчаси республика босқичида иштирок этди. Шунингдек, тест синовлари онлайн тарзда электрон дастур ёрдамида ўтказилди.

Тасвирий санъат, физика, математика, Ўзбекистон тарихи, информатика ва ахборот технологиялари, биология, кимё фанларидан ўтказилган инновацион олимпиаданинг якуний босқичида жами 516 нафар ўқувчи ўзаро баҳслашди.

Мамлакатимизнинг етти ҳудудида бўлиб ўтган олимпиада якунида иштирокчилар ўзлари ташриф буюрган шаҳарлардаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва диққатга сазовор масканларни ҳам зиёрат қилди.

Олимпиадада 8-9-10-синф ўқувчилари учун алоҳида ўринлар белгиланди. Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

– Биология фанидан ўз билимимни синаб кўрдим, – дейди Чилонзор туманидаги 195-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Азиза Шоумарова. – Биринчи ўринни эгаллаш осон бўлмади. Рақиблар ҳам билимли, юксак салоҳиятли, кучли тайёргарликка эга экан. Англадимки, бундан буён ўз устимда янаям кўпроқ ишлашим керак.

Ғолиб ўқувчилар келгусида нуфузли халқаро миқёсда ўтказиладиган фан олимпиадаларида мамлакатимиз номидан иштирок этади.

Барно Мелиқулова, ЎзА
7 059