Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.09.2017 22:03 Чоп этиш версияси

Нодавлат таълим муассасалари фаолияти кенгаяди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси ташаббуси билан “Ўзбекистонда нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш истиқболлари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Президентимизнинг 2017 йил 15 сентябрдаги “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, бу борада партия ва мутасадди ташкилотлар олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари ўринбосари Ойбек Жумаев ва бошқалар мамлакатимизда таълим сифатини тубдан ошириш, интеллектуал, эстетик ва жисмоний баркамол авлодни шакллантиришни ҳамда ёшларга таълим беришни янги сифат даражасига кўтариш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мақсадларидан бири сифатида белгиланганлигини алоҳида таъкидлади.

Давра суҳбати иштирокчилари илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда мамлакатимизда нодавлат таълим муассасаларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, мамлакатимизда нодавлат таълим фаолияти “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонунга асосан лицензияланадиган фаолият сирасига киради. Бугунги кунда юртимизда 43 та нодавлат умумий ўрта таълим мактаби тегишли лицензияга эга.

Халқаро тажрибанинг кўрсатишича, нодавлат таълим фаолияти билан нафақат ихтисослаштирилган муассасалар, балки бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга мансуб юридик шахслар: хусусий корхоналар, масъулияти чекланган ҳамда акциядорлик жамиятлари, фонд, бирлашмалар ва бошқа ташкилотлар ҳам шуғулланади.

Мазкур қарор мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ва жойларда ижросини таъминлаш юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, мазкур қарор билан нодавлат таълим муассасаларига кредитлар ажратиш ҳамда аввал ажратилган кредитлар муддатини узайтириш, улар таълим ва унга тегишли хизматлар бўйича барча солиқ турлари тўловларидан 2021 йилгача озод этилаётгани шу соҳада иш бошлаган тадбиркорлик субъектлари учун кенг имтиёзларни тақдим этмоқда.

– Президентимиз томонидан мазкур қарорнинг қабул қилиниши биз тадбиркорларга катта имконият яратди, – дейди «Atlas education» нодавлат таълим муассаси раҳбари Адҳам Холиқов. – Ушбу имкониятлар асосида фаолиятимизни янада кенгайтиришимиз мумкин. Бу эса, давлат таълим муассасалари билан соғлом рақобат муҳитини шакллантиради. Қолаверса, таълим ва унга тегишли хизматларда барча солиқ тўловлари бўйича имтиёзлар белгиланди. Жорий этилаётган узоқ муддатли имтиёзли кредитлар таълим муассасаларини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш имконини беради.

Қарор нодавлат таълим муассасалари сектори кенгайиши, мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳридаги фуқаролар таълим хизматларидан фойдаланишда танлов имкониятига эга бўлиши, ёшларга муносиб таълим-тарбия бериш каби вазифаларни ўз зиммасига оладиган малакали хусусий тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Давра суҳбатида нодавлат таълим муассасалари фаолиятидаги долзарб масалалар, мактабгача таълимнинг хусусий секторидаги муаммолар ҳамда мазкур соҳа фаолиятини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
1 619






Все о погоде - Pogoda.uz