ЎзА Ўзбек

15.04.2019 18:46 Чоп этиш версияси

Мактабгача таълим вазири Хитойда ишчи ташриф билан бўлди

Мактабгача таълим вазири Хитойда ишчи ташриф билан бўлди

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасида ишчи ташриф билан бўлди.

Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда. Ушбу ташриф Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси таклифига кўра амалга оширилди ва унинг дастурига кўра делегация аъзолари Пекин ва Шанхайда бўлиб, мамлакатнинг расмий вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди.

Жумладан, делегация аъзолари ХХР ташқи ишлар вазирлигида бўлиб, вазир ўринбосари Чжан Ханьхуэй билан учрашди. Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасида мактабгача таълим соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ушбу тизимга Хитой инвестицияларини жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Шундан сўнг таълим вазирининг биринчи ўринбосари Сунь Яо билан ҳам учрашуви бўлиб ўтди. Унда таълим соҳасида тажриба алмашиш, Ўзбекистон мактабгача таълим соҳаси ходимлари учун Хитойда ўқув курслари ташкил этиш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Ўтган йили ўз фаолиятининг 35 йиллигини нишонлаган “Сун Цинлин жамғармаси” ХХРнинг нуфузли ташкилотларидан бири ҳисобланади. Ушбу фонд Хитойнинг таълим ва маданият марказларини ўзида бирлаштириб, халқаро миқёсда гуманитар фаолият олиб боради. Шу йўналишда хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, мустаҳкамлаш бўйиша марказларга кўмак кўрсатади. Делегация аъзолари ушбу жамғарма раҳбарияти билан учрашди, шунингдек, фонд қошидаги МТМ фаолияти билан яқиндан танишди.

А.Шин бошчилигидаги делегацияси Шанхай шаҳар вице-мэри Сью Кунлинь билан учрашди.

Шундан сўнг “Андерсен” халқаро мактабгача таълим муассасасига ҳам сафар уюштириб, унинг қошида ташкил этилган “Болалар учун хавфсиз ўйинчоқлар кўргазмаси” фаолияти билан яқиндан танишди. МТМ қошидаги “Андерсен эртаклари” боғи делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.

ЎзА
1 530