Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.09.2017 17:32 Чоп этиш версияси

Мактабгача таълим муассасалари фаолияти янада ривожланади

Пойтахтимиздаги Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институтида «Мактабгача таълим муассасаларида таълим жараёнининг сифати ва самарадорлигини такомиллаштириш: муаммо ва ечимлар» мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу каби ишлар кўламини янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлаётир.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган тадбирда БМТнинг халқаро болалар жамғармаси масъул ходимлари, мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари, илмий ходимлар, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда мактабгача таълимнинг ўз ечимини тўлиқ топмаган, долзарб муаммолари муҳокама этилди.

– Мактабгача таълим муассасаларида таълим жараёнининг сифатини такомиллаштиришга оид назарий-амалий ёндашувлар бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари С.Турғунов. – Фарзандларимиз замонавий таълим тамойиллари асосида тарбияланса, бу жараёнда тарбиячиларнинг касб вазифаларига бўлган масъулият ҳисси кучайтирилса, баркамол авлод тарбиясининг янада яхшиланишига, таълим сифати ва самарадорлигини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Болани мактабга тайёрлашнинг долзарб вазифалари, мактабгача таълим муассасаларининг оила, маҳалла билан ҳамкорлигини кенгайтириш имкониятлари, болаларнинг хорижий тилларга қизиқишини шакллантиришга доир мавзуларда маърузалар тингланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
3 292






Все о погоде - Pogoda.uz