ЎзА Ўзбек

01.06.2018 12:03 Чоп этиш версияси

Мактабгача таълим бўлимларига “Дамас” топширилди

Мактабгача таълим бўлимларига “Дамас” топширилди Самарқандда “Болажонлар дунёси” кўргазмаси ҳамда “Мен бўлажак тарбиячи” шиори остида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг касб маҳорати тақдимоти ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги, мактабгача таълим ва касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мактабгача таълим муассасалари учун мебель ва спорт инвентарлари, турли хил жиҳозлар, ўқув ва кўргазмали қуроллар, тарбияланувчиларга мўлжалланган адабиётлар кўргазмалари намойиш этилди. 

8.JPG

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов мактабгача таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, тарбияланувчиларга таълим-тарбия бериш, кадрлар билим ва малакасини ошириш борасида вилоятда олиб борилаётган ишларни таҳлил қилиб, галдаги вазифаларга тўхталди.

Вилоятдаги таъминотчи корхоналар боғчаларга етказиб бериши мумкин бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркасини ўтказиб, бу борадаги таклифларини билдирди. 

22.JPG

– Корхонамизда юз турдан ортиқ қаттиқ ва юмшоқ мебель, спорт инвентарлари ишлаб чиқарилади, – дейди Самарқанд туманидаги “Стеклопластик” масъулияти чекланган жамияти бош технологи Назира Муинова. – Бу маҳсулотларимиз халқаро сифат талабларига жавоб бериши ҳамда тарбияланувчиларнинг саломатлиги, жисмоний ва маънавий баркамол бўлиб ўсиши, хавфсизлиги ҳисобга олинган ҳолда тайёрланаётгани билан буюртмачиларга манзур бўлмоқда. Ҳозирда республикамизнинг бир қатор вилоятларига маҳсулотларимизни етказиб бермоқдамиз.

Тадбирда вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари мактабгача таълим йўналиши битирувчиларининг МТМ тарбияланувчилари билан ўқув-амалий касб маҳорати тақдимоти, кўргазмали мусиқий чиқишлари ва спорт ўйинлари намойиш этилди. Шунингдек, битирувчилар томонидан мактабгача таълим муассасалари учун тикув ва трикотаж буюмлари тайёрлаш, озиқ-овқат технологияси, ошпазлик, ҳамширалик иши бўйича тақдимотлар ўтказилди. 

21.JPG

– Бугунги кунда коллежимизда мактабгача таълим муассасалари тарбиячиси мутахассислиги бўйича 800 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда, – дейди Самарқанд педагогика коллежи директори ўринбосари Шерзод Дўстмуҳаммедов. – Бу йил уларнинг 300 нафарга яқини ўқишни тамомлаб, иш фаолиятини бошлайди. Бунинг учун битирувчилар ва иш берувчилар ўртасида шартномалар тузилган. Мазкур тадбир ёш мутахассисларимизнинг коллежда олган билим ва кўникмаларини намоён этиб, касб маҳоратини қанчалик эгаллаганини кўрсатиш учун қулай имконият бўлди.

Кўргазма доирасида туман, шаҳар мактабгача таълим бўлимлари эксплуатация хизматларига 23 махсус “Дамас” автомашинаси топширилди. Ушбу транспорт воситалари орқали ҳудудлардаги мактабгача таълим муассасаларида коммунал соҳа бўйича таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилади. Бунинг учун мазкур хизматга касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ишга қабул қилинади.

Самарқанд педагогика коллежи, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасалари бадиий жамоаларининг концерт дастури тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА
5 833