Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.07.2017 16:37 Чоп этиш версияси

Коллежда ихтиолог мутахассислар тайёрланади

Президентимизнинг 2017 йил 1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Жиззах вилоятидаги Арнасой транспорт ва қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб ихтиолог (балиқчилик) йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Мамлакатимиздаги энг йирик табиий сув ҳавзаларидан бўлган Айдар-Арнасой кўллари тизимининг 207 минг гектари Жиззах вилояти ҳудудига тўғри келади. Кейинги йилларда ушбу кўллар тизимидаги сув ҳавзаларида балиқчилик хўжаликлари сони кўпайиб, балиқ овлаш ҳажми ортаётир.

Кўллар тизимининг Жиззах вилояти ҳудудидаги сув юзасининг 176 минг гектарини 100 дан зиёд балиқчилик хўжалиги ижарага олган. Йилига ўртача 7-8 минг тонна балиқ овланади.

Айдар-Арнасой кўлларида балиқчиликни ривожлантириш билан бирга, экологик мувозанатни сақлаш, табиий ресурслардан тўғри ва тежамкорлик билан фойдаланиш балиқчилик соҳаси мутахассисларига бўлган талабни оширмоқда. Президентимизнинг жорий йил 1 майдаги "Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида Айдар-Арнасой кўллари тизимидан янада самарали фойдаланиш, балиқ етиштириш, овлаш ва қайта ишлашни кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш билан бирга, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда қарорда Тошкент давлат аграр университетида балиқчилик факультети, Арнасой транспорт ва қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида ихтиолог йўналишини ташкил этиш белгиланган.

Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида кадрлар, шунингдек, балиқчилик тармоғи учун илмий тадқиқотчилар, ихтиолог мутахассислар тайёрлашнинг ўқув режаси ва дастурларини такомиллаштириш, янгилаш, кадрлар малакасини оширишни ташкил этиш бўйича қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун Арнасой транспорт ва қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг моддий-техник имкониятлари етарли.

2008 йилда ташкил этилган коллеж 450 ўринли замонавий ўқув биноси ва 50 ўринли ётоқхонага эга. Коллежда 3 йўналишда мутахассислар тайёрланади. 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб коллеж базасида балиқчилик тармоғи учун кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш билан бирга, таълим жараёнида ҳам жиддий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Янги йўналишда мутахассислар тайёрлаш Тошкент давлат аграр университети билан ҳамкорликда олиб борилаётир.

– Қарор асосида 2017-2018 ўқув йилида коллежимизга ихтиолог мутахассислиги бўйича 30 ўқувчи қабул қилинади, – дейди Арнасой транспорт ва қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи директори А.Шарипов. – Балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш, аҳолини юқори сифатли парҳез маҳсулот билан таъминлаш мақсадида махсус маълумотга эга кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
4 657






Все о погоде - Pogoda.uz