Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2017 18:24 Чоп этиш версияси

Хорижий тилларни ўқитиш такомиллаштирилмоқда

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги Чет тилларини ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий марказида инглиз тили ўқитувчилари учун жорий этилган “Presett” дастури асосида чет тиллари бўйича билимларни оғзаки ва ёзма баҳолаш тизимига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Тадбир Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилди. Мазкур ҳужжат узлуксиз таълимнинг барча босқичларида хорижий тилларни ўқитишни янги даражага кўтаришга қаратилган бўлиб, унда ихтисослик бўйича фанларни чет тилида ўқитишни таъминлаш вазифаси белгиланди. Бу эса ўқитувчилар зиммасига янги талаб ва вазифалар юклайди.

Семинар-тренингда тажрибали экспертлар, етакчи тилшунос мутахассислар, юртимиз олий ўқув юртларининг 90 дан зиёд инглиз тили ўқитувчиси ва кафедра мудирлари иштирок этди.

“Presett” ўқув дастури Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети мутахассислари ва Британия Кенгаши ҳамкорлигида ишлаб чиқилган бўлиб, тил кўникмаларини ривожлантириш ва инглиз тилини ўқитишнинг янги услубларидан фойдаланишда қўл келади.

Тадбирда тилнинг алоҳида кўникмаларини (ўқиш, ёзиш, оғзаки нутқ, тинглаш) самарали баҳолаш, мамлакатимиз олий таълим муассасаларида чет тилларини ўқитиш сифатини яхшилаш, халқаро тажрибани ўрганиш, ўқув дастурларини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш масалалари муҳокама этилди, ўқитувчилар “Presett” ўқув дастури бўйича ўқитиш бўйича замонавий услуб ва технологиялар билан таништирилди.

Виктория Лямкина, ЎзА
3 422






Все о погоде - Pogoda.uz