Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2017 16:57 Чоп этиш версияси

1 август куни мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларида тест синовлари бўлиб ўтди

1 август куни мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларида тест синовлари бўлиб ўтди
Президентимизнинг 2017 йил 5 майдаги "2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ жорий ўқув йилида талаба бўлиш истагидаги ёшлар учун бир қатор имконият ва қулайликлар назарда тутилган. Қарорга кўра Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота бакалаврлар учун аввалги йилларга нисбатан анча кўп – 66 минг 316 нафар этиб белгиланди. 

Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимида 100, Навоий давлат кончилик институтида тўлов-контракт асосида 90 ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтида тўлов-контракт асосида 80 бакалавр тайёрланиши кўзда тутилган.

Ҳаётнинг барча жабҳаларига илғор технологиялар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари изчил жорий этилмоқда. Тошкент ахборот технологиялари университети IT соҳаси учун олий маълумотли кадрлар тайёрловчи асосий олий таълим муассасаси саналади. Бу ерга бакалавр йўналишида ахборот хавфсизлиги соҳалари бўйича, компьютер инжиниринг, дастурий инжиниринг, телекоммуникация технологиялари, телевизион технологиялар, АКТда иқтисодиёт ва менежмент, касб таълими, почта алоқаси технологияси, ахборотшунослик ва кутубхонашунослик йўналишлари бўйича абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинган. Махсус сиртқи бўлимга ҳам қатор йўналишлар бўйича қабул амалга оширилади.

Бу йил мазкур олий таълим муассасасида ҳужжат топшириш жараёнида ёшларнинг биометрик паспорт маълумотлари ва бармоқ излари сканери текшируви асосида абитуриентларнинг маълумотлар базаси яратилгани тестга кириш жараёнидаги турли қаллобликларнинг олдини олиш, ҳаққонийлик ва холисликни таъминлашга хизмат қилди. Яна бир жиҳат – бу йил ўқув биносига кираверишда абитуриентларнинг турли "ихтиролари" – шпаргалкалар, қўлбола қўлланмалар, конспект ва дафтарлар уюми йўқ. Демак, ёшлар тестга алоҳида масъулият билан жиддий ёндашган.

– Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, мобиль алоқа соҳаси ёшлар энг кўп қизиқадиган йўналиш, – дейди тошкентлик Суръат Исломов. – Фарзандим ушбу университетга ҳужжат топширди. Бу йил жорий этилган янгиликлар учраши эҳтимоли бўлган қонунбузарликларнинг олдини олишига шубҳамиз йўқ. Ушбу технологияларнинг жорий этилаётгани тест синовлари том маънода холис бўлишига хизмат қилади.

2 (5).JPG

Президентимизнинг Чирчиқ шаҳрида педагогика йўналишидаги олий таълим муассасасини ташкил этишга оид қарори қабул қилингани ўқитувчилик касбига бўлган юксак эътиборнинг амалий ифодасидир.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети абитуриентлар кўп ҳужжат топширадиган ўқув масканларидан бири. Университет қабул комиссияси масъул котиби Нусратилла Алимқуловнинг айтишича, жорий ўқув йилида талаба бўлиш истагидаги ёшлардан 16 минг 580 ҳужжат келиб тушган. Белгиланган қабул режаси бўйича 1 минг 125 йигит-қиз талабаликка қабул қилинади. Жорий ўқув йилида корейс филологияси, қозоқ тили ва адабиёти каби янги йўналишлар ташкил этилган. Айни пайтда бошланғич таълим ва спорт-тарбиявий иш, мактабгача таълим, педагогика ва психология, инглиз тили таълим йўналишларига ёшларнинг қизиқиши катта.

– Қизим Мухлиса бошланғич таълим йўналишига ҳужжат топширди, – дейди сурхондарёлик Муҳаббат Боймирзаева. – Ўқитувчилик касби шарафли саналиши билан бирга, масъулияти катта бўлган касблардан. Тест синовларига жиддий тайёргарлик кўрилгани ҳужжат топширишдан синовларга қадар барча жараёнда яққол намоён бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази маълумотига кўра, жорий йилда мамлакатимиз олий таълим муассасаларига 729 минг 947 абитуриент ҳужжат топширган. Бу 1 ўринга ўртача 10,9 абитуриентни ташкил этади.

Ҳужжат топшириш бўйича энг юқори кўрсаткич Сурхондарё вилоятида кузатилди. Ушбу вилоятда 48 минг 713 ёшлар олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган. Термиз давлат университети 36 минг 546 абитуриентдан ҳужжат қабул қилиб, мамлакатимиз олий таълим муассасалари ўртасида етакчи ўринни эгаллади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда тест синовлари ўтадиган 1 минг 80 бино, 21 минг 765 аудитория тайёрланди. Тест синовларининг ҳаққоний, қатъий назорат остида ўтишини таъминлаш мақсадида 86 минг 288 педагог бино, қават, аудитория назоратчилари сифатида жалб этилди.

4 (9).JPG

Давлат тест маркази томонидан ушбу педагог-ходимлар учун тест синовларини юқори савияда, адолатли, очиқ ўтказиш мақсадида амалий семинарлар ташкил этилди.

Тошкент тиббиёт академияси даволаш иши, тиббий педагогика, тиббий профилактика, олий ҳамширалик иши ва тиббий биология йўналишларида малакали мутахассислар тайёрлайди. Бу йил академияга 9 минг 300 дан зиёд абитуриент ҳужжат топширган. Ўтган йили бу кўрсаткич 5 минг 36 йигит-қизни ташкил этган эди. Абитуриентлардан энг кўп ҳужжатлар даволаш иши факультетига қабул қилинган бўлиб, 5 минг 300 ёшлар ушбу йўналишда таҳсил олиш истагини билдирган.

– 2017/2018 ўқув йилида қатор янгиликлар жорий этилмоқда, –дейди Тошкент тиббиёт академияси проректори Турдиқул Бобомуродов. – Янги ўқув йилидан эътиборан даволаш иши ва тиббий педагогика факультетларида бакалаврлар учун ўқиш муддати 6 йил, тиббий профилактика факультетида 5 йил, тиббий биология факультетида 4 йил, олий ҳамширалик иши факультетида 3 йил этиб белгиланди. Магистратура босқичида янги – атроф-муҳит ва инсон саломатлиги йўналиши ташкил этилди. Мақсадли қабул квоталари бўйича Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган ва Фарғона вилоятларидан 5 мингга яқин абитуриентдан ҳужжат қабул қилинди. Бу соҳага малакали тиббиёт ходимларини етказиб бериш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Олий таълим муассасасида имтиҳонларга юқори савияда тайёргарлик кўрилди. Тест синовлари барча зарур қулайликларга эга 6 бинода ўтказилди. Абитуриентларнинг ота-оналари, уларни қўллаб-қувватлаш учун келган яқинлари учун кутиш жойлари ҳозирланиб, салқин ичимликлар сотуви йўлга қўйилди, ош дамланиб, тамаддихоналар ҳозирланди.

Тест саволлари тўплами соат 5:00 да имтиҳон ўтадиган биноларга етказилди. Имтиҳонларнинг адолат мезонлари асосида ҳаққоний ўтиши мақсадида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қатъий назорат ўрнатилди. Улар абитуриентлар шахсини, аудиторияга олиб кириши тақиқланган буюмларни диққат билан текшириб борди. Биноларга ва аудиторияларга кириб-чиқиш видеоназоратга олинди. Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларидан жалб этилган 900 га яқин ўқитувчи аудитория раҳбари ва кузатувчи сифатида тест жараёни ошкоралигини таъминлаб борди.

– Президентимизнинг қарори билан Тошкент тиббиёт академиясида вилоятлар учун қўшимча қабул квоталари ажратилгани биз учун айни муддао бўлди, – дейди сурхондарёлик Дилором Шофайзиева. – Набирам бу йил Термиз тиббиёт коллежини тамомлаб, даволаш иши факультетига ҳужжат топширди. Тўғриси, дастлаб ҳужжат топширишга келаётганимизда бироз ҳадик бор эди. Ортиқча оворагарчиликсиз, тезда ҳужжатларни қабул қилишди, ходимларнинг муомаласи, ёшларга, ота-оналарга яратилган шароитларни кўриб кўнглимиз кўтарилди.

Тест синовлари Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида ҳам юқори савияда ташкил этилди. Университет проректори Орифжон Зариповнинг айтишича, университетда муҳандислик тизимлари, муҳандислик-физика, машинасозлик технологиялари, энергетика, муҳандислик геологияси ва кончилик иши факультетларидаги жами 39 бакалавриат таълим йўналиши бўйича 17 мингдан ортиқ абитуриентдан ҳужжатлар қабул қилинди. Улар орасида 1 абитуриент – танлов ғолиби, 254 ҳарбий имтиёзга эга абитуриент бўлиб, 2 минг 455 ёш талабалик бахтига муяссар бўлади.

– Ангрен кўмир-саноат касб-ҳунар коллежини тугатиб, университетнинг энергетика, муҳандислик геологияси ва кончилик иши факультетига ҳужжат топширдим, – дейди Ҳасанбек Абдуманнопов. – Тест синовлари юқори савияда ташкил этилди. Бизга зарур барча шароитлар яратилди. Ҳеч қандай ноқонуний ҳаракатларга гувоҳ бўлмадик.

Мамлакатимизда йўлсозлик ва автомобилсозлик соҳаларига янги технологияларни жорий этиш, ёш кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга катта эътибор қаратилгани бугун ўзининг юксак самараларини бермоқда.

Биринчи Президентимизнинг 2016 йил 26 августдаги «Автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш соҳасида кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Тошкент автомобиль-йўллар институти Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институти этиб қайта ташкил этилди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ институтда «Касбий таълим (автомобиль йўллари, кўприклар, туннеллар, йўл ўтказгичлар ва аэродромлар қурилиши)», «Автомобиль транспорти, йўл-қурилиш машиналари ва жиҳозларининг эксплуатацияси», «Транспорт иншоотларининг эксплуатацияси (транспорт иншоотларининг турлари бўйича)», «Қиймат инжиниринги», «Автомобиль йўллари, кўприклар, туннеллар, йўл ўтказгичлар ва аэродромларни лойиҳалаш ва қуриш», «Шаҳар йўллари ва кўчалари мутахассиси», «Транспорт логистикаси (автомобиль транспорти)» каби етти йўналишда бакалаврлар тайёрланмоқда.

– Барча йўналишлар бўйича ажратилган 770 ўринга 5 минг 470 га яқин абитуриентдан ҳужжат қабул қилинди, – дейди институт қабул комиссияси масъул котиби Анвар Назаров. – Ёшларимизнинг соҳага қизиқиш билдираётганини кўриб, «Яхши йўлда йўлдош кўп» деган пурмаъно нақл ёдга тушади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, «2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан муассасамизда янги лойиҳалар, таълим сифатини янги босқичга кўтаришда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Тест синовларинининг адолатли, очиқ ўтиши, имтиҳонда абитуриентга қулайликлар яратиш мақсадида 163 аудитория белгиланган талаблар доирасида тўлиқ жиҳозланди. Абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинлари учун зарур шароитлар яратилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда соя салқин жойларга ўриндиқлар ўрнатилиб, салқин ичимлик ва егуликлар савдоси йўлга қўйилди.

– Навоий шаҳридаги 1-академик лицейни тамомладим, – дейди карманалик Тоҳирбек Ширинов. – Мамлакатимизнинг қаерига борманг, бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз, бу қурилишларда кенг ва равон йўллар, халқаро талабларга тўлиқ жавоб берувчи кўприкларнинг ўз ўрни бор. Мен ҳам йўл қурилишига қизиққаним сабабли Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институтининг «Транспорт логистикаси (автомобиль транспорти)» йўналишида ўқишни мақсад қилдим. Мана, ҳозиргина тест топшириб чиқдим. Аксарият саволларнинг жавобини топишда қийналмадим, чунки лицейимизда барча фанлар чуқур ўргатилади.

Мамлакатимиз олий таълим муассасаларида қишлоқ хўжалигини механизациялаш, мелиорация ва сув хўжалиги, гидротехника иншоотларидан фойдаланиш, қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқларининг бошқа йўналишлари бўйича мутахассисларни тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатларда соҳага ихтисослашган олий таълим муассасаларининг ўз ўрни бор.

Соҳанинг янада тараққий этиши учун тегишли вазирлик, тармоқ корхоналари ва ихтисослашган олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ўртасида узвий боғлиқлик муҳим омил саналади. Шундан келиб чиқиб, аграр тармоқлар учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан ошириш, ихтисослашган олий таълим муассасаларининг моддий-техник базаси ва илмий-техник салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, илмий-педагог кадрлар ва мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлашни ташкил этиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг “Қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқлари учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра Тошкент ирригация ва мелиорация институти Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига айлантирилди.

Жорий йил мазкур институтга бакалавриатнинг 25 таълим йўналиши бўйича 1 минг 805 ўринга 11 минг 600 дан ортиқ абитуриентдан ҳужжат қабул қилинган.

Институт қабул комиссияси масъул котиби Абдураҳим Бердишевнинг айтишича, тест жараёнларининг белгиланган меъёрлар асосида ўтишини таъминлаш учун 290 аудитория ҳозирланиб, кузатув камералари ўрнатилди. Натижада кўплаб ота-оналар, абитуриентларнинг яқинлари тест жараёнини кутиш майдонларига ўрнатилган мониторлар орқали тўғридан-тўғри кузатиш имкониятига эга бўлди.

Тошкент кимё-технология институтида ҳам бу йилги қабул учун янги қадамлар қўйилди. 2017/2018 ўқув йилида бакалавриат босқичи учун 840, магистратура босқичида 181 нафар мақсадли кадрлар тайёрлаш квоталари ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ахборот хизмати маълумотларига кўра, ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ва тегишли тавсияномага эга бўлган фуқароларга мамлакатимизнинг барча олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижалари бўйича тўплаган баллининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз берилади.

Шиддат билан кечаётган янгиланиш жараёнлари таълим-тарбия, маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бу ёшларга бўлган эътибор ва ғамхўрликни тобора кучайтириш, жамият ҳаётининг турли соҳалари учун билимли, юқори салоҳиятга эга кадрларни тайёрлаш, барча жабҳаларни замон талабига мос тарзда ривожлантиришда ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиши шубҳасиздир.

Назокат Усмонова, Улуғбек Асроров, Икром Аввалбоев, Ёлқин Шамсиддинов, Отабек Мирсоатов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
8 988






Все о погоде - Pogoda.uz