Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2018 14:40 Чоп этиш версияси

Исроиллик профессор-ўқитувчилар Тошкентда

Исроил давлатининг Холон технология институти профессор-ўқитувчиларидан иборат делегация Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрди.

Меҳмонлар университетнинг физика, математика, биология, кимё факультетларида талабаларга маърузалар ўқийди ва ҳамкорликда давра суҳбатлари, илмий-амалий анжуманлар ўтказади.

Ўтган йил октябрь ойида ЎзМУда ўтказилган «Математика ва физиканинг долзарб масалалари» мавзусидаги халқаро илмий анжуман Исроил – Ўзбекистон таълим тизимидаги ҳамкорлик учун муҳим пойдевор бўлди. Ҳамкорлик алоқалари шу йил 13-20 февраль кунлари Ўзбекистон Миллий университети бир гуруҳ академик ва профессор-ўқитувчилари Исроилнинг бир нечта олий ўқув юртларига ташрифи давомида ўтказган қатор илмий-амалий анжуманлардан сўнг янада мустаҳкамланди.

Делегация аъзолари Холон технология институтининг президенти Эдуард Яковнинг самимий саломини етказиб, у 50 йил олдин Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультетини тугатганини доимо фахр билан эслашини алоҳида таъкидлашди.

Физика факультетининг катта аудиториясида талабалар Холон технология институти инновация маркази раҳбари Яков Даматов, илм-фан факультети лектори Майкл Кипер ва магистратура бўлими бошлиғи Борис Лембриковнинг турли мавзулардаги қизиқарли маърузаларини тинглади. Исроиллик олимлар талабаларнинг саволларига атрофлича жавоб беришар экан, ўзбекистонлик ёшларнинг илм-фанга қизиқиши, билим даражасини юқори баҳолади.

Амалий машғулотлар давомида физика факультети лабораториялари ва юқори технологиялар маркази исроиллик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

И.Аҳатова, ЎзА
6 939