Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

26.09.2017 12:12 Чоп этиш версияси

Ирода опанинг мароқли дарслари

Ирода опанинг мароқли дарслари Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги 4-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари аниқ фанларни чуқур ўзлаштириш билан бирга, чет тилини ҳам пухта ўрганмоқда. Биринчи синф ўқувчиларининг ҳам инглиз тилида бинойидек сўзлашлари завқингизни оширади.

Бунда инглиз тили ўқитувчиси Иродахон Улуғбекованинг алоҳида хизматлари бор. Ўқувчилар Ирода муаллиманинг дарсини интиқ кутишади. Ҳар бир мавзу интерфаол усулда ва қизиқарли тарзда, ўқувчилар фаоллиги билан ўтади.

Чет тилларни ўрганиш замонавий таълим тизимининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Бу жаҳон цивилизацияси ютуқларини ўрганиш имкониятини оширади, боланинг дунёқарашини кенгайтиради, келажак учун пухта замин ҳозирлайди.

7.JPG

Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўғил-қизларимизнинг хорижий тилларни пухта ўзлаштириши ва ўз салоҳиятини намойиш этишида муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Умрини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаётган И.Улуғбекова 21 йилдирки, инглиз тилидан ўқувчиларига сабоқ бериб келмоқда. Мактаб ўқувчиларининг туман, вилоят ва мамлакат миқёсида ўтказиладиган билимлар беллашувида фаол иштирок этишида ҳам унинг меҳнати катта. Муаллима ҳар бир дарсга пухта тайёргарлик кўради. Ўқувчиларининг инглиз тилини тез ва пухта ўрганишлари учун янги педагогик технологиялардан самарали фойдаланади. Таълим муассасасида чет тили хоналари замонавий мультимедиа воситалари, кўргазмали қуроллар, компьютер технологиялари билан жиҳозланган.

– Чет тилини ўрганиш боланинг дунёқарашини кенгайтириб, фикрини эркин баён қилиш имкониятларини ривожлантиради, – дейди И.Улуғбекова. – Бунда мактаб таълимининг ўрни бениҳоя катта. Негаки, айнан шу босқичда бола илк бор чет тили билан танишади, дастлабки билим ва грамматикани ўзлаштиради. Мактабимизда ҳам ўқувчиларнинг инглиз тилига қизиқиши ниҳоятда кучли. Бошланғич синф ўқувчиларига инглиз тилидан сабоқ бериш янада мароқли.

11.JPG

Мактаб ўқувчилари инглиз тилидан фан олимпиадалари ҳамда билимлар беллашувининг вилоят ва мамлакат босқичида доимо фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Ўтган йили мактаб ўқувчилари “Инглиз тили билимдонлари” интеллектуал мусобақасининг вилоят босқичида иккинчи ўринни эгаллади.

Ирода Улуғбекова тренер сифатида тумандаги инглиз тили ўқитувчиларига ҳафтанинг жума куни малака ошириш курслари ташкил этган. Айни кунларда у инглиз тилидан диктантлар тўпламини тайёрлаш борасида ҳам иш олиб бормоқда.

Мамлакатимизда Ирода опа сингари жонкуяр устозлар меҳнати муносиб рағбатлантирилмоқда. 2015 йилда Президентимиз фармонига мувофиқ, И.Улуғбекова Ўқитувчи ва мураббийлар куни олдидан “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
2 724






Все о погоде - Pogoda.uz