ЎзА Ўзбек

14.08.2019 11:52 Чоп этиш версияси

Филология факультетларига ўқишга қабул қилишда ижодий имтиҳон керак...ми?

Филология факультетларига ўқишга қабул қилишда ижодий имтиҳон керак...ми?

Нуқтаи назар

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ёзма саводхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг ўзбек тилига қизиқиши ва ҳурматини ошириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан, десак, хато қилмаган бўламиз. Албатта, бу ўринда ёзма саводхонлик масаласига алоҳида эътибор талаб этилади. 

Кейинги пайтларда юртимиз олий ўқув юртларида филологлар, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларини тайёрлашга муҳим эътибор қаратилмоқда. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилгани ҳам улуғ бобомиз хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш билан бирга, она тилимиз, маънавиятимиз, миллий адабиётимизни янада ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди.

Айни пайтда баъзи бир муаммолар ҳам борки, уни зинҳор эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Бугунги кунда ўзбек филологияси факультетларини битираётган ёшларнинг барчаси ҳам талабга жавоб берадими? Уларнинг хат-саводи қандай? Афсуски, ҳозир аксарият ўқитувчилар фаолиятида нутқ ва ёзма саводхонлик билан боғлиқ қатор муаммоларга дуч келинмоқда. Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, мазкур факультетларда таҳсил олаётган айрим талабалар оддийгина матнда ҳам кўплаб имловий хатоларга йўл қўяди. Бошқа хатолар ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади. Нега шундай?

Чунки олий ўқув юртларига ёшлар тест синовлари асосида ўқишга қабул қилинмоқда. Албатта, тест - адолат мезони. Айниқса, бу йилгиси жуда шаффоф ўтди, ота-оналар фарзандининг қандай имтиҳон топшираётганини бевосита кузатди, билимига ўзи ишонч ҳосил қилди. Айни пайтда айрим мутахассисликларга ўқишга қабул қилишда тест синовлари билан бирга ижодий имтиҳонлар олинишини ҳам яхши биламиз. Бу кўп ҳолларда куцтилган натижани бермоқда ҳам. Аммо филология, хусусан, ўзбек тили ва адабиёти йўналишига ўқишга қабул қилишда бу тамойил негадир йўлга қўйилмаган. Натижада эса талабаларнинг ёзма саводхонлик ва нутқ маданияти кун тартибидаги долзарб масала бўлиб қолаётир. Ёзма саводхонликда нўноқ бўлган талаба эртага қандай қилиб ёш авлодга она тилидан сабоқ беради? Нутқ маданияти ўзида бўлмаган муаллим ёшларга буни қандай ўргатади?

Бир қатор олимлар ва мутахассислар ҳам матбуотда бу ҳақда чиқишлар қилиб келмоқда. Аммо мутасаддилар бу масалага негадир етарлича эътибор қаратмаяпти. Она тили ва адабиёт таълимини такомиллаштириш масаласига бепарволик билан қараб бўлмайди.

Бинобарин, филология факультетларига қабул жараёнида ижодий ёзма иш ва суҳбатни йўлга қўйиш масаласини ўйлаб кўриш вақти келмадимикан? Сиз бунга нима дейсиз, муҳтарам ўқувчи?

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, ЎзА мухбири
2 666