Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2017 14:30 Чоп этиш версияси

Фанлар олимпиадаси – иқтидорлар учун имконият

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон Республикаси истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш Улуғбек жамғармаси билан ҳамкорликда фанлар олимпиадаси ўтказилди.

Ўзбекистон Миллий университети маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Д.Жумабоев ва бошқалар мамлакатимизда истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларнинг изланиши, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш учун зарур шароит ва имкониятларга жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 мартдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида таълимнинг ушбу тизимида ўқитиш ва тарбия сифатини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан ўтказилаётган олимпиадада умумтаълим мактабларининг битирувчи синф ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими масканларининг ўқувчилари математика, физика, биология, кимё фанлари бўйича ўз билимларини синаб кўради.

Университет олимпиадаси апрель ойида ҳудудлар кесимида қуйидаги тартибда ўтказилди: Самарқанд давлат университетида Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятлари, Қарши давлат университетида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари, Қўқон давлат педагогика институтида Наманган, Андижон, Фарғона вилоятлари ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Миллий университетида эса пойтахтимиз, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ёшлари қатнашди.

Май ойида Урганч давлат университети ҳамда Қорақалпоқ давлат университетида шу каби интеллектуал беллашувларни ўтказиш кўзда тутилган.

– Ушбу билимлар синовига интернетдаги тегишли сайт орқали эълон берилган эди, – дейди ЎзМУ қошидаги С.Сирожиддинов номли академик лицей директори Қаҳрамон Ибодуллаев. – Мазкур олимпиаданинг афзаллик жиҳати шундаки, унда истаган ўқувчи ўзининг математика, физика, биология, кимё фанлари бўйича билимларини синовдан ўтказиш имконига эга.

Иштирокчиларнинг билими умумий ўрта ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқувчилари учун ўқув дастурлари доирасида олимпиада даражасидаги мураккабликда бўлган масалалар ёрдамида аниқланди. Юқори натижа кўрсатган ўқувчилар етук математиклар, профессор-ўқитувчилар ўтказадиган ёзги маҳорат мактабидаги машғулотларда иштирок этиш учун таклиф этилади. Ғолиблар университет сайтида эълон қилинади.

Назокат Усмонова, ЎзА
5 516






Все о погоде - Pogoda.uz