ЎзА Ўзбек

10.06.2019 Чоп этиш версияси

Энди белгиланган мактабларга қабул асосий – бепул ва қўшимча – пулли квотага ажратилади

Энди белгиланган мактабларга қабул асосий – бепул ва қўшимча – пулли квотага ажратилади

“Тараққиёт стратегияси” марказида Давлат хизматлари агентлиги томонидан болаларни давлат мактабларига қабул қилиш ва олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш тартибидаги янгиликларга бағишланган брифинг ташкил этилди ва ОАВ ходимлари тизимга оид энг сўнгги тартиблар, ўзгаришлардан хабардор қилинди. 

Янгиликлар бисёр

Таъкидланишича, 2019/2020 ўқув йили учун болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига 1-синфга қабул қилиш 2019 йил 15 июндан бошлаб Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали босқичма-босқич жорий этилади.

Тасдиқланган маъмурий регламентга асосан, регламент талаблари қуйидаги умумтаълим муассасаларига нисбатан қўлланилади:

- бошланғич мактаб; 

- умумий ўрта таълим мактаби; 

- айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб (ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ва мактаб-интернатларига, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари бундан мустасно).

– Жорий йил Тошкент шаҳрида 46806 нафар бола биринчи синфга қабул қилиши режалаштирилган, – дейди Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси бўлим бошлиғи Баҳром Бакиев. – Пойтахтда 287 та умумий ўрта таълим мактаб фаолият юритади, бундан ташқари, мактаб ва ёрдамчи интернатларни ҳам қўшсак, улар сони 303 тага етади. Тегишли қарорга мувофиқ 81 та умумий ўрта таълим мактаби эксперимент сифатида танлаб олинган. Шаҳар марказида жойлашганлиги, ота-оналарнинг талаби юқорилари, Тошкент вилоятига яқинроқ ҳудуддаги мактабларни ҳам танлаб олдик. Мактабларга қабул микроҳудудлар (туман ҳокимликлари) орқали амалга оширилади. Яъни микроҳудуддаги болалар сони ҳисобга олинади. 

Танлаб олинган мактабларга қабул асосий ва қўшимча квота асосида ташкил этилади

Мактабларга қабул квотаси асосий ва қўшимча квота турларига ажратилади.

Асосий квота — туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларнинг фарзандлари, отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сонини (кейинги ўринларда асосий квота деб аталади) инобатга олган ҳолда шакллантирилади;

photo5472326494962428632.jpg

Қўшимча квота — умумтаълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб, микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги, микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган (тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган), шунингдек, умумтаълим муассасаларида таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун ажратилади.

Буюртма умумтаълим мактабларининг ўз имкониятидан келиб чиқиб берилади. 

Болаларни умумтаълим муассасаларига асосий квота бўйича қабул ҳар йили 15 июндан 31 августга қадар амалга оширилади.

Умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудуд бўйича тегишли йилнинг 31 декабрига қадар 7 ёшга тўладиган болалар қабул қилинади.

Болаларни умумтаълим муассасаларига қўшимча квота бўйича қабул ҳар йили 15 июндан 31 августга қадар амалга оширилади.

Қўшимча квота учун ота-она пул тўлайди

Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси бўлим бошлиғи Баҳром Бакиевнинг айтишича, белгиланган тартибга мувофиқ қўшимча квота учун энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик тўлов пули тўланади, яъни ота-она фарзандини ўз микроҳудудингиздаги эмас, бошқа ерда жойлашган мактабда ўқишини истаса, ана шу миқдордаги пулни тўлайди. Қўшимча квоталарни олиш кузатув кенгашлари томонидан муҳокамага киритилади. Ҳар бир синфда болалар сони 35 нафардан ошмаслиги лозим.

Нима сабабдан қўшимча квота учун энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик тўлов пули тўланиш тартиби белгиланди? Бу суммани белгилашда аҳоли фикри қай даражада ўрганилди? Қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилдими, ота-оналардан эътироз бўлмадими, каби саволларга Б.Бакиев қуйидагича жавоб берди:

– Ёзилмаган қонун-қоидалар кўп, буни биласизлар. Эксперимент сифатида танлаб олинган пойтахтимиздаги 81 та мактабнинг жойлашган жойи, белгиланган талабдан келиб чиқиб ва турли хил қинғир ишларни, коррупциянинг олдини олиш мақсадида қарорда 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик тўлов пули белгиланди. Очиғини айтиш керак, авваллари коррупция ҳолатлари ҳам учраган. 
Тўлов суммасини белгилашда аҳолининг имкониятлари, жамоатчилик фикрини ўрганганмиз, тегишли ташкилотлар билан келишганмиз, ривожланган давлатлар тажрибасини ҳам кўрганмиз. 
Ўзимиздан ўзимиз белгиламадик, бундан ташқари, кузатув кенгашларини ўрганишини ҳам белгилаб қўйдик. Қарор лойиҳаси муҳокамага ҳам қўйилганди. Энг яхши мактаб уйингиз ёнида жойлашгани. Ҳамма ўзининг микроҳудудида жойлашган мактабга фарзандини ўқишга берсин, ҳеч қандай пул олинмайди, мутлақо текин.

Мактабларга қабул жараёни ҳақидаги маълумотлар онлайн тарзда ота-оналар учун ОАВ орқали узатилиб, таҳлил қилиб борилади, жараён шаффоф тарзда амалга оширилади.

Мактабга қабул қилиш онлайн платформа орқали амалга оширилади 

Болаларни давлат мактабларига қабул қилишда Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилинган махсус онлайн платформа ишлаб чиқилади. Платформада умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудуддаги кўп қаватли уй ва кўча номлари, мактаб ёшидаги болалар сони, 1-синфга қабул режаси, қабул қилинган болалар сони ва бўш ўринларнинг мавжудлиги кўрсатилади. 

Ариза берувчилар давлат мактабларига йўлланма билан мурожаат қилади. Йўлланма олинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида (йўлланма билан бирга) умумтаълим муассасасига қуйидаги ҳужжатларни топширади:

- боланинг соғлиги тўғрисида тиббий маълумотнома;

- боланинг 3,5х4,5 см. ўлчамли 4 дона рангли фотосурати;

- ота-она паспорт нусхаси;

- боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси.

9 856
Инобат Аҳатова, ЎзА