Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.04.2018 17:51 Чоп этиш версияси

Дониёр ишга йўлланма олди

Дониёр Раҳмонов Тошкент шаҳридаги Инҳа университети битирувчиси. У ҳадемай қўлига мутахассислиги бўйича диплом олади. Талабалар орасида яхши хулқи ва ақл-заковати билан ўзини кўрсата олган бу ёш йигитнинг энди асосий мақсади Ватан корига камарбаста бўлишдир.

Ушбу университетда бўлиб ўтган амалиёт ва карьера ярмаркаси ишга жойлашиш учун йўлланма олган йигирма нафарга яқин битирувчи қаторида Дониёрнинг орзуларига ҳам қанот бағишлади.

– Мамлакатимизда биз, ёшлар учун барча имкониятлар муҳайё этилган, – деди у. – Замонавий ва барча қулайликларга эга олийгоҳда таълим олаётган бўлсак, энди айнан шу ердан ишга йўлланма олдик. Бугунги ярмарка нафақат битирувчилар, балки 3-курс талабалари учун компания ва ташкилотларда амалиёт ўташга ҳам катта имкон яратди.

Ярмаркада 26 компания, ташкилот ва муассаса бўш иш ўрнини таклиф этди. Тадбирда улар фаолияти ва имкониятлари бўйича тақдимотлар ўтказди, суҳбатлар уюштирилди.

Ярмаркада иштирок этаётган битирувчилар олий ўқув юртининг биринчи қалдирғочларидир. Ушбу 99 нафар битирувчи «3+1» дастури бўйича Жанубий Кореяда бир йил таҳсил олган. Бу тадбир улар учун мамлакатимизда ахборот технологиялари бозори равнақига ўз ҳиссасини қўшиш ҳамда компания ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишда яна бир имкониятдир.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
5 270