Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2017 18:06 Чоп этиш версияси

Ўқувчиларнинг дарсга тўлиқ қатнашишини назорат қилувчи «Давомат» мониторинг тизими ишлаб чиқилди

Фурқат маиший хизмат ва педагогика касб-ҳунар коллежида Фарғона вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, ички ишлар бошқармаси ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида “Давомат – таълимнинг бош мезони” мавзусида кўргазмали амалий семинар бўлиб ўтди.

Ёшлар – юртимиз келажаги, эртанги кунимиз эгалари. Уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда ўсиб-улғайиши, замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини пухта ўзлаштириши, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун имконият яратиш юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар асосини ташкил этади.

Жорий йилнинг 9 февраль куни Президентимиз раислигида ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ёшлар тарбиясидаги баъзи масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Фарғона вилоятида ҳам бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижроси тўлиқ таъминланмоқда. Профилактика куни доирасида таълим масканларида ўқувчиларнинг дарсга тўлиқ қатнашишини таъминлаш, ёшларнинг таълим-тарбияси билан боғлиқ муаммо ва камчиликларни ўз вақтида аниқлаш, бартараф этиш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини юксалтириш асосий вазифалар сифатида белгиланган.

– Вилоятда бугунги кунда 157 касб-ҳунар коллежи ва академик лицей фаолият кўрсатмоқда, – дейди ўрта махсус, касб-ҳунар таълими вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизбек Абдуллаев. –Ўтказилган таҳлиллар давомида бир қатор ўқув муассасаларидаги давомат ўртача 75 фоиз экани, ўқувчиларни таълимга тўлиқ жалб этиш ва давоматни назорат қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар кутилган самарани бермаётгани маълум бўлди. Ҳамкор ташкилотлар билан ўқувчиларнинг дарсга тўлиқ қатнашишини назорат қилувчи «Давомат» мониторинг тизими ишлаб чиқилди. «Давомат» мониторинг тизими коллежларга татбиқ этилгач, ўз самарасини бера бошлади.

Замонавий компьютер технологиялари ва интернет ёрдамида ҳар бир ўқувчи ҳақида тўлиқ маълумот, ота-онасининг телефон рақами таълим муассасаси базасида шакллантирилади. Тизимнинг қулайлиги шундаки, унда дарсга сабабсиз қатнашмаётган, кечикаётган ёки вақтидан олдин чиқиб кетаётган ўқувчиларнинг рўйхати тузилиб, бу ҳақдаги хабар онлайн режимда ота-оналарнинг қўл телефонига етказилади. Шу билан бирга, таълим муассасасидаги дарс жараёни, ўқитувчининг малакасини кузатиш, баҳолаш имкони ҳам яратилди. Ушбу тизим орқали олинган маълумотлар таҳлилидан келиб чиқиб, ўқувчиларнинг айнан қайси соҳа ёки касбга кўпроқ қизиқиши, фанларни ўзлаштириш даражасини таққослаш мумкин.

Тадбир иштирокчилари Фурқат маиший хизмат ва педагогика касб-ҳунар коллежида «Давомат» мониторинг тизими асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Тизим ўз амалий самарасини кўрсатди. Аввало, давомат тубдан яхшиланди, ўқитиш сифати ва самарадорлиги ошди. Тизимнинг афзалликлари билан танишган эксперт ва мутахассислар «Давомат»ни юқори баҳолаб, бу тизим нафақат таълим сифатини ошириш, балки ўқувчилар тарбиясини назоратга олишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 389






Все о погоде - Pogoda.uz