ЎзА Ўзбек

16.05.2019 18:53 Чоп этиш версияси

"Creative spark" дастури – талабалар ва ёш тадбиркорлар учун кенг имконият

"Creative spark" дастури – талабалар ва ёш тадбиркорлар учун кенг имконият

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 16 май куни "Creative Spark" дастури доирасидаги "Big Idea Challenge" танловининг очилиш маросими ва тренинг машғулотлари ташкил этилди.

"Creative Spark" – Ўзбекистондаги Британия кенгашининг беш йиллик дастури бўлиб, Бирлашган Қироллик ва дастурда иштирок этувчи давлатлардаги олий таълим муассасалари ўртасида халқаро ҳамкорлик билан боғлиқ мақсадларни кўзлайди. Муносабатлар негизида ижодий тадбиркорлик ва креатив иқтисодиётни ривожлантириш масаласи устувор бўлган мазкур лойиҳага Ўзбекистонда асос солинган. Ҳозирги кунда лойиҳага Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Арманистон, Грузия ва Украина ҳам қўшилган.

Олий таълим соҳасидаги ислоҳотларга йўналтирилган ушбу дастур Буюк Британия тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ёшларда ижодий тадбиркорлик кўникмаларини олий таълим жараёнидаёқ шакллантириш ва ривожлантириб боришга қаратилган.

Шу билан бирга "Creative Spark" дастури доирасида мамлакатимизда янги инновацион ва рақобатбардош корхоналар ташкил этиш назарда тутилган. Бу янги лойиҳалар, танлов иштирокчилари ғояларини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик дастурлари асосида амалга оширилади. 

Бугунги кунда дастур 10 мингдан зиёд талаба-ёшларни қамраб олган.

Тренинг машғулотларининг биринчи кунида Лондон Метрополитен университети Халқаро ҳамкорлик дастурлари бошқарувчиси Кристофер Лейн, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ўқитувчиси Мурод Исмоилов ва Вестминстер университети ўқитувчиси Виктория Левинская танлов қатнашчиларининг лойиҳаларини такомиллаштиришга қаратилган ўз таклифлари билан иштирок этди. 

Машғулотлар якуни бўйича иштирокчилар ўз лойиҳаларини танловга тақдим этиши кўзда тутилган. 

Танловда рақамли технологиялар, ижтимоий таъсир ва ижодкорлик йўналишлари бўйича ғолибликни қўлга киритган ёшларга 25 минг фунт стерлинг миқдорида грант маблағлари ва Лондонга саёҳат қилиш имконияти тақдим этилади.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА
3 462