Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2017 17:54 Чоп этиш версияси

Чет тилларни ўқитиш такомиллашмоқда

Андижон давлат университетида хорижий тилларни ўқитиш ва замонавий тилшуносликнинг долзарб масалаларига бағишланган республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган анжуманда олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, хорижий тиллар мутахассислари, ёш олимлар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида чет тилларни ўқитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чет тилларни ўқитишнинг комплекс тизими яратилди. Таълим жараёнида янги педагогик технологиялар кенг қўлланилаётгани, тажрибали ўқитувчиларнинг иш усули оммалаштирилаётгани ёшларнинг чет тилларни ўзлаштириш даражасини оширишга хизмат қилмоқда.

Анжуманда таълимнинг барча босқичида чет тилларни узлуксиз ўқитишни самарали йўлга қўйиш, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ўрганилаётган тилнинг лингводидактик ҳамда лингвокультурологик асосларини пухта ўзлаштириш, малакали мутахассислар тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар, ютуқ ва камчиликлар хусусида фикр алмашилди.

– Қарор ижроси доирасида таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқув жараёнида илғор ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Андижон давлат университети профессори Мухтор Умархўжаев. – Кадрлар малакасини ошириш, хорижий тилларни ўқитишда назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, таълим жараёнида инновацион усуллардан янада самарали фойдаланиш долзарб вазифалардан. Мазкур тадбир соҳа мутахассисларининг бу борадаги билим ва малакасини бойитишга хизмат қилади.

Чет тилларни ўқитишнинг илмий-амалий ечимларига бағишланган “Хорижий тилларни ўқитишда назария ва амалиёт уйғунлиги”, “Когнитив тилшунослик ва таржима назарияси муаммолари”, “Сўроқ гаплар тизимида риторик сўроқ гапларнинг лингвистик ва прагматик хусусиятлари” мавзуларида маърузалар тингланди. Когнитив тилшунослик ҳамда таржима назарияси бўйича шўъбалар доирасида ўтказилган машғулотлар орқали иштирокчиларга дарс жараёнида нутқ равонлигига эришиш, сўзларни танлаш, ўқувчини дарсга қизиқтириш, адабиётлардан тўғри фойдаланиш сингари қатор йўналишларда кенг тушунчалар берилди.

Тадбир доирасида хорижий тиллар бўйича талабалар ўртасида ўтказилган энг яхши иншо, энг яхши мақола, энг яхши видеоролик танловлари ғолиблари тақдирланди. Андижон давлат университети хорижий тиллар факультети талабалари томонидан рус, инглиз, немис ва француз тилларида тайёрлаган саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
3 440






Все о погоде - Pogoda.uz