Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.04.2017 17:41 Чоп этиш версияси

Болалар кутубхонаси чорлайди

Болалар кутубхонаси чорлайди Ахборот-коммуникация воситалари шиддат билан ривожланаётган XXI асрда “интернет бор-ку, кутубхона хизматидан фойдаланиш шартми...” деган гаплар ҳам қулоққа чалиниб қолади. Аслида интернет тармоғи ўзига хос кутубхона. Аммо унда фойдаланувчининг ахборот хавфсизлиги таъминланмаган. Холис бўлмаган, ёлғон, ёвузликни тарғиб қилувчи ахборотлар ҳам бор унда. Кутубхонанинг ўқувчи ахборот-маънавий эҳтиёжини қондириш борасида ўрни бошқача. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Республика болалар кутубхонаси фаолияти бунга мисол.

Республика болалар кутубхонаси 13 мингдан зиёд китобхонга хизмат кўрсатади. Зиё масканининг умумий фонди 200 мингдан зиёд китоб ва 6 минг 500 га яқин электрон адабиётдан иборат. Фойдаланувчиларнинг аксарияти мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари, коллеж ва лицейлар ўқувчиларидир. Кутубхона хизматидан ота-оналар, таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари, кенг аҳоли фойдаланмоқда.

Кутубхонанинг мактаб ёшигача ва бошланғич синф ўқувчиларига хизмат кўрсатиш бўлимидамиз. Ўқув залида 20-25 чоғли ўғил-қиз китоб мутолааси билан банд. Айримлари кутубхоначи опалари кўмагида китоб танламоқда. Ўқиган асарлари ҳақида баҳслашиб турганлар ҳам бор. Бу бўлимда боғча ёшидаги болаларни китобга жалб этиш мақсадида ўзига хос мультимедиа бурчаги ташкил қилинган. Унда кичкинтойларга миллий эртакларимиз асосида ишланган мультфильмлар намойиш этилиши билан бирга, интерфаол ўйинлар ҳам уюштирилади.

Юқори синф ўқувчиларига таълим ресурслари бўйича ахборот хизмати кўрсатиш бўлимида очиқ китоб фонди ташкил этилган. Шунингдек, алифбо ва тизимли каталоглардан фойдаланиб буюртма бериш имконияти ҳам мавжуд. Ўқув залидаги махсус жавонларда кутубхонанинг энг нодир китоблари, бадиий адабиётлар, энциклопедиялар, луғатлар, дарсликлар, газета ва журналлар тахламлари жамланган.

Ўқув залида бир ўқувчи эътиборимизни тортди. Мутолаа қилаётган китобидан завқланаётган бўлса керак, гоҳида кулиб-кулиб қўяди. Ёнига бордик. Болалар адиби Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” асарини ўқиб ўтирган болакай Мирзо Улуғбек туманидаги 64-умумтаълим мактаби ўқувчиси Козим Абдуқаюмов экан.

"Бу ерда турли хил кечалар, таниқли ёзувчилар, шоирлар, машҳур кишилар билан ҳам учрашувлар тез-тез ўтказилади", дейди у. Козим севимли адиблари Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон билан бўлган учрашувлар таассуротларини ҳам сўзлаб берди.

Кутубхонанинг маънавият, маърифат ва санъат йўналишидаги медиаресурс бўлими мусиқа, рақс, кино, театр, тасвирий санъатга оид 4 минг нусхадаги адабиётларни ўзида жамлаган. Ноталар китоблари ҳам алоҳида жавонларда жойлаштирилган. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Театр”, “Санъат”, “Саодат”, “Гулистон”, “Веселые нотки”, “Юный художник” журналлари тахламлари ҳам бор. Бўлим фаолияти доирасида юртимизнинг таниқли санъат усталари, кино актёрлари, шоирлар ва композиторлар билан учрашувлар ўтказилар экан. Энг кичик ёшдаги мактаб ўқувчилари учун “Мусиқий меҳмонхона” бурчаги ташкил этилган. Бу ерда болакайлар ўзбек ва жаҳон мумтоз мусиқаларини тинглайди, кўргазмага қўйилган мусиқа асбоблари билан ҳам танишиш имкониятига эга.

– Вазифамиз болалар ва ўсмирларнинг электрон кутубхона, интернет, китоб ва видеодан фойдаланиш маданиятини шакллантириш ва бойитишдан иборат, – дейди кутубхонанинг жаҳон ахборот ресурслари ва янги технологиялар бўлими бошлиғи Мастура Алимова. – Кутубхона фаолиятига янги технологияларни жорий этиш ва китобхонларга хизмат кўрсатишнинг янги усулларини яратиш мақсадида интернет синфи ва лингофон хонасини ҳам ташкил этганмиз. Улар DVD, эшитиш мосламалари, ясси экранлар каби аудиовизиуал аппаратлар билан жиҳозланган. Бу кўзи ожиз ва ҳаракати чекланган болалар ва ўсмирларга ҳам хизмат кўрсатиш имконини бермоқда.

Бўлимнинг барча компьютерлари интернет тармоғига уланган. Ўқув зали видеопроектор, DVD, видеомагнитофон, аудиокучайтиргич ва микрофонлар билан таъминланган. Болаларга компьютердан фойдаланиш қоидалари ўргатилмоқда. Бунинг учун “Компьютер кутубхонаси” бурчаги ташкил қилинган бўлиб, унда ахборот технологиялари, компьютер саводхонлигига оид илмий-оммабоп нашрлар, дарсликлар ва қўлланмалар жамланган.

Интернет тармоғида Республика болалар кутубхонасининг ўзбек ва рус тилларида “Kitob.uz” ва “Taqvim.uz”сайтлари ҳам фаолият кўрсатмоқда Бу сайтларнинг маълумот базаси доимий бойитиб борилади. "Kitob.uz" сайтида таниқли шоир ва ёзувчилар иштирокида ҳар ойда бир марта онлайн мулоқот ташкил этилмоқда.

Республика болалар кутубхонаси ўз нашрига эга. 2016 йилдан чиқа бошлаган «Болалар адабиёти» журнали аудиодискли иловага ҳам эга бўлиб, бунда журналхон ҳар бир сонда эълон қилинган сара ҳикоя ва эртаклар, қизиқарли маълумотлар, янги чиққан китоблар ҳақидаги хабарларни тинглаш имкониятига эгадир.

– Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ зиё масканимизда китобхонликни оммалаштириш, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини оширишга бағишлаб турли тадбирлар, акциялар ташкил этмоқдамиз, – дейди Республика болалар кутубхонаси директори ўринбосари Муқаддас Комилова. – “Энг фаол китобхон”, “Энг яхши китобхон оила” каби кўрик-танловлар шулар жумласидан. Бу тадбирларда ўзбек ҳамда жаҳон адабиётининг мумтоз ва замонавий бадиий асарларини тарғиб қилишга алоҳида эътибор берилаётир.

Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда “Тонг юлдузи” газетаси билан ҳамкорликда “Мустақиллик мадҳи болалар ижодида” республика ижодий ишлар кўрик-танлови, “XXI асрда болалар китобхонлиги” мавзуидаги илмий-амалий конференция ҳам ўтказилмоқда.

Халқаро болалар китоби куни муносабати билан ўқувчилар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, ёшларда мутолаа ва ахборот олиш маданиятини юксалтириш мақсадида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир ҳам ўқувчи-ёшларда чуқур таассурот қолдирди. Тадбирда иштирокчилар кутубхоналарда яратилган имкониятлар, дарслик ва бадиий адабиётлар, маълумотлар базаси, электрон ресурслар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди. Қизиқарли викториналар, ўйинлар ўтказилди. Тадбир доирасида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ва “Art Flex” нашриёти билан ҳамкорликда “Фарзандимга китоб совға қиламан” деб номланган китоб ярмаркаси ташкил этилди.

Мухтасар айтганда, келажагимиз ворислари бўлган фарзандларимизни ҳар томонлама етук, маънавиятли, мустақил фикрли ва юксак салоҳиятли инсонлар этиб тарбиялаш уларни китобга муҳаббат руҳида камол топтиришни талаб этади. Кутубхоналар, ахборот-ресурс марказлари бу ишда бизга асосий кўмакчидир.

Малоҳат Ҳусанова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
5 990






Все о погоде - Pogoda.uz