ЎзА Ўзбек

08.01.2018 15:05 Чоп этиш версияси

Битирувчилар доимий яшаш жойидаги тиббиёт муассасаларида иш бошлайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Тошкент тиббиёт академияси ва Тошкент педиатрия тиббиёт институтида Тошкент вилоятидан келиб таҳсил олган битирувчиларни амалиётга кузатиш тадбири бўлиб ўтди.

Тошкент тиббиёт академиясининг бакалавриатура босқичини тамомлаган 62 нафар, клиник ординатурани тугатган 9 нафар, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг 39 бакалавриат ва 16 нафар клиник ординатура битирувчилари доимий яшаш жойидаги тиббиёт муассасаларида иш бошлайди.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Президентимиз раҳнамолигида юртимиз тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар ечимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи тизимида кадрлар тақчиллиги сезилмоқда. Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда 11 мингдан зиёд тиббиёт соҳаси мутахассисларига эҳтиёж мавжуд. Шу сабабли Президентимиз ташаббуси билан бирламчи тизимда кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида 2018 йил 3 мингдан зиёд бакалавриат битирувчисининг қарийб 80 фоизи бирламчи тизимга жалб этилди.

Жорий йил тиббиёт олий таълими муассасаларининг битирувчилари ва клиник ординаторларининг ҳудудлар кесимида манзилли рўйхати шакллантирилди. Халқимиз манфаатини кўзлаб қилинган ушбу ҳаракатлар кадрлар сифатига таъсир қилмаслиги учун улар мутахассислик бўйича пухта тайёрланди. Шунингдек, 2018 йил январь ойининг биринчи ўн кунлиги давомида барча ишга йўлланиши лозим бўлган битирувчилар ўртасида якуний давлат аттестациялари ўтказилди. Ёш мутахассислар 2018 йилнинг 8 январидан бошлаб ўз иш жойларида фаолият бошлаши учун уларни уй-жой билан таъминлаш масалалари бўйича барча зарур чоралар амалга оширилди.

Ўтказилаётган ушбу амалий саъй-ҳаракатлар натижасида истиқболда умумий амалиёт шифокорлиги бўйича бўш ўринлар 88 фоиз, тор мутахассисликлар бўйича эса 55 фоиз қопланиши кутилмоқда.

Айни кунларда тиббиёт кадрларига эҳтиёж юқори бўлган ҳудудларга ишга йўлланувчи битирувчилар, клиник ординатор мутахассисларга тиббиёт таълимини тугатганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар топширилиши ва жойларга кузатиш маросимларига катта тайёргарликлар кўрилмоқда. Битирувчиларнинг жорий йил 20 январга қадар иш бошлашлари учун барча шароит яратилган.

Улуғбек Асроров, ЎзА
10 410