Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.09.2017 13:02 Чоп этиш версияси

Бибихон халқаро танлов ғолиби бўлди

Мурғак қалбларга ширин калом ўргатиб, одоб-ахлоқдан сабоқ берувчи муҳтарам устозларнинг касб байрами яқинлашмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани халқ таълими тизими ходимлари ҳам ушбу санага пухта ҳозирлик кўраётир.

Байрам тадориги бошланиб кетган шу кунларда тумандаги 1-умумтаълим мактаби рус тили ва адабиёти ўқитувчиси Бибихон Сейтназарова 6-11 сентябрь кунлари Москва шаҳрида ўтказилган халқаро Пушкин танловининг ғолибларини тақдирлаш маросимида иштирок этиб қайтгани ҳақида хушхабар тарқалди.

Халқаро миқёсда педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва тажриба алмашишга йўналтирилган ушбу маҳорат кўригида ғолибликни қўлга киритган дунёнинг 48 мамлакатидан 50 дан зиёд ўқитувчи муносиб тақдирланди.

Ушбу нуфузли халқаро танлов жорий йилнинг февраль ойида интернет орқали ўтказилиб, ғолиблар номи июнь ойида эълон қилинган эди.

–Ўзбекистондан танловда ғолиб бўлган 4 ўқитувчи Франция, Италия, АҚШ, Австралия каби давлатлардан ташриф буюрган ҳамкасблар билан ўзаро тажриба алмашдик, – дейди Б.Сейтназарова. – Рус тилини яхши билганимиз туфайли бир-биримизни тушуниш осон бўлди. Ҳеч қийналмасдан таълим жараёнидаги илғор технологиялар, тажрибалар ҳақида фикр алмашдик. Ўзбекистонлик ўқитувчи-устозлар ҳам ҳеч кимдан кам эмаслиги, аксинча, шундай нуфузли тадбирларда муваффақиятга эриша олишини намоён қилди. Пушкин номидаги Москва давлат рус тили ва адабиёти институтида қисқа муддатли малака ошириш курсида қатнашиб, сертификат олдим. Танлов ғолиблари Москва шаҳар мэри қабулида бўлди, диплом ва пул мукофоти билан тақдирланди. 9 сентябрь куни шаҳарнинг 870 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбирда иштирок этдик. Россия давлат академик театрида “Қирол Лир” спектакли намойиш этилди, турли кўргазмалар, концерт дастурлари ва учрашувлар ўтказилди. Академик лицейларда ўтказилган очиқ сабоқларда иштирок этиб ўзаро тажриба алмашдик.

Тахтакўпир туманида мавжуд 23 та умумтаълим мактабида таҳсил олаётган 6 мингга яқин ўқувчига Бибихон Сейтназарова каби 856 нафар тажрибали ва фидойи устозлар таълим-тарбия бермоқда. Жорий ўқув йилида улар сафига яна 45 нафар ёш педагог қўшилди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
1 632






Все о погоде - Pogoda.uz